Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:02

"Намоз ўқиганни қийноққа солишади"


Ўзбекистон қамоқхоналарида саждага эгилган бош ҳам жиноят исботи деб кўрилади¸ дейди ҳуқуқ фаоллари.
Ўзбекистон қамоқхоналарида саждага эгилган бош ҳам жиноят исботи деб кўрилади¸ дейди ҳуқуқ фаоллари.

"Ўзбекистон қамоқхоналарига имом ёки насроний руҳонийлар киритилмайди. Киритилган тақдирда ҳам¸ уларнинг маҳбуслар билан ёлғиз суҳбатлашишига рухсат берилмайди."

Диний эркинликларни ҳимоя қилувчи Форум 18 ҳалқаро ташкилотининг Ўзбекистон қамоқхоналаридаги эътиқод эркинлиги вазияти юзасидан ўтказган сўнгги тадқиқоти хулосаси шундай.

Форум 18 ташкилоти таҳлилчиси Феликс Корлига кўра, Ўзбекистон қонунларида маҳбусларнинг виждон эркинлиги кафолатланган бўлса-да, амалдаги вазият бунинг бутунлай аксидир.

- Маҳбуслар имом ёки руҳонийлар билан учрашиш имкониятидан маҳрумдир. Имом ёки насроний руҳонийси қамоқхонага киритилган тақдирда ҳам уларнинг маҳбус билан алоҳида суҳбатлашишига рухсат берилмайди, дейди Феликс Корли.

Кузатувларга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарига насроний руҳонийлар деярли киритилмайди. Лекин имомларнинг диний мотивлар билан қамалган маҳбусларни “адашган йўли”дан қайтариш учун ваъз ўқишга қамоқхоналарга киритилиш ҳолатлари учраб туради¸ дейди ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова маҳаллий имомлардан бирининг Қаршидаги қамоқхона маҳбуслари билан бўлган шундай учрашувларидан бирига тўхталади.

- Қамоқхонага имомни чақириб¸ 159-модда билан қамалганларни ҳовлининг ўртасига териб ваъзхонлик бўлаëтган пайтда¸ маҳбуслар томонидан ўзларининг мусулмонликлари учун қамалиб¸ мана шундай азобга йўлиқаëтганлиги тўғрисида саволлар берилган. Ана шу савол берилган пайтда¸ имомга жавоб бердирмасдан¸ имомнинг кўз олдида маҳбусларни калтаклашган. Кейин маҳбуслар ўша куниëқ Жаслиқ колониясига этап қилинган, дейди Васила Иноятова.

Феликс Корлига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар учун Қуръонни ёки Библияни сақлаш ёки ўқиш имкони йўқ.

- Маҳбус насроний бўладими ёки мусулмонми¸ бундан қаътий назар¸ улар учун ибодат қилиш имкони ҳам деярли йўқ бўлиб, агар маҳбус ибодат қилаётган пайтида ушлаб олинса, у албатта¸ жазога тортилади.

Агар мусулмонлар Рамазон ойида рўза тутишса, уларни жазо изоляторларига ташлаш ҳолатлари ҳам тез- тез кузатилади. Ёки рўза тутган маҳбус аёвсиз калтакланади. Рамазон ойида маҳбуслар учун шу каби бошқа жуда кўплаб жазо турлари қўлланилади. Биз бу ҳолатларни Форум 18 томонидан ўтказилган тадқиқот давомида аниқладик, дейди Феликс Корли.

Ўзбекистон қамоқхоналаридаги аҳволдан яхши хабардор бўлган собиқ маҳбуслардан бири сирдарёлик Карим Бозорбоев 2008 йилнинг бошида озодликка чиққан.

Карим Бозорбоев: Ховосдаги 13 сонли ҳибсхонада бўлдим. Мен ҳибсхонада Қуръон ëки Библия ўқиган маҳбусни кўрмадим. Лекин қонун китобларини ўқирдик. Меҳнат кодекси¸ Фуқаролик кодексини кутубхонадан ўзларимиз талаб қилиб олардик ва олиб келиб беришарди. Мисол учун¸ битта хонада 10-12 кишигача турган бўлсак¸ ичимизда битта-иккита намозхонлар бор эди. Лекин улардан бирортаси диний китобларни сўрагани йўқ.

Озодлик: Бу уларнинг китоб ўқишни хоҳламаганликлариданми ëки қўрқувданми?

- Намоз китобларни сўраш учун ҳам юракда қўрқув бор эди. У ерда нафақат сўраш¸ ҳатто у ерда намоз ўқиëтган пайтда назоратчилар келиб қолса¸ намоз ўқиётган маҳбус намозини бузиб юборарди. Таъқиқланган бўлмаса ҳам хуфия таъқиқланган эди. Яъни қонун остидаги қонун эди¸ дейди Карим Бозорбоев.

Тошкентлик Насиба Эшмуҳаммедованинг 37 ёшли ўғли Суннатилла Эшмуҳаммедов етти йилдан буён Жаслиқдаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётир.

Насиба ая Озодлик билан суҳбатда Жаслиқ қамоқхонасида ўғли сингари диндор маҳбусларга нисбатан тазйиқ ва босимлар бўлиши ҳақида гапиради.

Насиба Эшмуҳаммедова: Булар эрталаб бомдодга тургандан кeйин қоровуллари секин текшириб ўтар экан. Агар шунда кимдир намоз ўқиëтган бўлса¸ “Ҳамманг тур ўрнингдан. Сафга тур” дер экан.

Озодлик: Намоз ўқиëтган пайтидами?

Насиба Эшмуҳаммедова: Ҳа. Намоз ўқиëтган одам сафга тура олмайдику. Кейин “Нимага сен сафга тур деганда турмадинг?” деб тазйиқ ўтказаркан.

Озодлик: Улар энди намоз ўқишга рухсат бермаяптими?

- Ўқишга рухсат берган билан намоз ўқиётган пайида келиб “туриб ўқи дейди¸ туриб ўқиса¸ ўтириб ўқи” дейди. Шунақа экан¸ дейди Насиба Эшмуҳаммедова.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятова Ўзбекистоннинг Жаслиқ, Бектемир ва Қарши қамоқхоналаридаги диндор маҳбусларга нисбатан аҳволни шахсан кузатиш имконига эга бўлган.

- Учала қамоқда ҳам ибодат қилиш учун хоналар ажратилганига¸ у ерда таҳоратхоналар бўлганига қарамасдан маҳбусларнинг бирортасига ҳам ибодат қилишга йўл берилмайди. Аксинча¸ ибодат қилувчиларга нисбатан жуда ҳам ëмон муносабатда бўлишади. Ҳаттоки¸ рўза кунлари¸ айниқса Ҳайит арафаларида айнан мусулмонларнинг рўза тутганлиги¸ намоз ўқиганлиги учун қийноққа солинган ҳолатлари бўлган.

Ўта диндор бўлган христианларга нисбатан ҳам камситувчи¸ ҳақоратловчи муносабатда бўлишганига гувоҳ бўлганман. Мана шу муносабатлар устидан хатлар¸ шикоятлар қилганимизга қарамасдан бирор бир қамоқхонада бу вазият ўзгаргани йўқ. Бу нарса кундан кунга даҳшатли тус олиб кетмоқда, дейди Васила Иноятова.

Ўзбекистон қамоқхоналарининг матбуот учун ёпиқ ҳудуд бўлгани боис мавзу юзасидан мутасаддилардан бирорта маълумот олиш имкони йўқ.

Форум 18 Ўзбекистон қамоқхоналаридаги диний масалалар бўйича ўтказилган тадқиқот давомида ўзбек расмийлари билан ҳам боғланган. Феликс Корлига кўра, ўзбек расмийлари мамлакат қамоқхоналарида маҳбуслар учун виждон эркинлиги тўла таъминланганини таъкидлашган.
XS
SM
MD
LG