Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:53

"Она емагини яхшилаш зарур"


Ўзбекистонда 3 августдан бошлаб болани кўкрак сути билан озиқлантиришни ҳимоя қилиш ва тарғибот масалаларига бағишланган ҳафталик давом этмоқда. Айни пайтда кузатувчилар бу муаммони қуруқ ташвиқот билан ҳал қилиб бўлмаслигини таъкидламоқдалар.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги "Кўкрак сутини тарғибот қилиш" маркази раҳбари Камола Солиҳова ушбу тадбирдан кўзланган мақсадларга тўхталади.

- 3 августдан 7 августгача бутун жаҳонда кўкрак сутини ҳимоя қилиш ва тарғибот қилиш ҳафталигига бағишлангандир. Бу ҳафтада Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЮНИСЕФ ташкилоти билан биргаликда республика миқëсида кўп тадбирлар режалаштирди. Бизнинг мақсадимиз республикада болалар ўлими ва касалликларни камайтиришдир, дейди Камола Солиҳова.

Унинг айтишича, Ўзбекистонда гўдакларни она сути билан озиқлантириш масалалари борасида кўплаб дастурлар амалга оширилаяпти. 15 йил аввал "Кўкрак сутини тарғибот қилиш" маркази ташкил қилинган.

Камола Солиҳовага кўра, Ўзбекистонда гўдакларни кўкрак сути билан озиқлантириш масалалари талаб даражасида эмас.

- Шуни айтиш керакки¸ бизнинг республикамизда кўкрак сути билан озиқлантириш кўрсаткичи атиги 26¸7-27 фоиздир. Бу албатта кам. Бизнинг мақсадимиз бу кўрсаткични юқори фоизларга кўтариб¸ бу орқали болалар саломатлигини яхшилаш. Болаларимизнинг 90 фоизи туғруқхоналардан кўкрак сути билан боқилиб чиқиб кетишаяпти. Бола олти ойлик бўлганда эса бу кўрсаткичимиз пасайиб кетаяпти, дейди Камола Солиҳова.

Наманганлик болалар шифокори Дилбар Азизовага кўра, боланинг соғлом ривожланишида она сутининг аҳамияти жуда каттадир.

- Бола дастлабки олти ой мобайнида ҳеч қанақа суюқлик берилмасдан¸ ҳеч қанақа қўшимча овқат берилмасдан она сути билан овқатлантирилиши керак. Олти ойдан сўнг қўшимча овқатлар берган ҳолатда эмизиш жараëнини икки-икки ярим¸ ҳатто уч ëшгача давом эттириш керак. Бу боланинг соғлом ўсиши¸ ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этади. Чунки она сутининг таркибида боланинг ҳам жисмонан¸ ҳам руҳан ўсиши¸ ривожланиши учун озуқа маҳсулотлари етарли. Жумладан¸ оқсиллар¸ витаминлар¸ ëғлар ва углеводлар боланинг организми ҳазм қилишига мўлжалланган. Гўëки ҳар бир чақалоқ овқатлантириш вақтида махсус буюртма асосида озиқланаëтган бўлади. Яъни боланинг ëшига¸ ойига қараб қайси ëшида қанақа озуқа маҳсулотлари керак бўладиган бўлса¸ она сутида худди шу озуқа маҳсулотлари мана шу боланинг ўзига етарли миқдорда ишлаб чиқарилади, дейди шифокор Дилбар Азизова.

Бироқ ўзбек оналари ҳар доим ҳам ўз гўдакларини кўкрак сути билан озиқлантира олмаётганликлари кузатилади.

Хоразмлик Насибанинг айтишича, шифокорлар унга боласини кўкрак сути билан озиқлантиришга рухсат беришмаган.

- Мен биринчи боламни туққан пайтимда боланинг ичи кета бошлади. Кейин сутимни Урганч шаҳридаги лабораторияга анализга бериб текширтирдим. “Жуда ҳам ëмон микроб чиқди, болангни эмизсанг¸ ўлади” деб, боламни эмизишга рухсат беришмади. Шу билан кейин боламни эмизмадим. Боламга Nestle сути ва сироплар ичирдим. Ўша йили кўпчилик аëлларга болаларини эмизишга рухсат беришмади. Чунки уларнинг ҳам сутида микроб бор экан. Улар ҳам болаларини сунъий озуқалар билан боқишди. Кўп болалар нимжон бўлди, дейди Насиба.

Хоразмлик шифокорлар она сутида микроб чиқиш ҳолатлари борлигини тан олишди, бироқ бунинг сабабларини изоҳлашни хоҳлашмади.

Насибанинг ўзи бу ҳолатни хомиладорлик пайтида тез –тез касал бўлгани ва иқтисодий муаммолар боис даволанишга имкони бўлмагани билан изоҳлайди.

Тошкентдаги “Озод аёл” ташкилоти оналар ва болалар ҳимояси билан шуғулланади.

Ушбу ташкилот раҳбари Гавҳар Ориповага кўра, айнан иқтисодий муаммолар боис¸ оналар ўз гўдакларини кўкрак сути билан озиқлантира олмаяптилар.

- Ҳозир кўпчилик аëлларнинг сути йўқ. Эмизмайди болаларини. Сут келмайди. Нимага? Онанинг сути бўлмаслиги нимадан?

Биринчидан¸ энг паст маҳсулотни ейди. Арзон нарсани олиб ейишга ҳаракат қилади. Чунки шароити оғир. Аëллар гўшт ейдими? Вилоятларни олсак¸ умуман гўшт кўрмайдиган аëллар бор. Онанинг сути яхши бўлиши учун аëллар гўшт¸ кучли овқат¸ янги маҳсулот ейиши керак. Ўзи сут ичиши керак¸ сутли маҳсулотлардан ейиши керак, дейди суҳбатдошимиз.

Гавҳар Ориповага кўра, ўзбек оналарига болани қандай боқишни ўргатишдан аввал уларнинг иқтисодий-ижтимоий аҳволларини яхшилаш зарур.

- Бечора бизнинг ўзбек аëлларининг аҳволи жуда оғир. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволлари жуда ночор. Агар аҳволлари яхшиланса¸ бизнинг аëллар болани қанақа қилиб боқишни яхши билади. Уларга бола боқишни ўргатиш шарт эмас, дейди Гавҳар Орипова.
XS
SM
MD
LG