Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:38

Рангин дафтарлар таъқиқланди


Бу йил Ўзбекистонда мактаб анжомлари сотиладиган бозорлар бевосита таълим муассасаларининг ўзида ташкил қилинадиган бўлди. Мутасаддилар фикрича, бу ўқув қуролларини бир қолипга солиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Фарғоналик ўқитувчи Шарифжон аканинг айтишича, жорий йилда вилоятдаги ҳар бир мактабнинг ўзида мактаб бозорлари ташкил қилинди.

Шарифжон ака: Шу бу йилдан ўзимиз мактабда магазин очдик. Ҳозир Фарғона вилоятининг ҳамма мактабларига "Мактабнинг ичида мактаб бозори ташкил қиласан, ўқувчиларга мўлжалланган дафтарларнинг савдосини қиласан" деган топшириқ берилди.

Озодлик: Бу мактаб бозорини ташкил қилишдан мақсад нима?

- Дафтарлар ва ўқув қуролларини бир хил қилиш. Рангли¸ расмлар чиқилган умумий дафтарлар йўқ қилинди. Ручкалар ҳам бир хил бўлади. Ҳаммасини бир хил қиласан¸ деб топшириқ берган¸ дейди Шарифжон ака.

Фарғоналик ўқитувчининг айтишича, бундан кўзланган мақсад ўқувчиларнинг дафтарлари бир хил кўринишда бўлиши ва дафтар муқоваларидаги ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган тасвирлардан халос бўлишдир.

Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси ходими Шуҳрат Раҳимовга кўра, ҳукуматнинг махсус қарори асосида мактаб бозорлари айнан жойлардаги мактабларнинг ўзида ташкил қилинмоқда.

- Жорий йилнинг 14 июл куни Вазирлар маҳкамасида йиғилиш ўтказилган. Ўша йиғилишда 2009-2010 ўқув йилида мактаб ўқувчиларини тўлиқ ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадида баëннома қабул қилган. Ўша баëннома ижро учун вилоятларга жўнатилган. Шу асосда бошқармадан ҳам¸ вазирликдан ҳам кўрсатма келган. Бизнинг вилоятда 75 та умумтаълим мактабларида мактаб ярмаркалари ташкил қилиниши белгиланган¸ дейди Шуҳрат Раҳимов.

Сирдарёлик ўқитувчи Гулнора опага кўра, улар дафтарлар билан боғлиқ муаммоларни бир неча бор кўтаришган. Бироқ Гулнора опанинг айтишича, ҳали вилоятда бу борада бирор ижобий натижа кузатилмаяпти.

- Биринчидан¸ дафтарларнинг сифати жуда ҳам паст. Ичидаги варақларнинг ранглари талабга жавоб бермайди. Ҳатто бу дафтарга ўқувчи ëзадиган бўлса¸ ëзган нарсаси зўрға кўринади. Дафтарлар сифатсиз. Дафтарнинг муқоваси ҳам талабга жавоб бермайди. Устида ҳар хил кераксиз расмлар. Ўқувчиларга бунинг салбий таъсири бор. Болаларнинг эътибори дарсга қаратилмасдан дафтар муқоваси уларнинг эътиборини ўзига жалб қилиб қўяяпти. Болаларнинг дарсга қизиқиши қолмаяпти. Биз педсовет бўлганда дафтарлар юзасидан ўз таклифларимизни киритган эдик. Бу муаммо ҳали кўтарилгани йўқ¸ дейди Гулнора опа.

Тошкентдаги "Osiyo Tangir Print" МЧЖ ҳам ўқувчилар учун дафтар ишлаб чиқаради.

Ушбу ташкилот директор ўринбосари Ринат Ҳафизовга кўра, айнан кино ва эстрада юлдузлари суратлари акс этган дафтарларга талабгор харидорлар кўпчиликни ташкил қилади.

Ринат Ҳафизов: Катак¸ бир чизиқ¸ 96 варақли¸ 48 варақли чиқарамиз.

Озодлик: Кўриниши-чи? Масалан, муқовалари...

Ринат Ҳафизов: Гулли қиламиз¸ машина қўйиб қўямиз.

Озодлик: Қайси бир кўринишдаги дафтарга талаб кучли бўлади?

- Биз артистларнинг расмини қўймаяпмиз. Айнан артистларни қўйсангиз¸ талаб кўп. Масалан¸ қизлар гуллини яхши кўради¸ болалар машинани яхши кўради¸ дейди Ринат Ҳафизов.

Тошкентлик зиёли аёл Кавсар Турдиева ўқувчиларнинг айни пайтдаги дафтарлари кўринишидан қониқмаслигини айтиб, уларни яхшилаш борасида бир қатор таклифларни илгари суради.

- Турли фан бўйича дафтарлар чиқарилишининг тарафдориман. Инглиз тили бўйича энг керакли сўзлар¸ масалан¸ минимумлари¸ дейлик, нотўғри феъллар дафтарнинг орқасида бўлиши керак. Химияда Менделеев жадвали¸ физикада қанақадир формулалар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, ўзимизнинг шарқ мутафаккирлари¸ олимлари¸ ўзимизнинг донишмандларнинг фикрларини бериш керак. Миясига сингиб кетадиган эзгулик¸ яхшилик¸ тўғрилик ҳақида ибратли кичкина ривоятларми... Мана шу дафтар билан мулоқотда бўлганда¸ ибрат ҳам кириб қолсин¸ дейди Кавсар Турдиева.

Маълумотларга кўра, яқинда Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси мактаб бозорларида текширув ўтказиб, айрим тадбиркорлар сифатсиз, ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатадиган маҳсулотлар тайёрлаётганини қайд этган.

Мавзуни ўрганиш жараёнида мактаб бозорлари билан боғлиқ яна бир жиҳат эътиборни тортади. Бу ўқув қуролларининг нарх-наволари.
Биз билан суҳбатда бўлган айрим ота-оналар ўқув қуролларининг жуда қимматлигидан нолишди. Бу ҳақда кейинги мақолаларимизда тўхталамиз.
XS
SM
MD
LG