Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:29

Эркин микрофон


Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!
Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS хабарлари йўлланг - Озодликнинг эркин микрофони Сиз учун ҳам очиқ!

Озодликка тингловчи ва муштарийлардан бўлаëтган қўнғироқлар¸ йўлланаëтган SMS хабарлар асносидаги суҳбатларда яна турфа мавзулар¸ турфа мулоҳаза ва истаклар жамланди.

Қишлоқ тараққиётими ё қишлоқ хароблиги?

Ўзбекистонда 2009 йил "Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" деб эълон қилинган. Қишлоқ аҳолиси президентнинг бу қароридан сўнг анча хурсанд бўлган эди. Бироқ Озодликка келаëтган қўнғироқларидан маълум бўлишича, йилнинг бундай дабдабали номланиши¸ унинг 7 ойи ожтиб ҳам¸ аксарият қишлоқларда ҳамиша долзарб бўлган ичимлик сув муаммосига ечим топишга туртки бўлмаган.

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидан бўлган қўнғироқ соҳиби Қишлоқ тараққиёти йилида туман қишлоқларида ҳеч қандай ўзгариш бўлмаганини айтади:

- Биз Қўшкўпир туманидан. Сув бор. Сув насослари генератор билан ишлайдику. Ана шу генератор учун маҳалладан ток пули йиғиб чиқади. Лекин боғларимиз сув ичдими ëки йўқми¸ буни ҳеч ким текширмайди. Насосларимиз эскириб қолган. 1965-1970 йиллардан қолган трубалар чириб кетган. Маҳаллани суғоришдан қийналамиз.

Озодлик: Сувни қаердан ичаяпсизлар ҳозир?

- Сувни ер остидан крант орқали ва кичкина Кама насослари орқали ичиб ўтирибмиз.

Озодлик: Ичимлик сувими?

- Йўқ¸ бу оқава сув. Фермерларда бор¸ лекин улар чеклаб қўйган. Ўзининг еридан ташқарига чиқармайди.

Озодлик: Ичадиган сувни ҳозир қаердан оласизлар? Ташиб олиб келасизларми ëки водопроводдан чиқадими?

- Водопровод ишламайди. Ўзимизнинг ер крантимиз бор. Шундан оламиз. Боғларни ҳам шу билан суғорамиз. Бу сув лекин яхши эмас. Деҳқончиликка ярамайди. Қаттиқ сув бу.

Озодлик: Ичимлик сувини қаердан оласизлар?

- Ичимлик сувини ҳеч қаердан олмаймиз. Шу крантдан оламиз.

Озодлик: Бу сув ичишга яроқлими?

- Аслида яроқсиз¸ ичиб бўлмайди.

Озодлик: Қандай ичасизлар бўлмаса? Қайнатиб ичасизларми?

- Ҳа¸ қайнатиб ичамиз. Водопроводларимиз бор¸ лекин ишламай ëтибди. Бу билан ҳам ҳеч ким қизиқмайди. Ҳаммаси бориб пулга тақалади¸ дейди қўшкўпирлик бу бу суҳбатдош.

Асли Бухоронинг Жондоридан¸ ҳозирда эса Россияда муҳожирликда юрган навбатдаги суҳбатдошимизнинг айтишича, Бухородаги қишлоқлар аҳолиси ҳам ичимлик сувни қудуқларга йиғиб¸ истеъмол қилишаётган экан:

- Бу йил “Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили” деб эълон қилинди. Дастур ҳам ишлаб чиқилган. Лекин амалиëтда ҳеч нарса йўқда. Мана “қишлоққа 100 фоиз водопровод суви ўтказилди” деган қоғознинг юқорига кетганига анча бўлди. Лекин сувни олиб келиб¸ бир қудуқ қилганмиз¸ қудуққа солиб ичамиз. 15-20 кунлаб туради бу сув. Ëз ойида бу сув бузилиб кетади. Ичишга яроқсиз бўлиб қолади. Лекин водопровод ўтган¸ кўчалар асфалт бўлган деган қоғозлар кетган. Ëлғонда булар ҳаммаси.

Озодлик: Сизларга “Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили”нинг шабадаси ҳам етиб келмадими?

- Йўқ. Масалан¸ сув масаласи оғир. Сувни етказиб берса¸ “Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили”га ўз ҳиссамизни қўшиб¸ ўша ерда қолиб деҳқончилик қилишимиз мумкин эди. Лекин биз мажбурликдан мана шу ерга келиб¸ мардикорлик қилиб юрибмиз.

Озодлик: Мана сиз ҳозир Россияда экансиз. Балки водопровод ўтгандир? Сиз хабарсиз қолгандирсиз?

- Йўқ. Мен уй билан ҳар икки кунда бир марта телефонлашиб тураман¸ дейди Россияда мардикорлик қилаëтган жондорлик суҳбатдош.


"Ўзбекистонда тадбиркорга кун йўқ"

Бу гапни Озодликка қўнғироқ қилган навбатдаги суҳбатдошимиз андижонлик Бахтиёр акадан эшитдик.

Суҳбат асносида Бахтиëр ака ўзини хусусий тадбиркорликни ташлаб, Россияга мардикор бўлиб кетишга мажбур қилган сабабларни ҳикоя қилди.

Бахтиëр ака: Ўзимнинг маиший хизмат кўрсатадиган дўконим бор эди. Шаҳар электросетидан келади. “Ҳа яхши” деб¸ бир-икки сўмини бериб жўнатамиз. Орқасидан “вилоят электросетиданмиз” деб яна келади. “Кеча келишдию” десам¸ “Улар бошқа” дейди. Яна “Шаҳар ҳокимиятиданмиз¸ фалонча бўлимиданмиз” деб келади. Уни кузатамиз. Уни кузатганингиздан кейин маҳалла комитетидан келади. Унинг орқасидан участка нозири келади. Унинг орқасидан “табиатни муҳофаза қилиш” деб биттаси келади. Унинг орқасидан санэпидстанция келади. Умуман¸ нима деса бўлади¸ бош кўтариб бир нима қилишнинг иложи бўлмай қолди. Ўзимизнинг ватанимизда ишлаб¸ куч-қувватимизни ватанимизга сарфласак¸ анча яхши бўлар эди. Шулардан безор бўлиб¸ сотиб қутулдим. Келиб шу ерларда қурилишларда ишлаб юрибмиз.

Озодлик: Дўконингизда нима сотардингиз? Қанақа дўкон эди?

Бахтиëр ака: Хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича эди. Жуда ҳам қийналиб. Қўлимда беш-олтита бола ишлар эди. Уларнинг ҳам ризқи қирқилди. Охири безор бўлганимдан сотдимда.

Озодлик: Ўзбекистонда ҳозир “Тадбиркорликни ривожлантириш¸ кичик бизнесни ривожлантириш” ҳақида кўп гапирилаяпти. Ҳужжатлар ҳаммаси тўғри бўлса¸ электросетдан келса¸ пулини тўлаган бўлсангиз¸ яна нима учун бунга пул бериш керак? СЭСдан келса¸ ҳамма ëқ тоза бўлса¸ нимага уларга пул беришингиз керак? Нимага ўз ҳуқуқингизни талаб қилмадингиз?

- Кимдан талаб қиласиз? Сиз Ўзбекистонда бир дўкон очиб¸ савдо иши билан шуғулланиб кўринг¸ биласиз. Ҳамманинг дарди ичида. Кимга айтасиз дардингизни? Бу ҳаммаси қўштирноқ ичида. Ошхона очадиган бўлсангиз¸ биринчи ўринда газдан келади¸ участка нозири билан налогдан келади. Хуллас у келади¸ бу келади. Қўйилаëтган таърифлар ҳам жуда баландда. Электр ҳам фалон сўм. Умуман бир қопламайдиган даражада. Безор қилиб ташлашадида. Иложи йўқликдан рус ўлкасига келиб оласизда. Яхшиям рус ўлкаси бепоëн экан¸ ишлаб юрибмиз. Агар булар ҳам бизни қисадиган бўлса¸ биз қаерга бориб ишлаймиз¸ дейди андижонлик Бахтиёр ака.

Россияда мардикорлик қилаëтган қашқадарёлик Шуҳрат эса, ўз тенгқурларига мурожаат қилиб, мусофирлик тўнини кийиш¸ Россияга келишдан олдин рус тилини ўрганишни маслаҳат беради:

- Ўзбекистондагиларга менинг фикрим шу: Россияга келишдан олдин ўз фикрини режалаштирсин. “Мен Россияга кетаяпман. Русчани ўрганишим керак. Бировнинг қўлига қарам бўлишим мумкин” деб ўйлаши керак. Тоға-поға¸ қариндош-уруғ ҳеч нарса ўтмайди. Ҳар ким ўз фойдасини ўйлайди. Демоқчиманки¸ ҳар бир ëш бола ўзини ўйласин. Ўзининг шахсий фикри бўлсин. Россияга кетаяптими¸ русчани ўргансин. Масалан¸ бизлар ўз хатоларимизни излаб топишимиз керак. Ўзбекистонда қанча ерлар бўш ëтади. У ерда ҳеч ким ишламайди. Ҳар битта хонадонда камида 10-15 та товуқ боқса бўлади. Фақат “аҳволимиз ëмон” дейиш яхши эмас¸ дейди Шуҳрат.

Пора билан туғилган болалар

Ўзбекистон туғруқхоналарида соғлом бола туғилишининг ўзи ҳам катта пулга боғлиқ бўлиб қолди, дейди 31 июл куни Озодликка сим қоққан қаршилик Ойбек.

Ойбек: Туғруқхоналарга борсангиз¸ 400-500 минг сўм пулингиз бўлмаса¸ бўлмайди. Касалхоналар ҳам шундай. Бирорта бола туғиладиган бўлса¸ ҳали туғилмасидан олдин кераксиз нарсаларни ҳам ëзиб бераверади. Туққандан кейин 20 таси “суюнчи” деб қўл узатади.

Озодлик: Қанчадан олади улар?

- Қўлингиздан 300-400 минг сўмни олиб кетади. Агар бермасангиз¸ қарашмайди. Туғруқхонадан чиққандан кейин “микроб тушди” ¸деб яна касалхонага чопишингиз керак¸ дейди Ойбек.

" Ўзбекистонда пули йўқ одамнинг касалхонага бориб ётиши шарт эмас. Гарчи Ўзбекистонда даволаниш расман текин деб айтилса-да, амалда ҳаммаси пулга боғлиқ бўлиб қолди", деб хулосалайди ўзини Озодликка мурожаат қилишга ундаган вазиятни қаршилик суҳбатдошимиз.

Азиз муштарий! Озодлик радиосининг эркин сўз микрофони сизлар учун доим очиқ. Марҳамат¸ +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилинг, SMS орқали хабарлар йўлланг.

XS
SM
MD
LG