Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:32

Тошкентда мактаб формаси ўзгарди


Тошкентда жорий қилинган янги мактаб формаси 18 мингдан 40 минг сўмгача бўлган нархда сотилмоқда.
Тошкентда жорий қилинган янги мактаб формаси 18 мингдан 40 минг сўмгача бўлган нархда сотилмоқда.

Тошкент шаҳри мактабларида таҳсил олувчи ўқувчиларнинг мактаб формалари ўзгарди. Эндиликда пойтахтлик ўқувчиларни вилоят ўқувчиларидан фарқлаш қийин бўлмайди.

Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармасидан олинган маълумотга қараганда, мактаб формаси учун бошланғич синф ўқувчиларига ёрқинроқ ранглар, катта синфларга эса тўқроқ ранглар танланган.

Бошқарма ходимига кўра, рангларни танлашда мактаб раҳбарлари ва ота-оналар кенгашларининг фикрлари инобатга олинган бўлиб, асосий эътибор ўқувчиларнинг ёши ва дунёқарашига қаратилган.

Тошкентдаги 101- сонли мактаб ўқитувчиси Шоира Ҳакимованинг айтишича, янги формага танланган мато ҳам иссиқ, ҳам совуқ иқлимга мўлжалланган.

Демак, пойтахтлик ўқувчиларнинг янги формаси. Бошланғич синфларда ўқийдиган қизлар учун шотландка сарафанлар:

Шоира Ҳакимова: Бошланғич синфларники катак матодан. Асосан фони тўқ қизил матодан. Катаги кўк ҳамда қора. Сарафан бошланғич синфлар учун. Сарафан ичидан оқ кофта.

Бошланғич синфларда ўқувчи ўғил болалар учун тўқ –кўк рангли нимчалар ва:

Шоира Ҳакимова: Оқ кўйлак ва сарафаннинг матосидан галстук.

Юқори синф қизларига тўқ-қизил сидирғадан сарафан ва костюм:

Шоира Ҳакимова: Юқори синфларга ҳам сарафан лекин фасонида сал ўзгартириш бор. Буларники катак эмас. Буларники тўқ қизил матодан. Сарафан ва ичидан оқ кофта.

Юқори синф ўғил боларига тўқ-кўк рангли костюм ва:

Шоира Ҳакимова: Оқ кўйлак ва галстуги сарафаннинг матосидан, тўқ қизил ранг.

Шундай қилиб, мактаб ўқувчилари формасидаги оқ-қора ранглар шотландка ва тўқ –қизил яна тўқ-кўк рангларга алмашди.

Айни пайтда тошкентлик ота-оналарни формаларнинг ранги қизиқтираётгани ҳам йўқ. Уларни кўпроқ формаларнинг нарх-навоси қизиқтирмоқда.

Шоира Ҳакимовага кўра, янги мактаб формалари учун белгиланган нархлар унчалик қиммат эмас.

- Бизларга келган нархи бошланғичларники 18 минг¸ 5-7 синфларники 22 минг¸ 8-9 синфларники¸ унинг пиджаги ҳам бор шекилли¸ 40 минг дейишаяпти. Биринчи сентябрдан жорий қилинган. Шу тўғрида мактабларда барча ота-оналарга иш олиб борилаяпти. Истаганлар фирма орқали тиктиришаяпти¸ истамаганлар синф бўйича мато олиб келиб тикувчига тиктиришаяпти, дейди Шоира Ҳакимова.

Тошкент шаҳрида яшовчи Шавкат Бадаловнинг бир қизи бошланғич синф ўқувчиси. Шавкат Бадалов янги мактаб формасининг нархидан қониқишини айтади.

- Қизим қаердандир “Форма эмиш. У-бу” деб гап топиб келди. Шуни суриштиргани мактабга бордим. Борсам¸ сарафан ичидан оқ кофталиги билан менинг қизимга лойиқ келадигани 20 минг сўм экан. Агар шу нарсани бозордан оладиган бўлсак¸ битта сарафаннинг ўзи 35 минг сўм экан. Демак¸ мактабдан берилаëтгани жуда паст нархда. Ота-оналарни сийлаган даражада экан. 20 мингга ҳам сарафан¸ ҳам кофта менга жуда маъқул бўлди. Дарров 20 минг бердим. Олиб бориб ўқитувчисига бериб қўйди. Заявка қилишар экан. Келгандан кейин бизга хабар беришар экан ва биз бориб олар эканмиз, дейди Шавкат Бадалов.

Лекин икки ёки уч фарзанди мактабда ўқийдиган ота-оналар янги мактаб формаси жорий қилинганидан унчалик хурсанд эмаслар.

Улуғбек Усмоновнинг уч невараси катта синф ўқувчилари. Улуғбек Усмонов янги мактаб формаларининг нархи аксар камбағал оилалар чўнтагига тўғри келмаётганини айтади.

- Бир ўғлимнинг учта фарзанди бор. Учаласи ҳам мактабга боради. Ҳаммаси юқори синфнинг болалари. Бу кийим 50 минг атрофида айланадиган бўлса¸ пойафзалсиз тахминан 150 минг сўм керак бўлади. Бу фақат форманинг ўзига. Бу битта оиланинг ишлаб турган боқувчисининг бир ойлик даромади. Бир ойликнинг ўзи оëқ кийимсиз форманинг ўзига кетади. Бундан ташқари дафтар-китоб бор¸ канцелярия нарсалари бор. Агар буларни ҳам қўшадиган бўлсангиз¸ бир боланинг ўқишни бошлаши учун 50 минг сўмлик мактаб қуроллари керак. Кеча уйда ўтириб оилавий бюджетни ҳисоблаб чиқсам¸ бу ойликнинг ҳамамси болаларга кетадиганга ўхшайди. Еб-ичишга эконом қиладиганга ўхшаяпмиз. Бу жуда ҳам оғир. Ҳозир аканикини ука кийиб боради. Энди бунақа форма бўлгандан кейин ҳаммаси янгиланадида. Шунинг учун оилавий бюджетга жуда катта таъсир ўтказади, дейди Улуғбек Усмонов.

Айрим маълумотларга кўра, кейинги йиллардан бошлаб вилоят ўқувчилари учун ҳам бир хилдаги янги мактаб формалари жорий қилиниши режалаштирилаяпти.
XS
SM
MD
LG