Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:23

Тўйтепаликлар мол гўшти емай қўйди


Тиббий маълумотларга кўра, куйдирги касаллиги манбаи, асосан, йирик ва майда шохли ҳайвонлар, шунингдек, отлар, эшаклар, буғулар ва чўчқалар ҳисобланади.
Тиббий маълумотларга кўра, куйдирги касаллиги манбаи, асосан, йирик ва майда шохли ҳайвонлар, шунингдек, отлар, эшаклар, буғулар ва чўчқалар ҳисобланади.

Тошкент вилояти Тўйтепа туманида яшовчи 52 ёшли Бозорбой Ҳасановнинг куйдирги касаллигидан вафот этгани тахмин қилинмоқда, аммо маҳаллий расмийлар ваҳимага асос йўқлигини айтмоқдалар.

Озодлик манбаларининг хабар қилишича, Бозорбой Ҳасанов Тўйтепа тумани Дўстлик ширкат хўжалигидаги Чордоровул маҳалласида яшаган.

Икки ўғил уч қизнинг отаси бўлган 52 ёшли Бозорбой Ҳасанов устачилик қилиб тирикчилик қилган.

У август ойининг бошида сигирини сўйиб, гўштини маҳаллага сотган. Сигир сўйилган куннинг эртасига, яъни 3 август куни Бозорбой Ҳасанов шифохонага етказилган ва ўша ерда жон берган.

Кўплаб интернет нашрларининг хабар қилишича¸ Бозорбой Ҳасанов куйдирги касаллиги сабабли оламдан ўтган.

Тўйтепалик бир онахоннинг айтишича, куйдирги касали билан боғлиқ ушбу воқеа тўйтепаликлар орасида тезда тарқалиб кетган.

- Биздан беш-олти километр нарида илгари Энгелс колхози бўларди. Ўша ерда Чордоровул маҳалласи бор. Ўша ерда битта сигир касал бўлибди. Русчасига "сибирская язва"¸ ўзбекчасига "куйдирги" дейди. Ўша молни сўйган экан. Сигирнинг эгаси ўлибди. Дарров тез ëрдам чақириб¸ туни билан врачларимиз ҳаммани текшириб¸ ким олди¸ ким олмади¸ ким еди деб текшириб¸ 20 нафарга яқин одамни касалхонага ëтқизишди, дейишди. Ўша одам маҳаллага гўштни тарқатган экан. Хоҳлаган бир-икки-уч кило олган экан. Яхши ҳам қассоб олиб кетиб бозорда сотмаган, деб ўшанга қувонаяпмиз, дейди тўйтепалик онахон.

Тошкент вилоят санитария–эпидемилогия назорат бошқармаси ходими Бозорбой Ҳасановнинг куйдирги касаллиги билан ўлганини тасдиқламади. Лекин у Бозорбой Ҳасановга қўйилган ташхислардан бири куйдирги касали бўлганини ҳам инкор қилмади.

- Битта одам касал бўлиб тушган. У куйдирги деб гумон қилинган. Унинг диагнози острый живот¸ теретанит, буйрак етишмовчилиги ва учинчи диагноз - куйдиргига гумон қилинган. Лекин куйдирги касаллиги савол остида бўлган. Лекин у ерда касаллик йўқ. Битта белгиси бўлган. Бир ҳафта олдин уйида мол сўйган. Шунинг учун подвопрос қилиб, диагноз қўйиб қўйишган. Кейин куйдирги¸ унақа-бунақа деган миш-миш чиқиб кетди. Тинчлик¸ ҳаммаси осойишта. Ҳамма одамлар соғ-саломат. Худога шукур, ҳаммаси жойида, деди Тошкент вилоят санитария–эпидемилогия назорат бошқармаси ходими.

Чордоровул маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аҳмад Сафаровга кўра, Бозорбой Ҳасановнинг нимадан ўлгани ҳали аниқланмаган.

- Нима билан ўлгани ҳам аниқ эмас. У йигит краскада ишлаган-да. Евроремонт қилиб берадиган постоянно краска билан. Уста эди. "Жигари кетган" деган гап бўлаяпти. Олдин ўзи касал бўлиб юрган. Ҳозир нималигини ҳеч ким айта олмайди, деди Аҳмад Сафаров.

Тўйтепалик бир суҳбатдошимизнинг айтишича, айни пайтда тўйтепаликлар орасида ваҳима кучайган.

- "Эпидемия" дейишаяпти. Қанақадир "юқумли касал" дейишаяпти. Бизнинг уйдагиларнинг ҳаммаси қўй гўшти ейишаяпти. Мол гўштидан ҳамма қўрқаяпти¸ ҳеч ким олмаяпти. Лекин мол гўшти бемалол сотилаяпти. Одамлар мол гўшти еяëтгани йўқ. Ҳамма қўй гўшти еяпти. Ўзимизнинг маҳалланинг хонадонга қарайдиган ҳамширалари бор-ку¸ ўшалар хонадонларга кириб, ҳаммага: “Мол гўшти еманглар, рухсат берилган жойдан олиб енглар” деб айтиб чиқишган, дейди тўйтепалик суҳбатдошимиз.

Чордоровул маҳалла фуқаролар йиғини раиси Аҳмад Сафаров ваҳима қилишга асос йўқлигини айтади.

- Тўртта одам касалхонага тушган эди. Уже чиқиб кетишди улар.

Озодлик: Шифохонага тушганлар чиқишдими?

- Ҳа¸ чиқиб кетишди. Докторлар бу ëқда ҳаммасини профилактика қилиб¸ ҳар куни текширишаяпти. Ҳозирча ҳеч нарса йўқ. У гап аниқ эмас (куйдирги демоқчи). Кўтарилган шов-шув аниқ эмас, деди Аҳмад Сафаров.

Тиббий маълумотларга кўра, куйдирги касаллиги манбаи, асосан, йирик ва майда шохли ҳайвонлар, шунингдек, отлар, эшаклар, буғулар ва чўчқалар ҳисобланади.

Кейинги пайтда Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда куйдирги касаллиги тарқалиб, ундан одамларнинг вафот этиш ҳолатлари ҳам аниқланди.

Тошкент вилояти санитария эпидемология бошқармаси ходими Қозоғистон чегарасида жойлашган бу вилоятда касалликнинг олдини олиш учун кўплаб тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

- Қозоғистон билан чегарадош учта санитария назорат пунктлари бор. У ерда одамлар тинимсиз¸ эртаю кеч ишлашаяпти. Тиббиëт ходимлари¸ СЭС дан битта одам. Бизнинг ҳудудимизга кириб келаëтган ҳамма фуқароларни текшириб¸ тиббий кўрикдан ўтказиб¸ кейин киритишаяпти. Бу бўйича ҳамма ишлар қилиб борилаяпти, деди Тошкент вилояти санитария эпидемология бошқармаси ходими.

Расмий манбаларнинг билдиришича, айни пайтда Ўзбекистон бўйича давлат чегараларида, темир йўл бекатлари ва аэропортларда жами 78 та санитария карантини пунктлари кучайтирилган тартибда ишламоқда.
XS
SM
MD
LG