Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:29

Бишкекда мардикорлар муаммолари муҳокама қилинди


Маълумотларга кўра, Россияда ишсиз қолган юзлаб қирғиз мардикорлари вокзалларда тунашга мажбур бўлмоқдалар.
Маълумотларга кўра, Россияда ишсиз қолган юзлаб қирғиз мардикорлари вокзалларда тунашга мажбур бўлмоқдалар.

Бишкекда ўтган Россиядаги қирғиз диаспоралари лидерлари йиғилишида иқтисодий инқироз даврида Россиядаги меҳнат муҳожирларини ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш масаласи муҳокама этилди.

Бишкекдаги тадбир Россиядаги қирғизларнинг “Замондош” ассоциацияси томонидан уюштирилди. Ташкилот раҳбари Мухтор Ўмуркановнинг айтишича, иқтисодий инқироз таъсири бугунги кунда Россиядаги қирғиз мардикорларининг иқтисодий – ижтимоий аҳволига қаттиқ зарба берган.

- Қирғиз мардикорларининг асосий қисми Россияда меҳнат қилади. Бугунги кунда Россияда ишга жойлашиши жуда қийин бўлиб қолди. Ойлик иш ҳақлари кескин қисқарди. Кўпчилик меҳнат муҳожирлари ишсиз қолди. Россиядаги қирғиз диаспорасининг бугунги кундаги энг катта муаммолари мана шулар, -деди Мухтор Ўмурканов.


Санкт-Петербургдаги қирғиз диаспораси раҳбари Ўктам Мамаева эса Россияда ишсиз қолган мардикорлар муаммоларини тилга олди. Унинг айтишича, ишсиз ва пулсиз қолган мардикорларнинг кўпчилигида Қирғизистонга қайтиб келиш учун маблағ йўқ.

- Қирғизистон ҳукумати ўз фуқаролари ҳуқуқини ҳимоя қила олиш салоҳиятига эга бўлиши ва бу борада катта ишларни амалга ошириши лозим. Бугунги кунда Россияда уйсиз ва пулсиз қолган юзлаб қирғизлар вокзалларда тунамоқдалар,-деди Ўктам Мамаева.

Айни пайтда норасмий маълумотларга кўра бир миллиондан ортиқроқ, расмий маълумотларга кўра эса беш юз мингга яқин қирғизистонлик хориж давлатларида меҳнат қилади. Қирғиз мардикорларининг асосий қисми Россияда ишлайди.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мирғози Исақовнинг айтишича, молиявий инқироз бошланган дастлабки кунларда қирғиз ҳукумати меҳнат муҳожирларининг қайтиб келишидан ташвишга тушган эди. Бироқ муҳожирларнинг ортга қайтиш жараёни расмий Бишкек кутганидай оммавий тарзда бўлмаган.

- Бизнинг ташвишларимиз асоссиз бўлиб чиқди. Қирғиз меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги Россияда бошқа иш топдилар. Шунинг учун ҳам мардикорларнинг Қирғизистонга қайтиши мамлакатдаги ижтимоий вазиятга жиддий таъсир кўрсатмади,- деди Мирғози Исақов.

Айни пайтда Россияда меҳнат қилаётган қирғиз мардикорлари Қирғизистонга қайтишдан кўра Россия фуқаролигини олиб, ўша ерда қолишни афзал билмоқдалар.

Расмий хабарларга кўра, сўнгги тўрт йил ичида 200 мингга яқин қирғиз Россия фуқаролигини олган.
XS
SM
MD
LG