Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:53

Тошкентда назорат кучайди


Тошкентликларнинг айтишларича, улар шаҳарда назорат кучайганини мардикор бозорда одам камайиб қолганидан биладилар.
Тошкентликларнинг айтишларича, улар шаҳарда назорат кучайганини мардикор бозорда одам камайиб қолганидан биладилар.

Мустақиллик байрами арафасида Тошкентда аэропорт, вокзаллар, автобус станциялари, автойўллар, бозорлар ва одамлар тўпланадиган жойларда ҳамда давлат чегараларидаги ўтиш пунктларида назорат кучайтирилди.

Тошкент шаҳрида яшовчи Шавкат Бадаловга кўра, байрам арафасида назорат кучайтирилишини биринчи бўлиб мардикорлар сезишади.

Шавкат аканинг ўзи ҳам мардикор бўлиб, унинг айтишича, агар назорат кучайтирилса¸ вилоятлардан Тошкентдаги мардикор бозорига келувчилар сони камайиб кетади.

Шавкат Бадаловга кўра, айни пайтда ҳам улар шаҳарда назорат кучайтирилганига гувоҳ бўлишмоқда.

Шавкат Бадалов: Уселениеларнинг ҳозир 15-25 фоизга кучайтирилгани сезилаяпти. Аҳоли гавжум жойларда¸ бизлар чиқадиган мардикор бозорида¸ одамлар кўпроқ йиғиладиган жойларда кучайган.

Бозорга келадиганлар қисман камайиб қолган. Келиш бемалол бўлганда эди¸ мардикорлар бу ерда кўпроқ бўлишар эди. Ҳозирча сезиларли даражада камайиб қолган. Ўша ернинг ўзида ушлаб қолинади. Бу ëққа юбориш тўхтатилади.

Озодлик: Қаерда ушлашади уларни?

- Ўша ўзларининг қишлоқларидан чиқадиган жойларда. Биринчи-иккинчи блок-постларнинг ўзида орқага қайтариб юборишади. "Тошкентга борманглар"¸ деб ўша ернинг ўзида тўхтатишади, деди Шавкат Бадалов.

Тошкентда ҳар байрамда, каттароқ бирор тадбир арафасида назорат албатта кучайтирилиши кузатилади. Бундай пайтларда Шавкат Бадалов айтганидек, назорат, асосан, вилоятдан келувчиларга нисбатан қаратилади.

Айни кунларда ҳам Тошкентда вилоятлардан келувчилар “ови” бошланганини пойтахтнинг Юнусобод бозорида савдо қилувчи Саломат опа ҳам тасдиқлади.

Саломат опа: Кўплар гапираяптики¸ бошқа вилоятдан келган Ўзбекистон фуқароларини милиционерлар ушлаб олаяпти экан. Ҳамма қайси жойдан келган бўлса¸ ўзининг ўша уйига кетиши керак экан. Тошкент шаҳрининг ўзида кучайган лекин. Домма-дом кираëтгани йўқ. Кеча биттаси айтиб қолди¸ йигитлар автобусдан тушган экан, уч-тўрттасини ушлаб олиб қолибди.

Озодлик: Уларга энди байрам олдидан Тошкентга келманглар, дейишаяпти эканми?

- Асосан шунақа дейди-да энди. Баъзида унақа деб айтмайди¸ лекин сезиб оласиз. Ҳар қадамда ушласа¸ пулларини олиб қўйса¸ кўчаларда бемалол юра олмагандан кейин мажбур бўлиб кетиб қоладими, деди Саломат опа.

Кузатувлар шуни кўрсатадики, ҳар бир байрам арафасида, айниқса мустақиллик байрами олдидан Тошкентда йўл – патруль масканларида, шаҳарга кириш йўлларидадаги блок-постларда назорат кучайтирилади.

Озодлик манбаларининг хабар қилишича, айни пайтда айрим жойларда айни ҳолат яна такрорланаяпти. Ўзбекистон фуқаролари эса бу каби ҳолатларга кўникиб ҳам кетишган.

- Кўчаларда режим усиленний. Бозорларда назорат кучайган¸ комиссиялар кўпайган, деган хабарлар бор. Бунақа тадбирлар бўлади ўзи. Байрамдан ташқари вақтда ҳам назорат кучли. Ҳамма жойда назорат кучли. Масжидларда¸ жамоат жойларида назоратчилар бор, дейди "Эрк" партияси котиби Отаназар Орипов.

Ўзбекистон демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов фикрича, Ўзбекистон ҳукумати ўз ҳалқидан қўрққани учун мамлакатни доимий равишда кучайтирилган назорат остида сақлашни афзал билади.

- Мен усиление масаласида шаҳарда ҳеч қанақа ўзгариш сезганим йўқ. Энди бу масала¸ агарда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлса ëки мухолифат тарафдори бўлса¸ йил мобайнида уларга нисбатан усиление бўлиб туради. Давлатимизнинг тузуми шунақа. Бизларнинг давлат руслар айтгaнидай, “полицейское государтво”. Худди шунақа давлат. Халқ билан ҳокимият ўртасида ҳеч қанақа яхши муносабатлар йўқ. Ҳокимият халқдан қўрқади¸ халқ ҳокимиятга нисбатан нафрат билан қарайди. Бу шунақа давлат, деди Искандар Худойберганов.

Озодлик манбаларининг маълум қилишича, айни кунларда Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан чегара постларида ҳам назорат кучайтирилган.

Биз ушбу маълумотни аниқлаш мақсадида Тошкент вилоят божхона бошқармасига мурожаат қилганимизда, улар бу маълумотни тасдиқлади.

Ушбу ташкилот ходимига кўра, чегара постлари ёпилмайди, фақат хавфсизлик чоралари сифатида кучайтирилган тартиб йўлга қўйилади.
XS
SM
MD
LG