Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:39

Қирғизистон қора рўйхатда


Қирғизистондаги сўз эркинлиги даражасини ўрганган халқаро ташкилотлар бу мамлакатнинг нисбатан эркин мамлакат сифатидаги рейтингги йилдан-йилга пастлаб бораётганини айтмоқдалар.
Қирғизистондаги сўз эркинлиги даражасини ўрганган халқаро ташкилотлар бу мамлакатнинг нисбатан эркин мамлакат сифатидаги рейтингги йилдан-йилга пастлаб бораётганини айтмоқдалар.

Press Emblem Campaing халқаро ташкилоти Қирғизистонни биринчи марта журналистлар фаолияти учун хафли бўлган дунë давлатлари рўйхатига киритди.

Press Emblem Campaing халқаро ташкилоти маълумотига кўра, 2009 йил бошидан бери дунёда 59 журналист вафот этган.

Улардан энг сўнггиси, шу йилнинг 15 июл куни Шимолий Кавказда ўлдириб кетилган россиялик журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Наталя Эстемировадир.

Маълумотда айтилишича, Ғазо минтақаси, Ҳондурас, Колумбия, Афғонистон, Гватемала, Непал, Шри Ланка, Венесуэла, Ҳиндистон, Индонезия, Кения, Мадагаскар каби давлатлар билан бир қаторда Қирғизистон ҳам журналистлар фаолияти учун хавфли бўлган давлатлар рўйхатидан ўрин олган.

- Сўнги пайтларда журналистларни калтаклаш, уларга босим кўрсатиш, ҳаттоки журналистлар жонига қасд қилиш ҳолатлари қайд этилди.

Ўшда 2007 йили таниқли журналист Алишер Соипов отиб кетилган эди. Бир ой олдин эса журналист Алмаз Ташиев милиция ходимлари томонидан калтакланиб ўлдирилди.

Шу сабабли Қирғизистонда журналист бўлиш жуда хавфлидир, дейди бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова Press Emblem Campaing тарқатган маълумот ҳақида фикр билдирар экан.

Қирғизистондаги оммавий ахборот воситаларига билдирилган шикоятларни ўрганиш комиссияси раиси Александр Кулинский ҳам ҳуқуқ ҳимоячисининг фикрига қўшилади.

- 2005 йилдан бери биз турли муаммоларга дуч келаяпмиз. Натижада журналистлар митинг ёки оммавий тадбирларни ёритишдан чўчийдиган бўлиб қолишди.

Журналистларнинг бундай вазиятларда бўладиган таҳдидлардан ҳимоя қилинмагани билиниб қолди.

Қирғизистонда журналистлик энг хавфли касблардан бири, деб айтиш мумкин, дейди Александр Кулинский.

2005 йилги март инқилобидан сўнг Қирғизистонда бир қатор журналистлар касбий фаолияти сабабли тазйиқ қилингани, калтаклангани туфайли мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдилар.

2009 йил бошидан то шу кунгача бўлган қисқа муддат ичида журналистлар Сирғақ Абдилдаев, Улуғбек Бабақулов, Елена Агеева, Баҳодир Кенжабоев ва Абдуваҳоб Мўниевлар калтакланиб кетилди.

Қирғизистон парламенти депутати Бегали Нарғўзиев журналистлар калтакланишининг сабаблари аниқланмагунига қадар бу воқеаларга сиёсий баҳо бериб бўлмайди, деган фикрда.

- Биз сўнгги пайтларда журналистларни калтаклаб кетиш ҳоллар кўпайгани тўғрисидаги хабарларни кўп эшитяпмиз. Бироқ улар айнан сиёсий сабаблар туфайли калтаклангани тўла исботланмаган.

Масалан, Ўшда бир мухбирни калтаклаб кетишди, охирида уни калтаклаган одамлар оддийгина ўғрилар бўлгани аниқланди. Бишкекда ҳам бир қатор журналистлар калтакланди.

Албатта, бу ёмон кўриниш, бироқ ҳозирча уларнинг калтакланиши сиёсат билан боғлиқлигини ҳеч ким исботлаб бера олмади, дейди депутат.

Мамлакатдаги айрим сиёсатчилар Қирғизистон эндигина демократик ривожланиш йўлига тушгани, шу сабабли бу давлатдан Ғарб демократияси стандартларини талаб қилиш тўғри эмаслигини айтмоқдалар.

Бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячилари эса “Қирғизистон Марказий Осиё давлатлари орасида нисбатан демократик мамлакат сифатидаги нуфузини йўқотиб бораётир”, деган фикрдалар.

Шу сабабли Қирғизистон фуқаровий жамияти халқни сергак бўлишга, ўз ҳуқуқлари учун курашишга даъват этмоқда.
XS
SM
MD
LG