Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:57

Регистонда яна "Шарқ тароналари" янграйди


"Шарқ тароналари"нинг асосий қисми Самарқанд юраги ҳисобланмиш Регистон майдонида бўлиб ўтади.
"Шарқ тароналари"нинг асосий қисми Самарқанд юраги ҳисобланмиш Регистон майдонида бўлиб ўтади.

26 август куни бошланадиган “Шарқ тароналари” фестивалида дунёнинг 60 давлатидан келган бадиий жамоалар, миллий мусиқа ижрочиларининг иштирок этиши кутилмоқда.

Аслида фестивал 25 август оқшомида тантанали тарзда очилиши лозим эди. Аммо сешанба куни маросимнинг кечиктирилгани ҳақда хабар пайдо бўлди.

“Шарқ тароналари” фестивалини ўтказиш бўйича махсус штабга қўнғироқ қилиб, фестивал очилиши маросимининг кечиктирилиши сабаблари билан қизиқдик.

- Ëмғир туфайли қолдирилди. Эрталаб совуқроқ бўлди.

Озодлик: Бу фақат об-ҳавога боғлиқ бўлдими? Бошқа сабаблари йўқми?

- Баъзи бир давлар иштирокчилари кеч қолгани ҳам сабаб бўлди. Масалан¸ украиналиклар ҳали етиб келмаган эди¸ деди штаб ходими.

Самарқанд вилояти мутасаддилари йил давомида “Шарқ тароналари” фестивалини ўтказишга тайёргарлик кўришди.

Расмий маълумотларга кўра, фестивал муносабати билан Самарқанд шаҳридаги аэропорт, темир йўл вокзали, Регистон майдони, тарихий обидалар, истироҳат боғлари ва йўлларда қурилиш-реконструкция ишлари амалга оширилган.

Самарқанд вилоят Маданият ишлари бошқармаси, бўлим бошлиғи Сарвар Норимов “Шарқ тароналари” фестивалини ўтказишга масъул шахслардан бири.

Сарвар Норимовга кўра, Регистон майдонида 2000 томошабинга мўлжалланган ўриндиқлар тайёрланган бўлиб, уларнинг барчаси шаҳардаги ўқув юртларидан йиғиб келтирилган.

Сарвар Норимов: Регистонга саҳна қурилган¸ўриндиқлар қўйилган. Ҳар бир лицейлардан¸ коллежлардан стуллар олиб келинган. Ҳар кун эрталаб 07.00 дан 11.00 гача¸ тушдан кейин соат 16.00 дан 21.00 гача репетиция жараëнлари бўлди.

Озодлик: Репетиция қанча бўлди?

- Бир ойдан ошиб қолди¸ дейди Сарвар Норимов.

Бир ойдирки, хоразмлик 20 нафар раққос йигит ҳам концерт репитицияларида иштирок этишаяпти.

Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубованинг айтишича, хоразмлик раққослар фестивал тантаналарида “Қайроқ рақси” билан қатнашади.

- Хоразмдан бу йил фақат йигитларимиз қатнашаяпти. “Қайроқ рақси”ни ижро этишади. Бизлар бундан жуда ҳам хурсандмиз. Чунки йигитлар рақси, айниқса, қайроқ рақси Хоразмда жуда ҳам ривожланган. Қайроқ рақси Хоразмдан бошқа ҳеч қаерда йўқ. Тош билан темирни қўлга олиб ўйнаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди-ку. Бунга ўта маҳорат¸ меҳнат керак, дейди Гавҳар Матёқубова.

Фестивал тантаналарида хоразмлик раққослардан ташқари йигирмадан зиёд бадиий жамоа, халқ артистлари, ҳофизлар ва машшоқлар иштирок этишади.

Мутасаддиларга кўра,Ўзбекистон халқ артисти, машҳур режиссёр Баҳодир Йўлдошев бошчилигидаги катта концерт дастурининг ҳар қачонгидан бошқача бўлиши кутилмоқда. Бироқ бу ўзгача концертни ҳар ким ҳам томоша қилиш имконига эга эмас.

Сарвар Норимовнинг билдиришича, Регистон майдонига қўйилган ўриндиқларнинг ўз эгалари бор.

Сарвар Норимов: Бу жойлар вилоят ташкилотларининг раҳбарлари¸ республика раҳбарлари¸ чет элдан келадиган қатнашчилар учун тайëрланган. Очилиш маросимидан кейин ҳар бир мамлакат ўзининг санъатини кўрсатган вақтлари таклифнома орқали кирилаверади. Таклифномалар тарқатилаяпти.

Озодлик: Таклифномани ҳамма олиши мумкинми ëки маълум одамларга тарқатиладими?

Сарвар Норимов: Очилиш маросими учун фақат раҳбариятга тарқатилаяпти.

Озодлик: Қолган кунлари хоҳлаган одам кириши мумкинми?

- Қолган кунлари Регистон ансамблида¸ Мўъжиза амфитеатрида¸ “Ëшлик” маданият ва истироҳат боғида ўтказилади. Қолаверса¸ санъаткорлар туманларимизга бориб¸ ўз санъатларини намойиш этишади, деди Сарвар Норимов.

Маълумотларга кўра, "Шарқ тароналари" 7- халқаро мусиқа фестивалида дунёнинг 60 дан зиёд давлатидан бадиий жамоаси, миллий мусиқа ва санъат ижрочилари иштирок этиш истагини билдирган. Бу йилги фестивалда илк бора Мексика ва Коста-Рикадан ҳам вакиллар қатнашади.

Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева фикрича, “Шарқ тароналари” фестивали Ўзбекистон довруғини дунёга танитмоқда.

- "Шашмақом" асарлари¸ айтишимиз мумкинки¸ дурдона асарлар. "Шашмақом" Юнеско томонидан энг ноëб дурдона асар деб тан олинган. Мана шу юртда “Шарқ тароналари” фестивалининг ўтказилиши санъатга бўлаëтган катта эътиборнинг белгисидир. Шу орқали халқимиз ўзга давлатларнинг маданияти¸ санъати билан танишади. Бизнинг юртимизга келганларнинг эса бизнинг юртимизнинг нафақат санъатига балки тарихи¸ маданияти ва халқига бўлган қизиқиши ортиб бораяпти, дейди Муножот Йўлчиева.

Ўзбек мумтоз ашулалари ижрочиси Муножот Йўлчиеванинг ўзи ҳам “Шарқ тароналари” фестивалининг иштирокчиси. 1997 йилги илк фестивалда Муножот Йўлчиева биринчи ўрин соҳиби бўлган.

Озодлик: Сиз ўша йили биринчи ўринни олдингиз. Нима учун Муножот Йўлчиева Гран-прига сазовор бўла олмади?

- Биласиз¸ ўзбек халқи меҳмондўст халқ¸ меҳмонларни хафа қилишни хоҳламайди. Ўша ўринни меҳмонларимизга муносиб топдик, дейди Муножот Йўлчиева.

Ўзбек халқининг меҳмондўстлиги боис Гран-прини озарбайжонлик Симара Имановага бой берган Муножот Йўлчиева “Шарқ тароналари”ни ҳар қандай кўринишдаги коррупция ҳолатларидан холи ҳисоблайди.

- Коррупцияга бўйин эгмайди. Чунки ҳайъат аъзолигига халқаро миқëсда ўз нуфузига эга бўлган мутахассислар таклиф қилинади. Ҳайъат аъзолари ўзларининг холис баҳоларини қўйишади, дейди Муножот Йўлчиева.

1997 йил 11 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Шарқ тароналари” фестивали таъсис этилди.

Фестивал анъанавий тарзда ҳар икки йилди бир марта Самарқанд шаҳрида ўтказилади.

2007 йили ўтказилган “Шарқ тароналари” 6- фестивалида Гран-при ва 10 минг доллар кувайтлик санъаткорларга насиб қилган эди.
XS
SM
MD
LG