Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:34

Амнистиядан умидсиз умидворлар


Ўзбекистон қамоқхоналаридаги 40 мингдан ошиқ маҳбуснинг аксари йиллик амнистия озодликкка эшик очишидан умидвор.
Ўзбекистон қамоқхоналаридаги 40 мингдан ошиқ маҳбуснинг аксари йиллик амнистия озодликкка эшик очишидан умидвор.

Ўзбекистон мустақиллиги куни муносабати билан эълон қилинган янги амнистияга 40 мингга яқин маҳбуснинг ҳар бири кўз тикиб турибди. Аммо бу некбинлик ҳар йили сиëсий ва диний эътиқоди учун қамалганларни четлаб ўтмоқда.

Мурод Жўраев

Ўзбекистон қамоқхонасида энг узоқ сақланаётган сиëсий маҳбуслардан бири Мурод Жўраев бу йилги амнистияга ҳам тушмаслиги мумкин. Боиси¸ яқинда Мурод Жўраевнинг озодликка чиқишига саноқли кунлар қолганида, унга яна уч йил қўшиб берилди.

Шундай бўлса-да Мурод Жўраевнинг рафиқаси Холбека Жўраева ҳар амнистия чиқққанида ҳам ҳукуматга, ҳам Худога илтижо қилиб эрининг озодликка чиқишини сўрайди.

- Мен ўзим унчалик ишонмайман чиқишларига. Янаям Худодан илтижо қилаяпман. Мана 15 августда муддатлари тугади. Яна уч йил беришди. Майли уч йил берса ҳам уйга юбориб¸ жуда кучли назорат қилиб турса ҳам майли эди. Ҳовлисидан чиқмасин¸ деб милицияларни қоровул қилиб қўйиб қўйса ҳам майли дейман. Болаларим етишиб қолди. Роса қийналиб кетдим. Амнистияга шунча йилдан бери туширмаяптику. Амнистияга тушишига ишонмасам ҳам кутаман.

“Фалакнинг гардиши билан юқоридагиларга инсоф келиб қолсаю чиқиб қолсалар” деган нарса кўнглимда бўладию¸ лекин барибир ишончсизлик ҳам борда. 16 йил бўлди. 16 йилдан буëн ишончсизлик кучайди. Мен охирги уч йилликда аниқ чиқадилар¸ деб ўйлаган эдим. Учинчи марта йил қўшиб беради деган нарса хаëлимга ҳам келмаган эди. 15 августда чиқишларини шунчалик кутган эдимки¸ ҳатто тасаввур ҳам қила олмайсиз. Кейинги борганимда мен ëмон бўлиб қолдим. Энди мен буни бир умрлик қамоқ деб тушундим, дейди Холбека Жўраева.

15 йилдан буён қамоқда ўтирган 58 ёшли Мурод Жўраев мухолифатдаги “Эрк” партияси асосчиларидан бири. У 1990-93 йилларда Ўзбекистон парламенти депутати бўлган.

1995 йилда Ўзбекистон Олий суди Мурод Жўраевни ҳокимиятни эгаллаб олиш мақсадида фитна уюштиришда айблаб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этган.

Мамадали Маҳмудов

Гулсара Маҳмудова 10 йилдан буён қамоқда сақланаётган Мамадали Маҳмудовнинг рафиқаси. Гулсара опа 10 йилдирки, эрининг амнистияга тушишидан умидини узгани йўқ.

- Биз энди умид қилиб ўтирибмиз. Олдинги амнистияларга тушишлари керак эди. Ўшанда ҳам “Тўғри келмади¸ у ëқ¸ бу ëқ” дейишди. Шунча йилдан бери ҳали битта ҳам амнистияга тушмаган. Ўн биринчи йил кетаяпти. Умид қилиб ўтирибмиз яна. Иккита байрам бўлдику. Байрам сабаби билан бўлиб қолар¸ деб ўтирибмиз. Ëшларини ҳисобга олиб чиқариб юборишса ҳам бўларди. 1940 йил туғилган бўлса¸ 70 га қараб кетаяпти. Шуни ҳисобга олишса бўларди. Мен борганимда “Мазам йўқ. юрагим хуруж қилиб туради” дегандилар. Амнистия билан чиқариб юборса бўларди, дейди Гулсара Маҳмудова.

“Ўлмас қоялар” романи учун совет даврида ҳам таъқибга учраган Мамадали Маҳмудов мустақилликдан кўп ўтмай айни асари учун Чўлпон мукофоти билан тақдирланган эди.

Аммо кўп ўтмай адабий тахаллуси Эврил Турон бўлган Мамадали Маҳмудов 1999 йилнинг 16 февралида Тошкентда бўлган портлашларга алоқадорликда айбланиб, ҳибсга олинди.

Суд қарорига кўра, у Ўзбекистон конституциявий тузумига тажовуз қилганлик, Ўзбекистон президентини ҳақорат қилганлик каби айбловлар билан 14 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Солижон Абдураҳмонов

Айни пайтда Қаршидаги қамоқхонада сақланаётган Солижон Абдураҳмоновнинг ҳам ҳукуматнинг махсус қора рўйхатига киритилган маҳбуслардан бири экани айтилади.

Солижон Абдураҳмоновнинг кенжа ўғли Темурбек отасини соғингани, унинг амнистияга тушишини орзиқиб кутаётганини айтади.

Темурбек Абдураҳмонов: Бу йил каттароқ амнистия бўлади дейишаяпти. Албатта¸ чиқишини хоҳлаймиз. Дадамни яқинда бориб кўриб келдик. Яхши эканлар. Қашқадарë 61 да ўтирибдилар.

Озодлик: Солижон аканинг амнистияга тушишдан умидлари борми?

- “Чиқаман¸ бораман¸ кўришамиз¸ юрамиз” дейди. Яна билмадим. Амнистияни энди у ëқдагилар ҳал қилишадию. Ўшанга умид қилиб ўтирибмиз энди, дейди Темурбек Абдураҳмонов.

Солижон Абдураҳмонов ўтган йилнинг 7 июн куни ҳибсга олинган эди. Ҳибсга олинган пайтда унинг машинасидан 114 грамм марихуана ва 6 граммга яқин қорадори топилгани даъво қилинади. Дастлаб у гиёҳвандликда айбланди. Кейинчалик терговчилар унга банг моддаси сотишга ҳаракат қилганлик айбини тиркашди.

2008 йилнинг 10 октябр куни Нукус шаҳар жиноий ишлар суди ҳукмига кўра, Солижон Абдураҳмонов 10 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Алишер Кароматов

Қамоқхонада сил касаллигига чалингани ва айни пайтда соғлиги жуда ёмонлиги айтиладиган Алишер Кароматов ҳам амнистиядан мосуво бўлган маҳбуслар қаторига киради.

Шунга қарамай¸ Алишер Кароматовнинг рафиқаси Намуна Кароматова бу йил эрининг соғлигини эътиборга олиб авф қилишларидан умидвор бўлаяпти.

- Умид қилаяпман. Ҳали умидим сўнгани йўқ. Ҳозир газета олиб¸ амнистия тўғрисидаги қарорни ўқидим. Умидим сўнгани йўқ. Умид билан яшаяпман. Уч-тўрт кундан бери йўлга қараб ўтираман. Зора хабар келиб қолса¸ деган умид билан ўтирибмиз. Ҳар ўқиганимда бутун жойим титрайди. Ҳар сафаргисида инобатга олинар деб кутаман, дейди Намуна Кароматова.

Алишер Кароматов 2003 йилдан бошлаб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани бўлимига раҳбарлик қилган.

2006 йилнинг 29 апрелида Алишер Кароматов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Аъзам Фармонов билан биргаликда пора олишда айбланиб¸ ҳибсга олинган ва суд ҳукми билан 9 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Аъзам Фармонов

Аъзам Фармоновнинг рафиқаси Озода Ёқубова эрининг амнистияга тушишдан аллақачон умидини узганлигини айтади.

Озода Ёқубова: Ҳар йили амнистия чиққанда биз умид қиламиз. Лекин афсуски амнистияга туширишмаяпти. Ҳар йили амнистия чиққанда бўйнига атайлабдан қоидабузарлик илиб қўйишади. Шундай бўлса ҳам умид қиламиз. Охирги марта июл ойининг бошида бориб келганман.

Озодлик: Аъзам ака учрашувда нима дедилар? У кишининг амнистиядан умидлари борми?

- Ўзлари амнистиядан умидларини узганлар. “Бизни ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам амнистияга туширмасликка ҳаракат қилишади. Бу йил ҳаттоки ўзларига билдирмасдан выговор беришди. Нимани баҳона қилиб қўйишган¸ ўзим ҳам билмайман” деб айтгандилар. Бу дегани амнистияга тушмадим деган гап. Выговор олса амнистиядан маҳрум бўлишар экан, дейди Озода Ёқубова.

Янгиер шаҳар жиноий ишлар суди қарорига кўра, Аъзам Фармонов билан Алишер Кароматов Ўзбекистон жиноят кодексининг 165-моддаси, яъни товламачилик банди бўйича айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири 9 йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Аъзам Турғунов

Аъзам Турғуновнинг ўғли Бекзод Турғунов отасининг амнистияга тушишга астойдил ишонади.

- Кичкинамиз ҳар кун “Бобом қачон чиқади?” деб ўтиради. Умидимиз катта. Охирги амнистиядан жуда катта умид қилаяпмиз. Чунки биринчи судланганлиги оқланганлиги ҳақида иккинчи суддан кейин чиқиб қолди. Кейин уни аппеляцияга тақдим қилдик. Биринчи суд деб ҳисоблаб¸ шу билан чиқиб кетарлар деб ўйлаяпмиз. Ноумид шайтон. Бундан жуда катта умидимиз бор, дейди Бекзод Турғунов.

Аъзам Турғунов ўтган йилнинг 11 июл куни нукуслик бир фуқародан 20 миллион сўм пора талаб қилганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган эди.

23 октябр куни Амударё туман суди Аъзам Турғуновга нисбатан 10 йиллик қамоқ жазоси белгилаш бўйича ҳукм чиқарди.

Ҳабибулло Мадумаров

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли Аҳмаджон Мадумаров диний мотивлар билан қамалган ўғли Ҳабиббуллонинг амнистияга тушмаслигини айтади.

Аҳмаджон Маумаров: Ўғлим Ҳабибуллони кўргани бордим. Уни апрел ойида изоляторга ëпишган. Бу сафар 9 июлдан 19 июлгача изоляторга ëпишибди. Олдинлари намоз ўқиганинг учун¸ деб айтишмас эди. Бу сафар “Эраталаб туриб намоз ўқидинг сен” деб изоляторга ëпишибди.

Озодлик: Демак¸ бу йилги амнистияга тушмаслиги мумкин?

- Албатта тушмайди. Диний эътиқод билан қамалган жуда кўплаб маҳбусларга ҳозирги амнистия фармони ҳеч қўлланилмайди. Ҳар йили амнистия чиқишидан олдин қамоқхоналарда бунга тайëргарлик кўришади. 159- модда билан қамалганларга “қамоқхона тартибини бузди” деган айбловни тайëрлаб қўйишади, дейди Аҳмаджон Мадумаров.

Амнистия атайин чеклаб ўтадиган маҳбусларнинг рўйхати анча учун бўлиб, Ўзбекистон виждон тутқинларини озод қилиш қўмитаси (www.uzn-sovesti.narod.ru ) сайтида ушбу рўйхатга киритилган 30 дан зиёд маҳбуснинг исми-шарифини келтиради.

Айрим маълумотларга кўра, ўтган йили Ўзбекистонда 10 мингга яқин маҳбус афв этилган, амнистиядан кейин мамлакат қамоқхоналарида яна тахминан 38 минг маҳбус қолган.
XS
SM
MD
LG