Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:58

Мардикор яна пул жўнатишга киришди


Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ватанга юбораëтган маблағнинг аксар қисми Western Union тармоғи орқали бормоқда.
Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ватанга юбораëтган маблағнинг аксар қисми Western Union тармоғи орқали бормоқда.

Contact пул ўтказиш тизимини йўлга қўйган "Русславбанк" тарқатган хабарга кўра¸ Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар уйларига юбораётган пул жўнатмалари ҳажми сўнгги ойларда анча кўтарилиб қолган.

Contact деб аталувчи пул ўтказиш тизимини йўлга қўйган Россиядаги “Русславбанк” раҳбариятининг билдиришича, жорий йилнинг иккинчи чорагида Contact халқаро пул жўнатмалари тизими орқали Ўзбекистонга юборилаётган пул жўнатмалари ҳажми биринчи чоракка нисбатан 63 фоизга ортган ва Россиядан пул жўнатиш бўйича ўзбек муҳожирлари етакчилик қилмоқда.

Aйни мавсумда Тожикистонга Contact орқали юборилган пул жўнатмалари ҳажми 53 фоизга ва Қирғизистонга жўнатиш эса¸ 20 фоизга ўсган. Contact тизими орқали МДҲ мамлакатларига пул жўнатмалари ҳажми эса ўртача ҳисобда 54 фоизга ортган.

- Contact тизимимиз орқали юборилаётган пул жўнатмалари ҳажми ҳақиқатан кўтарилиб бормоқда ва бу кўтарилиш асосан меҳнат муҳожирлари уйларига юбораётган пуллар ҳисобидан бўлмоқда, дейди Contact пул ўтказиш тизимини йўлга қўйган “Русславбанк” вице-президенти Ирина Шипилова.

Ўзбек муҳожирлари уйларига юбораётган пул жўнатмалари ҳажми ортганининг¸ биринчи галда¸ иш мавсуми билан боғлиқ экани айтилмоқда. Ирина Шипилованинг айтишича, айнан йилнинг иккинчи ва учинчи чорагида Россияда мигрант ишчилар фаоллиги кузатилади.

- Албатта¸ бу ўсишни биз мавсумий омиллар билан боғлаймиз. Яъни пул жўнатмалари миқдорининг ошиши меҳнат муҳожирлари ишлайдиган соҳалар билан боғлиқ. Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистондан келган муҳожирлар асосан қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишлайди ва шу соҳаларда иш асосан йилнинг иккинчи чорагида қизийди. Улар бу мавсумда уйларига кўпроқ пул жўнатадилар, дейди Ирина Шипилова.

Банк расмийси берган маълумотга кўра¸ ўтган йили биргина Contact тизими орқали Ўзбекистонга Россиядан ярим миллиарддан зиёд пул жўнатилган. Икки миллиондан ортиқ ўзбекистонлик Россиядан пул жўнатишда Contact хизматидан фойдаланган. Contact нинг Ўзбекистон бўйича ҳиссаси 25 фоизни ташкил қилади.

- Мамлакат иқтисодида ҳам барқарорлашув кузатилмоқда. Россия рубли ҳам стабил оралиқда турибди. Марказий банк ставкалари пасайиб, қимматбаҳо қоғозлар бозори жонланмоқда. Мамлакат иқтисодининг умумий кўрсаткичлари барқарорлашар экан, ўз навбатида бунинг ифодасини меҳнат бозорида ҳам кузатаяпмиз. Яъни иш берувчиларнинг меҳнат муҳожирларига ҳақларини ўз вақтида беришга қурби етаяпти, дейди Шиплова.

Contact расмийлари ҳисоб-китобига кўра¸ ўзбекистонликлар бошқа давлатлардан ҳам уйларига пул жўнатишади, лекин Россиядан жўнатилаëтган маблағлар бу ўтказимнинг аксарини, яъни 80 фоизини ташкил этади. Бу борадаги иккинчиликда¸ уларга кўра¸ Ўзбекистонга жўнатилаëтган умум маблағларнинг 8 фоизини юбораëтган Қозоғистондаги муҳожирлар туради.

Россияда Contact дан ташқари Western Union каби бошқа халқаро пул ўтказиш хизматлари ҳам бор. Шунингдек, Ўзбекистонга меҳнат муҳожирлари тарафидан пул жўнатиш Россиядаги Unistream пул ўтказиш тизими орқали ҳам амалга оширилади.

Unistream халқаро пул ўтказиш тизими бош директори Сурен Айрияннинг айтишича, ўтган йил давомида Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирлари Unistream орқали 700 миллион доллардан кўп пул жўнатган ва жўнатмалар ҳажми ортиб бормоқда.

- Масалан¸ жорий йил биринчи ярмида Unistream орқали Ўзбекистонга 355 минг марта пул ўтказиш амалга оширилди. Ўсиш тенденцияси бор. Бозор аввалги ҳолига келмоқда. Ўтган йили Unistream орқали Россиядан Ўзбекистонга 744 миллион доллар, Тожикистонга 690 миллион доллар жўнатилди. Россия Марказий банки маълумотига кўра, Unistream нинг Ўзбекистон бўйича ҳиссаси 25-30 фоизни ташкил қилади, дейди Unistream халқаро пул ўтказиш тизими бош директори Сурен Айриян.

Бугунги кунда Россиядаги меҳнат муҳожирларининг энг катта қисмини ўзбекистонликлар ташкил этади. Москвада ишлаётган андижонлик муҳожирнинг айтишича, дам олиш нималигини билмай, ҳафтада етти кун ишлаган ўзбек мардикори Ўзбекистонга ойида 300-400 доллар юбориб туради.

- Мисол учун¸ қурилишда бизнинг ҳамюртлар ишлашаяпти. Қурилишда ойига 14 минг рублдан пул бераяпти экан. Бунда ҳам кунбай экан. Яъни ишлаган кунини ҳисоблаб, пул берар экан. Емоқ-ичмоқ ва квартирага бир ойда 3000 рубл кетади. Кўпи билан 4000 рубл кетади. Қолганини уйига жўнатади. 300 доллар қилиб жўнатишаяпти. 10 минг рубл ўртача 300 доллар бўладида¸ дейди Москвада ишлаётган андижонлик меҳнат муҳожири.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра¸ миллионлаб ўзбек меҳнат муҳожирлари томонидан жўнатилаётган бу пуллар Ўзбекистон иқтисодиётининг 20 фоизигача ташкил этиши мумкин. Таҳлилчиларга кўра, сўнгги йилларда айнан меҳнат муҳожирлари юборган миллиардлаб долларлар ўзбек сўмини дефолтдан асраб қолган.
XS
SM
MD
LG