Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:29

Байрам баҳона - диндор ғанимат


Миллий байрамлар арафасида ўзбек милицияси ва ҳарбийлари уруш вақтларида бўлгани каби шай ҳолатга келтирилади.
Миллий байрамлар арафасида ўзбек милицияси ва ҳарбийлари уруш вақтларида бўлгани каби шай ҳолатга келтирилади.

Ўзбекистонда 1 сентябрь куни нишонланадиган Мустақиллик куни ва Тошкентнинг 2200 йиллик юбилейи арафасида ҳуқуқ-тартибот идоралари диний ва сиёсий сабаблар бўйича қамалганларнинг қариндошлари устидан назоратни кучайтирган.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, айниқса диний гуруҳларга алоқадорликда айбланиб қамалганларнинг уйларига милиция ходимларининг бемаврид ташрифлари кўп кузатилмоқда.

- Диний эътиқод билан қамалганларнинг уйларига милиция ходимлари келишаяпти. Яъни бу ўшанинг тумани ëки шаҳри бўйича назоратга олинган оилаларга ва одамларнинг ëнига келиб¸ нима қилиш ëки қилиш керак эмаслиги¸ кўчага чиқмаслик тўғрисида мана шунақа тазйиқлар бўлаяпти¸ дейди Суръат Икромов.

Милиционерларнинг шундай ташрифларидан бири Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи Мушарраф Худойбердиева хонадонига бўлди.

- Худойбердиева Мушарраф маълум бир аëл. Унинг биринчи эри Усмонов Фарҳодни 1999 йилда олиб кетиб¸ тергов пайтида қийноққа учратишган ва тўққиз кун ичида ўлигини олиб келишган. Орадан уч йил ўтгач¸ Худойбердиева Мушарраф Рустам Худойбердиевга турмушга чиқади. Улар турмуш қурганларидан бир ой ўтгач, Рустам Худойбердиев қамоққа олиб кетилади ва апрел ойида унинг қийноқ орқали ўлдирилган жасади олиб келинган. Биз бу ҳақда гапирганмиз. Ҳозир бунинг уйига рўйхатда бўлгани учун келиб туришибди. “Эшикни тақиллатмасдан ҳовлига бостириб кириб¸ бизларни ҳақорат қилишаяпти” деб машиналарнинг номерларигача ҳамма маълумотларни берди. Шунинг учун биз бу хабарни бердик¸ дейди Суръат Икромов.

Тошкентдаги Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, Мустақиллик байрами арафасида бунақа ҳолатлар бутун республика бўйлаб кузатилмоқда.

- Шуни айтиш керакки¸ милициянинг рўйхатига тушган яъни диний ва сиëсий мотивлар билан қамалганларнинг яқинларига нисбатан¸ сиëсий қамалганларга нисбатан иш олиб борганлар бўладими¸ бошқа бўладими¸ шуларга нисбатан байрамдан 10 кун олдин усиление бошланади. Бу одамларнинг уйларига бориб¸ тушунтириш ишларини олиб бориш тўғрисида ишлар олиб борилади¸ дейди Суръат Икромов.

Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистонда мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаолларига нисбатан ҳам таъқиблар кучайган.

- Назорат кучли. Ҳамма жойда кучли. Масжидларда¸ жамоат жойларида¸ ҳамма жойларда хабарчилар ва назоратчилар бор. Бозорларда назорат кучайган¸ комиссиялар кўпайган¸ назорат кучли деган хабарлар бор¸ дейди Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов.

Мустақиллик байрами арафасида бу йил ҳам пойтахт Тошкентда вилоятлардан келувчилар, милиция эътиборидан четда қолмаган. Байрам арафасида Тошкентда аэропорт, вокзаллар, автобус станциялари, бозорларда, шаҳар атрофидаги ўтиш пунктларида милиционерлар вилоятлардан келганларни тўхтатиб сўроққа тутаётгани кўп кузатилади.

- Гавжум жойларда¸ мана бизлар мардикор бозорига чиқадиган жойда¸ одамлар кўпроқ йиғиладиган жойда кучайган¸ дейди Тошкентда мардикорлик қилувчи суҳбатдошларимиздан бири.

Ўзбекистондаги Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг айтишича, ҳар йили мустақиллик байрами арафасида кузатиладиган бу холат мамлакатда халқ ва ҳокимият ўртасидаги жарлик катталашаётгани белгисидир.

- Бизларнинг давлатнинг тузуми шунақа. Бизларнинг давлат руслар айтганидай “полицейская государства”. Чунки халқ билан ҳокимият ўртасида ҳеч қанақа яхши муносабатлар йўқ. Ҳокимият халқдан қўрқади¸ халқ ҳокимиятга нисбатан нафрат билан қарайди¸ дейди Искандар Худойберганов.

Ўтган хафта Россиянинг “Регнум” ахборот агентлиги Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги расмийсига таяниб ҳуқуқ-тартибот идоралари “Тозалаш-Антитеррор” дея аталувчи махсус тезкор профилактик операцияни ўтказаётгани ҳақда хабар қилган эди.

Тадбир давомида 415 та жиноят фош этилгани, паспорт-виза тартиби текширувлари давомида 61233 та ҳуқуқбузарликлар аниқлангани, 374 нафар чет эл фуқароси Ўзбекистондан чиқариб юборилгани билдирилди.
XS
SM
MD
LG