Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:02

Амнистиянинг биринчи қалдирғочи


Ўзбекистонлик Оязимхон Хидирова фермерлар ҳуқуқини ҳимоя қилган.
Ўзбекистонлик Оязимхон Хидирова фермерлар ҳуқуқини ҳимоя қилган.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ва фермер, 35 ёшли Оязимхон Хидирова Ўзбекистон Мустақиллигининг 18 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияга асосан озод этилган биринчи ҳуқуқ фаоли бўлди.

Жиззах вилоятининг Арнасой туман суди Оязимхон Хидировага қўйилган айбловлар бўйича дастлабки маҳкама жараёнини 30 август якшанба куни тушга яқин ўтказишга қарор қилди.

Хидорованинг адвокати Нафас Камолов жараён бошланиши биланоқ маҳкамага илтимоснома киритганини айтади:

- Мен "Хидировага нисбатан илгари сурилаётган жиноий ҳатти-ҳаракатлар унча оғир бўлмаган ҳамда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига киради. Олий Мажлис Мустақилликнинг 18 йиллигига бағишлаб эълон қилган амнистиясининг биринчи қисми “А” бандига, ҳамда еттинчи қисмига тўғри келганлиги сабабли Хидирова Оязимхоннинг жиноий ишини суд мажлисида кўрмасдан тугатишларингизни сўрайман" дедим. Илтимоснома киритдим¸- дейди Нафас Камолов.

Адвокат илтимосномаси қондирилди ва Хидирова озод қилинди."Суд жараёни иштирокчилари учун бу кутилмаган воқеа бўлди", дейди Хидирова ишини бошдан охиригача кузатган жиззаҳлик ҳуқуқ фаоли Зиёдулла Раззоқов.

- Буни уюштирган одамлар "Оязимхон Хидирова энди шу билан қамалиб кетади", деган тушунчада бўлган. Ўша куни ҳам суд залида уларнинг "Бўлди. Унга амнистия қисман қўлланилиб¸ айбловларнинг қолган қисми билан у барибир қамалиб кетади", деган ҳангомаларини ҳам эшитиб турдик. Оязимхонни озод қилинганидан кейин, уларнинг ҳаммаси галалашиб ҳокимлик биноси томон кетди¸ - дейди Зиëдулла Раззоқов.

Жиззахнинг Арнасой туманидаги “Бухоро” сувдан фойдаланиш уюшмаси собиқ раҳбари Оязимхон Хидирова фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, туман ҳокими ва прокурорининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари юзасидан мамлакат президентига ва Бош прокурорига шикоят мактубини ёзганди. Бундай қилишга уни шароит мажбур қилганини айтганди фермер Озодлик радиоси билан суҳбатларидан бирида.

- Ҳар хил одамлар келиб кетади. Ҳали униси: “Мен каттаман, сен ундай қилмаяпсан”¸ ҳали буниси: “Мен каттаман, сен бундай қилмаяпсан”, дейди. Тушунмай ҳам қолдим. Одамнинг миясини ачитиб¸ жинни қилиб ташлаяпти.

“Аҳолини чиқарайлик, фермерлар қийналиб кетди, айбимиз пахта экканимизми?” десак¸ “Сен кимсан, нимага сенинг тилинг узун бўлиб қолди? Биз хоҳлаган одамимизни қўямиз. Биз айтган гап билан иш қиласан. Агар бизга гап қайтарадиган бўлсанг¸ сразу аризангни ëз. Бизнинг айтганимизни қилмасанг¸ давлат сиëсатига қарши чиқаяпти, деб қамаб юборамиз ëки ерингни оламиз”, деб прокурор Жиззахдан бир милицияни¸ ëнида бир каттани олиб келибди¸ - деган эди Оязимхон Хидирова.

Оязимхон Хидировани қамаш учун жиддий ҳаракат бўлгани инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи дунёдаги энг нуфузли Ҳюман Райтс Вотч ташкилотининг назаридан ҳам четда қолмади. 28 июл куни ҳибсга олинганидан буён унга нисбатан илгари сурилган айбловларнинг сони 13 тага етди.

18 август куни Ҳюман Райтс Вотч баёнот эълон қилиб Хидировани дарҳол озод этишга чақирганди. Ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўлими раҳбари Холли Картнер Хидированинг ҳибсга олиниши жиддий хавотирланишга асос беришини айтганди.

- Биз Ўзбекистонда коррупцияни фош этаётган ва фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётган инсон ҳуқуқлари фаолларининг кўпроқ таъқиб этилаётганини кузатмоқдамиз. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг таъқиб этилиши бу мамлакатга хос одатий ҳолатдир.

Аммо сўнгги пайтларда¸ айниқса¸ фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган ва ўз фаолиятини қишлоқ хўжалигидаги болалар меҳнати ва пахтачилик соҳасидаги қоидабузарликларга қаратган фаолларнинг таъқиб этила бошланганини қайд этмоқдамиз¸ - деган эди Ҳолли Картнер.

Оязимхон Хидирова фермерлик ва инсон ҳуқуқлари фаолиятидан воз кечиш ниятида эмас. Шу боис уни амнистия асосида озод этиш қарори Зиёдулла Раззоқовнинг айтишича, унинг қамалишини истаган маҳаллий раҳбарларни ранжитган бўлиши мумкин.

- Ҳозир бунга қўйилган айбловлар ўз тасдиғини топмади деган ажрим қабул қилинди. Унинг ҳаммаси нотўғри бўлиб чиқди. Кейинги сафар бунақа айбловларни улар қўя олмайди деб тушунаман, мен¸- дейди Зиëдулла Раззоқов.

Эслатиб ўтамиз¸ 28 август куни Ўзбекистон Олий Мажлиси сенати амнистия тўғрисидаги актни қабул қилди. Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинганлигининг 18 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия акти ҳукм қилинган аëлларни¸ жиноят содир этган вақтида 18 ëшга тўлмаган шахсларни¸ 60 ëшга тўлган эркакларни¸ шунингдек чет эл фуқароларини озод этишга қаратилган.

Шунингдек¸ аминистия ижтимоий хавфи катта бўлмаган ëки унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахсларни¸ биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларини¸ жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир жазога чалинган деб топилган шахсларни жазодан озод этишни назарда тутади.
XS
SM
MD
LG