Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:17

“Озодликни “тëмний” қилиб эшитамиз”


"Эркин микрофон" дастурига сим қоққан ўзбекистонлик тингловчиларимизнинг айримлари, Ўзбекистонда Озодлик радиосини яширинча равишда тинглашларини айтадилар.

“Эркин микрофон” эшиттиришининг бугунги қаҳрамонлари Ўзбекистондан.

“Ўзбекистонлик уйғурлар нега жим?”

Дастлабки қаҳрамонимиз қўқонлик Муҳаммаджон Марасулов. Унинг миллати уйғур. Асли Қўқонда туғилган, аммо ота томондан қариндошларининг ҳаммаси Шинжон Уйғур минтақасида яшайди.

У "Уйғуристонда шунча тўполон бўлди, нега Ўзбекистондаги уйғур ўз муносабатини дадил билдирмади?", деган савол билан юзланди.

Муҳаммаджон Марасулов: Нимага булар индамайди¸ консулига бормайди¸ Хитой консулининг ëнида пикет ўтказмайди? Қозоғистонда бўлди¸ Қирғизистонда бўлди¸ бошқа жойларда бўлаяпти. У ерда менинг ҳам уруғ-аймоқларим бор.

Озодлик: Қаерда?

Муҳаммаджон Марасулов: Урумчида¸ Қашқарда.

Озодлик: Қариндошлар билан борди-келдингиз бормиди ўзи?

Муҳаммаджон Марасулов: Бор эди. Ҳозир хабар йўқ. Бир марта борганман. Ўғлим¸ хотиним – ҳаммалари боришган. Бордик¸ кўрдик. Бир ой у ëқда юрганман. Ҳозир энди алоқа ҳам йўқ. Мана кеча ҳам чиқдим. Телефон қилмоқчи бўлдим. Бўлмади.

Озодлик: Мана "Уйғурлар диаспораси вакилининг сўзларини эшитдим" деяпсиз. "Нимага пикет қилмади?" деяпсиз. Сиз ўзингиз бордингизми консулликнинг олдига? Сиз ўзингиз ифода қилдингизми...

Муҳаммаджон Марасулов: Мен билмайман-да ҳозир қаерда. Мен Қўқондаман. Шу ерда бирортасини билсам экан, борсам.

Озодлик: Ўзбекистонда уйғур диаспорасининг борлигини биласиз-а?

Муҳаммаджон Марасулов: Эшитганман.

Озодлик: Ҳеч хабарлашиб¸ қидириб¸ ишингиз тушмаган-а?

Муҳаммаджон Марасулов: Йўқ. Ўшалар озод бўлишини истайман. Мана Робия Қодирни биламан. Ўзини ҳам "Америка овози"дан гапираëтганини кўрдим. Қийнаяпти ҳозир.

Озодлик: Сиз борганингизда қийнашганига¸ бошқасига гувоҳ бўлганмисиз?

- Йўқ¸ унга гувоҳ бўлмаганман. Ўқишга ҳам имкон бор эди¸ ишлашга ҳам имкон бор эдию¸ лекин барибир ҳаëти биздақамас-да. Эрк йўқ. Яна битта илтимос. Чимкентнинг Сайрам деган қишлоғида менинг дўстим бор. Ўшани топмоқчи эдим мен. Раҳматуллаев Анорқул деган. Илтимос айтворинглар. Мен у билан армияда бирга бўлганман¸ - дейди Муҳаммаджон Марасулов.

Қўқонлик уйғур Муҳаммаджон Марасулов Шинжон Уйғур мухтор ўлкасидаги яқинлари тақдиридан хавотирини билдирар экан, Ўзбекистондаги уйғур диспораси вакилларига мурожаатларини сўзлади.

“Дилмурод Саййид ноҳақ қамалди”

Навбатдаги қаҳрамонимиз тошкентлик Ирода исмли аёл. У журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййидни таниши, ундан ҳуқуқий ёрдам олгани, Дилмурод Саййид унинг ҳаётидаги муаммолар ҳақида ўзбек матбуотида мақолалар чоп этгани ҳақида сўзлаб берди.

Ирода журналист ноҳақ қамалди, деган фикрда.

Ирода: Мен қийналган аëлман. Бешта фарзандим бор. Эрим йўқ. Ажрашганмиз. Ҳуқуқ бўйичами ëки бошқа бўйичами ëрдам сўраганимда менга ëрдам берган. Қонун-қоидаларни ўргатиб тўғри йўлга солганлар. Мен тўғримда газетага ҳам ëзиб чиқарганлар. Оналарининг олдига бориб тураман. Ҳозир улар жуда ҳам қийин аҳволда. Газетага ëрдам сўраб борганимда¸ ҳуқуқий ва юридик томонлама менга кўп ëрдам берганлар¸ маслаҳатлар берганлар.

Озодлик: Ҳозир нима иш қилаяпсиз? Ҳозир яхшими рўзғорингиз?

- Худога шукур нолимайман. У пайтда ҳам нолимасдим¸ ҳозир ҳам нолимайман. Худойим етқизади насибани¸ лекин кўп жойларга ëрдам сўраб борганингизда¸ ҳокимиятларга ëрдам сўраб борганимда “Бешта болани туғиб олиб¸ энди ëрдам сўраб юрибсанми”, деганга ўхшаш ҳақоратларгача эшитганман. Шу гапларни эшитиб, йиғлаб қайтиб келган пайтларим бўлган. Лекин бу одам мени юзага чиқаришга ҳаракат қилдилар.

Мен ўз ҳуқуқларимни умуман билмас эдим. Бир етимчанинг уйини олиб қўйишаëтган пайтда¸ ўз соғлиқларини ўйламасдан судма-суд югуриб уйни ўша боланинг номида қолдиртирган. У бола менинг болаларим билан битта мактабда ўқирди. Мен у кишининг жуда кўп одамларга ëрдам берганларини биламан. Қани эди¸ қўлимдан ëрдам келса¸ ëрдамимни кўрсатсам¸ - дейди тошкентлик Ирода исмли аëл.
“Озодликни “тëмний” қилиб эшитамиз”

Яна бир суҳбатдошимиз ҳам ўзбекистонлик. Аммо у ўзи истиқомат қилаётган ҳудуд ва ўз исми-шарифини ошкор қилмади.

Унинг фикрича, “Озодлик” радиосини, ҳатто, тинглаш ҳам хавфли. Бироқ, у бутун оила-аъзолари билан бизнинг радиони тинглаб боради.

- Оиламиз билан ҳамма эшиттиришларингизни эшитиб бораяпмиз. Тўғри ҳақиқатни айтаяпсизлар. Ҳаммаси қизиқтиради бизни. Ўзбеклар қаерда бўлишидан қатъий назарб ўзбекларнинп муаммоси қизиқтиради. Раҳмат сизларга. Одам эшитиш учун ҳам қўрқасиз.

Озодлик: Йўғе?

- Ҳозир радиони уйга киргазиб¸ "тëмний" қилиб эшитамиз. Раҳмат ҳаммаларингизга. Олим Кўҳканга ҳам¸ умуман эшиттириш олиб борадиган ҳаммаларингизга катта раҳмат. Тожикистонда¸ Қирғизистонда¸ дунëда нима бўлаяпти ҳаммасини эшитамиз.

Озодлик: Озодликни нима учун эшитасиз? Сиз ўзингиз “Эшитишга ҳам қўрқамиз. Уйга олиб кириб¸ бекитиб эшитамиз” деяпсиз. Шунчалик жонингизни хатарга қўйиб эшитаëтган экансиз¸ ниам учун керак шунча информация?

- Инсоннинг онги¸ фикрлаш қобилияти бор. Инсонда онг бор. Ҳамма нарсани билишга қизиқади. Мана мухбирларинг қамалаëтганини¸ бошқасини айтаяпсизлар. Сизлар шунга қарамасдан эшиттириш олиб бораяпсизлар. Бунисини олиб ташласа¸ буниси чиқаяпти.

Озодлик: Мана сиз қизиқ гапларни гапираяпсиз. Қўни-қўшнилар¸ ëн-атрофда яшаëтганлар¸ ëшлар ҳам қизиқадими шунақа информациялар билишга?

- Қизиқадиганларнигн бариси "подприлавка" қизиқади. Ҳеч кимга айтмайди¸ лекин қизиқиш жуда кучли. Тошкентдаги муллани айтдингизлар пичоқлаб кетди, деб. Бизда ëритилгани йўқ. Мана Эргаш Каримовни айтдингизлар. Сизлардан эшитдик¸ икки-уч кун ўтгандан кейин телевизорда фақат кино-пиноларини бериб қўйди. Айтгани йўқ.

Ана шу ҳақиқат тарафларингизга бизлар тан берамиз. Менинг тушунишимча-да. Тушунган одам тан беради-да. Ҳаммаларингизга раҳмат. Сизлар орқали жаҳон воқеаларини эшитиб бораяпмиз. Келинглар¸ чой қилиб берамиз. Узум пишди. Қовунлар пишаяпти. Оиламиз номидан ҳам сизларга раҳмат. Кампирим ҳам раҳмат деяпти. Хўп¸ раҳмат¸ - дейди ўзбекистонлик суҳбатдошимиз.

Шу каби ўз фикр-мулоҳазарлари билан Озодлик эфирига чиқишни истаган бошқа тингловчиларимизга яна бир бор телефон рақамларимизни эслатиб ўтамиз.

+420 602 612 713
XS
SM
MD
LG