Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:50

Номзодлар пўписага ўтди


Шу кунда бир-бировига пўписа қилаётган Қурмонбек Бакиев ва Алмазбек Атамбаев яқиндагина битта команда бўлиб ишлагандилар.
Шу кунда бир-бировига пўписа қилаётган Қурмонбек Бакиев ва Алмазбек Атамбаев яқиндагина битта команда бўлиб ишлагандилар.

Қирғизистондаги сайловларга икки кун қолганида президентликка асосий даъвогарлар – амалдаги президент Бакиев ва мухолифатчи номзод Атамбаев ўртасида билвосита “дўқ-пўписа ўйини” бўлиб ўтди.

Алмазбек Атамбаев ўз пўписасини рақибига қирғиз матбуоти орқали етказган бўлса, Қурмонбек Бакиев бу пўписага ЕХҲТ вакили билан учрашув ўтказиш воситасида жавоб йўллади.

Қирғизистон президенти ва айни пайтда президентликка номзод Қурмонбек Бакиев Европада xавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг сайловларни кузатиш миссияси раҳбари Радмила Шекеринска билан учрашуви чоғида мамлакатда беқарор вазият пайдо бўлишига йўл қўйилмаслигини билдирди.

- Мамлакатда очиқ ва адолатли сайлов ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Шунинг учун вазиятни издан чиқаришга қаратилган ҳар қандай тартибсизликлар қонун доирасида бостирилади, биз мамлакатда беқарорлик пайдо бўлишига йўл қўймаймиз, деди президент.

Бакиев бу гапни Радмила Шекеринсканинг “кейинги пайтда мухолифат лидери Алмазбек Атамбаев чиқишларининг оҳанги ва характери кескин ўзгариб қолгани” ҳақидаги саволига жавобан айтди.

Бундан олдинроқ эса президентликка номзод Алмазбек Атамбаев қирғиз матбуоти орқали президент Бакиевга пўписа қилгандек бўлган эди.

- Халқ бу катта сел. У бир кўчага чиқса, уни ҳеч ким тўхтата олмайди. Шунинг учун ҳам биз бирорта овозни ўғирлатмаймиз. Биз сайлов натижаларини ҳам кутиб ўтирмаймиз. 23 июл куни кеч соат саккиз яримда овоз бериш якунлангач, парламент олдидаги майдонда, халқ олдида “Биз ютдик” деб, ғалабамизни эълон қиламиз, деган эди Алмазбек Атамбаев Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган суҳбатида.

Мухолифат номзоди ўз суҳбати давомида “Агар ҳукумат халққа қарши куч ишлатишни ўйлаётган бўлса, Румин мустабиди Чаушеску тақдирини эсласин. Ўз халқига қарши чиққан мустабид охир-оқибат халқ томонидан дорга осилган эди”, деган сўзларни ҳам айтган эди.

Айни пайтда Атамбаев нафақат қирғиз ҳукуматини, балки милицияни ҳам мана шу тарзда огоҳлантирган. Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Алмазбек Атамбаевнинг бундай огоҳлантирувини милиция тизимини ҳақорат қилганлик сифатида баҳолаб, Бош прокуратурага ариза топширганлар.

- Бишкек шаҳри, Талас ва Ўш вилоят ички ишлар ходимлари Бош прокуратурага махсус мактуб юборганлар. Унда Алмаз Атамбаев милиция шаънига ҳақорат гаплар айтганлиги билдирилган. Ички ишлар ходимлари Бош прокуратурадан президентликка номзоднинг ҳақоратларига юридик баҳо берилишини талаб қилишмоқда, деди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Бақит Сейитов.

Шу билан биргаликда, Ички ишлар вазирлиги расмийси мамлакат милицияси кучайтирилган тартибда ишлашга ўтгани ҳамда сайлов кунлари ҳар қандай ноқонуний чиқишларнинг олди олинишини маълум қилди.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар фикрича, мухолифат лидери ва президент ўртасидаги бу каби “билвосита пўписа қилишлар”, қирғиз милициясининг Атамбаевга қарши бўлиб қолгани сайловнинг эртаси куни мамлакатдаги вазият кескинлашувидан дарак беради.

Қирғизистон парламенти депутати Бақит Бешимов фикрича, вазиятнинг кескинлашувига Марказий сайлов комиссиясининг ноқонуний ҳаракатлари сабаб бўлиши мумкин.

- Марказий сайлов комиссиясининг ўзи одамларни оммавий тартибсизликлар уюштиришига туртки бермоқда. Бизга минглаб одам: “Нега бизни фақат бир номзод, яъни Бакиев учун овоз беришга мажбур қилмоқдалар?” дея шикоят қилмоқда.

Айни пайтда Қирғизистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Қурмонбек Бакиев Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг сайловларни кузатиш миссияси раҳбари Радмила Шекеринска билан учрашуви чоғида “сайловлар тинч ва барқарор вазиятда ўтишига ишониши”ни айтиб ўтди.
XS
SM
MD
LG