Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:52

Путин.Кремлдаги ўн йил


Кузатувчилар фикрича, Путиннинг рейтинги Россиядаги умидсизлик даражаси билан чамбарчарс боғлиқдир.
Кузатувчилар фикрича, Путиннинг рейтинги Россиядаги умидсизлик даражаси билан чамбарчарс боғлиқдир.

Владимир Путин Россияда ҳокимият тепасига келганига 10 йил бўлди. Кутилмаганда ҳокимиятга келган бу одамнинг кейинчалик Миллий лидер даражасигача кўтарилиши сабаблари нимада?

Минтақавий раҳбарлар очиқдан очиқ марказ сиёсатига бўйсунмас, парламент эса қарор чиқаролмай боши берк кўчага кириб қолганди.

Бу вазиятда 1999 йил 9 август куни президент Елциннинг одмигина собиқ КГБ зобити Владимир Путинни 18 ой ичида бешинчи бош вазир лавозимига тайинлашини ҳеч ким сезмай қолганди, ҳатто.

Кутилмаганда ҳокимиятга келган бу одам кейинчалик Миллий лидер даражасигача кўтарилди. Президент Борис Елцин 46 ёшли Россия Федерал хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбарини шунчаки Бош вазир лавозимига тайинламаганди. У ҳеч кимга маълум бўлмаган Путинни ўзидан кейинги президент сифатида кўришини жамоатчиликка билдирди.

Бош вазир ўрнини Путинга бўшатиб берган Сергей Степашин президент Елцин қарорини эълон қилди.

- Бугун эрталаб президент қабулига кирдим ва у менинг ишдан бўшашим тўғрисидаги фармонни имзолади. У менга раҳмат айтиб лавозимдан четлаштирди. Бош вазир вазифасини Хавфсизлик кенгашининг котиби ва ФСБ директори Владимир Владимирович Путин бажарадиган бўлди. Менимча¸ у муносиб ва виждонли одам. Мен унга омад тиламоқчиман. Унга фақат омад керак, бошқаси унда бор¸ -деди Степашин.

10 йил ўтиб Путин Бош вазир лавозимидан президент даражасига кўтарилди ва яна Бош вазир лавозимига қайтди. Куч-қудратга тўлган замонавий Россияда у ўзини ўзгармас тарихий раҳбар сифатида намоён эта бошлади.

Аммо 1999 йилда Россия мутлақо ўзгача бир давлат эди. 16 август куни Путин номзоди парламентда овозга қўйилганида¸ уни қўллаб- қувватлаганлар атиги олти овозга кўпчиликни ташкил этганди. Бугунги парламентда Путинга 84 депутатнинг қарши чиқишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

Бошида Путин ўзига унча ишонмасди. Журналистлар билан гаплашганда кўзларини ерга қаратиб уялиб ҳам қўярди. Бугун эса вазиятни мутлақо назорат қиладигандек ўзини чапанича тутадиган лидердан аввалги Путин тубдан фарқ қилади.

Ҳокимият тепасига келган Путин бир қатор ўткир муаммоларга дуч келди. Иқтисодиёт таназзул ёқасига келиб қолган ўша даврда Россиянинг давлат қарзлари кундан кунга ошиб бораётганди. Бир гуруҳ чечен исёнчилари эса қўшни Доғистонга қарши ҳужум бошлашган эди.

Ўша вақтлари Россияда бир қатор кўп қаватли уйлар портлатилганди. Ана шундай ҳужумларнинг сўнггиси Путин эндигина иш бошлаган пайтда содир бўлди. Мудҳиш портлашлар оқибатида 300 нафарга яқин тинч аҳоли нобуд бўлди. Бу портлашлар учун кимдир чечен жангариларни айблади, яна кимдир мазкур амалиётлар Чеченистонда иккинчи урушни бошлаш мақсадида Россия махфий хизматлари томонидан уюштирилганини даъво қилди.

1 октябр куни Россия қўшинлари яна Чеченистонга бостириб борди. Айнан ўша вақтда мамлакат сиёсий элитаси янги ҳукуматга қарши чиқа бошлади. Бундай чиқишларга бардош берган Путин қаттиққўл раҳбар сифатида танила бошлади. Елциндан сўнг Путинга қандай мерос қолгани борасида кўпчилик таҳлилчилар ҳамон баҳслашадилар.

“Янги совуқ уруш” китобининг муаллифи ва “Экономист” журнали Москва бюроси собиқ раҳбари Эдвард Лукас фикрича, Путиннинг ҳокимиятга келиши ўша давр Россия жамоатчилигининг Елцин ва марказий ҳукумат заифлигидан чарчаб қолганини акс эттиради.

- Ҳамма ишни бошқатдан бошлашга жуда кучли зарурат пайдо бўлиб қолганди. Менимча¸ бу вазият Путинга қўл келди. У камтар, тиришқоқ ва афтидан нима қилиш кераклигини биладиган одам эди¸ - дейди Эдвард Лукас.

Путин тарафдорлари ўша даврда Россия давлатчилиги қулаш арафасида бўлганини айтишади. Уларнинг фикрича, мамлакат сиёсати устидан назоратни қўлга олган олигархлар¸ авваламбор Борис Березовский ва Владимир Гусинскийларнинг танобини тортиб қўйиш керак эди.

Бироқ Кремл мухолифлари 1999 йилда Россия иқтисодий жонланиш даврига кирганини айтишади. Сиёсий таҳлилчи Дмитрий Орешкиннинг фикрича, айнан шу вақтда Россияда демократик тузум ва очиқ жамият асослари ҳам яратилди.

- КГБ да тарбияланган Путин яхшилик тўғрисидаги ўз қарашларига амал қилиб, нефт нархининг кўтарилиши туғдирган имкониятларга таяниб¸ ўзига хос ёпиқ моделни яратишга киришди. Давлат бошқарувини иқтисодий ва демократик жонланиш арафасида қабул қилиб олган Путин Россияни истиқболсиз Лотин Америкасидаги давлатларга ўхшаган давлатга айлантирди¸ - дейди Орешкин.

Путин танқидчиларидан яна бири¸ Давлат думасининг собиқ депутати Владимир Рижковнинг ёзишича¸ нефт нархи юқори бўлган саккиз йил давомида йиғилган улкан заҳиралардан Кремл унумли фойдалана олмади. Аммо шубҳасиз нефт нархларининг юқори бўлгани Путин ҳокимиятини жиддий мустаҳкамлади.

- Мени доимо бир савол қизиқтиради. Елцин давридаги нефт нархлари сақланиб қолганида¸ Путиннинг ҳоли не кечарди ва аксинча, Путин давридаги нефт нархлари Елцин даврида ҳам бўлганида Елцин нима қилган бўларди? - дея ўз ўзига савол беради Эдвард Лукас.

Жуда катта бойликни Путин Россия иқтисодиётининг барқарор ўсиши йўлида ишлата олмагани рост. “Левада” тадқиқот маркази томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, кўпчилик россияликлар Путин даврида бойлар ва камбағаллар ўртасидаги фарқнинг ортганини айтишган.

Россияда Путин тарафдорларининг кўплиги Кремлнинг матбуот устидан тўлиқ назоратни олгани билан изоҳланса ажаб эмас. “Левада” марказининг таҳлилчиси Борис Дубиннинг фикрича, кўпчилик россияликлар Путин кетса¸ мамлакатда бошбошдоқлик авж олади деб қўрқишини айтади.

- Путиннинг нуфузи, унинг эътироф этилиши ва уни қўллаб-қувватлашга одамларнинг тайёрлиги мана шу ғояга асосланади. Путин давридаги пропаганда ва оммавий ахборот воситалари айнан шундай манзарани чизди¸ - дейди таҳлилчи.

Дмитрий Орешкин ҳам " Путиннинг одамлар орасида қўллаб-қувватланиши унинг ўзи яратган муҳит билан боғлиқдир", деб ҳисоблайди.

- Путиннинг рейтинги умидсизлик даражаси билан чамбарчас боғлиқдир. Чунки бошқа ишониш мумкин бўлган одам қолмагандай. Биз институтларга, судларга ва сайловларга ишонмаймиз. Бу вазиятда ижобий умидларни фақат бир шахсга Владимир Владимирович Путинга йўналтириш мумкин¸- дейди Орешкин.
XS
SM
MD
LG