Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:45

Мулоқот давом этмоқда


Европа Иттифоқига раислик навбатини олган Швеция ҳукумати¸ Марказий Осиëга ҳамкорлик истиқболига эга минтақа сифатида боқмоқда.
Европа Иттифоқига раислик навбатини олган Швеция ҳукумати¸ Марказий Осиëга ҳамкорлик истиқболига эга минтақа сифатида боқмоқда.

Европа иттифоқига раислик қилиш навбатини олган Швеция ҳукумати ташаббуси билан¸ 28 июл куни иттифоқ “тройка”си Тошкентда Ўзбекистон расмийлари билан сўзлашув бошлади.

Европа Иттифоқи “Тройка”си иттифоқнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел, Швеция Ташқи ишлар вазирлигининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича мутасаддиси Малеана Мод, Европа Иттифоқи комиссиясининг мутасаддиси Гуннар Бирант ва Швеция элчиси Ханс Улшонлардан таркиб топган.

Илк бор ушбу сафар жорий ой бошида Европа Иттифоқига раислик қилиш навбатини олган Швеция етакчилигида амалга оширилмоқда. Европа Иттифоқининг махсус вакили Пьер Морел Тошкент учрашувлари одатий тусда ўтаётганини айтди.

- Ҳар доимгидай Ташқи ишлар вазири ва Ташқи иқтисодий алоқалар вазири билан учрашамиз ва бу гал Швециянинг Марказий Осиё бўйича дастурини муҳокама этамиз¸ дейди Пьер Морел.

Европа Иттифоқига раислиги даврида Швециянинг Марказий Осиё бўйича режалаштираётган асосий тадбири сентябр ойида Брюсселда ўтказилади.

Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларини бу йиғинга бирма-бир таклиф этиб чиқаётган Швеция томони биргаликда жаҳон молиявий бўҳрони ва инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама этишни режалаштирмоқда.

Бугунги Тошкент сўзлашувлари диққат марказидаги масалалар Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясидан четга чиқмайди, дейди Швеция Ташқи ишлар вазирлиги мутасаддиси Ян Нюберг.

- Биз Европа Иттифоқига раислигимиз даврида Ўзбекистон бўйича дастуримизни тақдим этамиз. Ўзбекистон билан ўтказиладиган ҳамкорлик анжумани ва Марказий Осиё стратегияси юзасидан фикр алмашамиз. Афғонистон хавфсизлиги каби минтақавий масалаларга тўхталамиз. Инсон ҳуқуқлари масаласи ҳам сўзлашувлар диққат марказида бўлади¸ дейди Ян Нюберг.

Европа Иттифоқи расмийлари инсон ҳуқуқлари масаласини расмий Тошкент олдига қанчалик қатъий қўйишини швед дипломати айтгани йўқ. Аммо Стокҳолм расмийлари октябр ойида Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкцияларни қайта кўриб чиқиш жараёнига Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлаётир.

- Олға қадам ташланганининг айрим нишоналарини кўраяпмиз, аммо ҳамон қилиниши лозим бўлган ишлар қолиб кетаяпти. Ўзбекистон томонидан вазиятни яхшилаш томон яна ҳаракат бўлишини кутиб қоламиз¸ дейди Швеция Ташқи ишлар вазирлигининг Марказий Осиё масалалари бўйича мутасаддиси.

Жорий ой бошидан буён Марказий Осиё ва Кавказ давлатларига бирма-бир ташриф буюраётган Европа Иттифоқи дипломатлари йўл-йўлакай ҳар бир давлатда рўй бераётган ўзига хос воқеалар ривожига дуч келмоқда.

Икки ҳафта аввал “Тройка” нинг Душанбе сафари Тавилдарадаги ҳарбий амалиётларга, Бишкек сафари эса президентлик сайловлари арафасидаги машмашаларга тўғри келди.

Европа Иттифоқи делегацияси 29 июл куни кечқурун Ашхободга ҳам сафар қилади. Ушбу сафар эса Ашхобод ва Боку ўртасида Каспий денгизи заҳиралари устидан тортишувлар яна авж олган вақтга тўғри келмоқда.
XS
SM
MD
LG