Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:39

Тошкентда яна отишма


29 август куни Тошкентнинг бир неча ҳудудида отишмалар бўлгани айтилмоқда.
29 август куни Тошкентнинг бир неча ҳудудида отишмалар бўлгани айтилмоқда.

Бир қатор мустақил манбаларнинг хабар беришларича, 29 август куни Тошкент шаҳрининг бир қатор туманларида отишма овозлари эшитилган ва одамлар ҳалок бўлган.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг хабар беришича, 29 август куни соат 18.30 да Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги “Кўкча” ва 1-сон касалхонаси оралиғида инсон ўлимига сабаб бўлган отишма содир этилган.

Бу ҳақда интернетдаги бир қатор ахборот нашрлари ҳам хабар берган.

Хабарларда айтилишича, милиция томонидан воқеа жойига олиб борувчи барча йўллар беркитилган. Интернет нашрларнинг гувоҳларга таяниб хабар беришларича, фуқаролик кийимидаги номаълум одамлар милиция ходимларига ҳужум қилганлар.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи отишма пайтида камида тўрт нафар милиционер ҳалок бўлгани ҳақида хабар беради.

- Отишма содир этилган жойга бир соатдан сўнг етиб бордик. Бироқ биз етиб борганда ҳалок бўлганларнинг жасадлари олиб кетилган экан.

Воқеа гувоҳлари эса ҳалок бўлганларнинг асосий қисми милиционерлар бўлганини айтдилар. Баъзи гувоҳлар тўрт нафар, бошқалар эса олти нафар милиция ходими отишма чоғида ҳалок бўлганини айтишди.

Шунингдек, Тошкентдан чиқиб кетаверишда Назарбек деган жой бор. 29 август куни Эски шаҳардаги отишма билан бир вақтнинг ўзида бу жойда ҳам отишма бўлгани ҳақида маълумотлар бор,- деди Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов “Озодлик” радиоси билан суҳбатда.

“Фарғона.ру” нашрининг Тошкентдаги манбаларга таяниб ёзишича, 29 август куни пойтахтнинг бир қатор туманларида отишма бўлгани кузатилган.

“Тахминан соат 22 чамасида Чиланзор туманининг бешинчи, олтинчи ва еттинчи кварталларида, Фарход бозори атрофида ва “Алгоритм” туманида отишма овозлари эшитилган”,-деб хабар беради “Фарғона. ру”.

Айни пайтда Ўзбекистон расмийлари бу маълумотни тасдиқламадилар ва рад ҳам этмадилар. Ўзбекистон матбуоти ҳам бу воқеа юзасидан жимлик сақламоқда.

Тошкентдаги Газета uz нашрининг ёзишича, “Кўкча” атрофидаги отишма милиция рейди давомида содир бўлган.

Милиция ходимлари текширув жараёнида икки қаватли уйлардаги квартираларадна бирида икки нафар қуролли одам борлигини аниқлаганлар.

“Қуролли одамлар таслим бўлишни истамай милицияга қарата ўқ отганлар. Отишма натижасида қуролли шахслар жисмонан йўқ қилинган”, деб ёзади Газета uz.

Нашрнинг билдиришича, мустақил манбаларнинг Тошкентнинг бошқа ҳудудларида ҳам отишмалар бўлгани тўғрисида тарқатган маълумотлари ҳақиқатга зиддир.
XS
SM
MD
LG