Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:23

Чўчқа гриппи зиëратга соя солмоқда


Қозоғистон ва эндиликда Қирғизистонда чўчқа гриппига чалинган беморлар қайд этилиши муносабати билан¸ бу давлат чегараларида тиббий текширув йўлга қўйилди.
Қозоғистон ва эндиликда Қирғизистонда чўчқа гриппига чалинган беморлар қайд этилиши муносабати билан¸ бу давлат чегараларида тиббий текширув йўлга қўйилди.

Бишкекда ҳам чўчқа гриппига чалинган илк беморлар пайдо бўлганига оид хабар, айниқса, бу йил Ҳаж зиёратига боришни ният қилиб турган 4500 нафар қирғизистонликни ташвишга солиб қўйди.

Боиси¸ Саудия Арабистони ҳукумати бу йил Ҳаж зиëратига борувчилар чўчқа гриппига қарши эмланиши ва бу ҳақда махсус сертификатга эга бўлиши кераклиги ҳақида шарт қўйган.

Қирғизистон бош санитар врачи Сабиржан Абдикаримов 24 август куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида Саудия Арабистони ҳукуматининг бу талабини бажариш имконияти мавжуд эмаслигини айтди.

- Чўчқа гриппига қарши вакцина ҳали ўйлаб топилмаган. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда биз Саудия Арабистони расмийлари билан бу шартни ўзгартириш тўғрисида ёки бизни вакцина билан таъминлаш тўғрисида музокаралар олиб бораяпмиз. Лекин Ҳаж зиёратига кетаётган қирғизистонликлар¸ албатта¸ менингит, мавсумий тумов касалларига қарши эмланади, деди Сабиржан Абдикаримов.

Қирғизистон бош санитар врачи бу борадаги музокаралар Ҳаж мавсуми бошланадиган октябр ойигача давом этиши мумкинлигини айтди. Лекин мамлакат муфтийси Муратали Жумановга кўра, бу ҳолат қирғизистонликларнинг Ҳаж зиёратидан кечикиб қолишига сабаб бўлмайди:

- Худо хоҳласа, бу муаммо ҳал этилади. Шунинг учун ҳам бу муаммо зиёратчилар сонининг чекланишига, уларнинг Ҳажга боришига тўсиқ яратилишига сабаб бўлолмайди, деди Қирғизистон муфтийси.

Қирғизистон ҳукумати тарқатган маълумотда айтилишича, Ҳаж зиёратига борган қирғизистонликлар Макка ва Мадинада ҳам қирғиз шифокорлари кўригида бўладилар. Ҳажга борган 4,5 минг қирғизистонлик 45 та гуруҳга бўлинади ва ҳар бир гуруҳга малакали шифокорлар бириктирилади.

Айни пайтда Қирғизистон фуқароларида чўчқа гриппининг аниқланиши ҳукуматни ҳам, мутахассисларни ҳам, фуқароларни ҳам ташвишга солиб қўйди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси Зуриддин Нурматовнинг айтишича, ҳукумат касалликнинг тарқалиб кетиши олдини олиш мақсадида кескин чоралар кўра бошлаган.

- Ҳозир Халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Қирғизистонга 8 мингта Тамифлю дориси келтирилган. Агар Қирғизистонда чўчқа гриппи эпидемияси бўлмаса, бу дори етарли ҳисобланади.

Қирғизистон ҳукумати ҳам чўчқа гриппининг олдини олиш учун чора-тадбирлар кўрмоқда. Касалхоналарга умумий қиймати 1 миллион доллардан кўпроқ бўлган ускуналар берилди. Ҳозирги кунда яна 4 миллион долларга керакли бўлган дори-дармонлар сотиб олинмоқда, деди Зуриддин Нурматов.

Қирғизистон чегара хизмати ҳам бошқа ҳукумат тузилмалари билан ҳамкорликда чўчқа гриппининг мамлакатга кириб келиши олдини олиш борасида иш олиб бораётир.

- Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистон томонидан мамлакатга чўчқа гриппи кириб келиш хавфи мавжуд, деган маълумот бизда йўқ ва бундай ҳолатлар шу кунгача кузатилмади. Лекин Қирғизистон чегарасидан ўтаётган ҳар бир шахс, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорва молларида H1N1 вируси бор-йўқлиги юзасидан текширув ўтказилмоқда, деди Қирғизистон чегара хизмати раҳбарининг ўринбосари Чўлпўн Турусбеков.
XS
SM
MD
LG