Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 12:16

Эркин микрофон


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Тингловчи ва муштарийлардан 7 сентябр куни Озодликка келган SMS-хабар ва қўнғироқларда билдирилган турфа мулоҳаза ва истаклар яна “Эркин микрофон” рукнида жамланди.

Марғилон - ëнғинлар шаҳри

Илк суҳбатдошимиз марғилонлик Абдурашид ака 6 сентябр куни эрталаб Марғилондаги Марказий универмагда (ЦУМ) катта ёнғин бўлгани ҳақида хабар қилди.

Абдурашид ака Марғилонда кейинги пайтда кетма-кет ёнғинлар содир бўлаётгани ва бунинг шубҳали туюлаётгани ҳақида гапирди.

- Олти ой ичида Марғилоннинг савдо марказида уч марта жуда катта ëнғин бўлди. Кеча марказий универмаг ҳам ëниб кетди. Сабабларини билмадим. Бу тасодиф бўлиши мумкин эмас. Нима учун айнан савдо жойлари ëнади¸ дейди Абдурашид ака.

Маълум бўлишича, Марғилондаги Марказий универмагда ёнғин натижасида 100 та савдо растаси ёниб битган.


Россияни қилмагин орзу...


Навбатдаги суҳбатдошимиз Москвада мардикорлик қилаётган андижонлик Абдулла мардикорлик ҳаёти жуда оғирлигини айтиб, бошидан кечирган кўргуликлар ҳақида гапириб берди.

- Кўп қийинчиликларни кўрдим. Алдандим. Уч-тўрт жойларда ишлаб¸ иш ҳақимизни ололмадик. Ҳаттоки биз учун энг оддий шароитлар ҳам йўқ эдида. Масалан¸ ҳожатхоналарига ҳам кириб бўлмас эди. Ëтоқ жойларимизнинг уч-тўртта жойидан чакка ўтарди. Буткаларда¸ вагонларда ëтардик¸ 13 соатлаб ишлардик.

Москвада “Ботанический сад” деган метро бор. Ўша ерда тўрт қаватли бино қурилаяпти. Ўша ерда Ион деган абхаз бор эди. Ўшанинг қўлида ишлаганман. Бизга ҳеч қанча пул бермаганда. Ойлигимизни бермади. Жуда оғир шароитларда ишладик биз. Ҳаққимизни талаб қилган пайтларда¸ ўтирғизиб олиб¸ бўйнимга пичоқ тираган пайтлари бўлди. Болалар ажратиб қолишган эди.

Бундан ташқари¸ ўтган йили уч-тўртта жойларда ишладим. Ҳақимизни ололмаганмиз. Топган 300-400 доллар пулимни уйга жўнатиб юбориб¸ бир сўм пулсиз қолиб кетган эдим. Ҳатто ейишга нон топа олмай оч қолган кунларим бўлди. Метроларда кампирларга “Холалар¸ менинг пулим йўқ. ўтказиб юборинглар” деб ялинардим. Метрога тўлагани пул топилмас эди¸ дейди Абдулла.


Қишлоқда муаммолар адоғи кўринмаëтир....


Сурхондарёдан Озодликка сим қоққан икки сурхон йигити ўзлари яшаётган қишлоқларда ечимини топмаётган муаммолар жуда кўплигини айтишди.

- Мен Улуғбек Мансуров Жумаевичман. Сурхондарë вилояти¸ Шўрчи тумани¸ Алихон Сафаров жамоа хўжалиги¸ Дўстлик маҳалласи. Бизнинг туманимизнинг баъзи бир чекка қишлоқларида "Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили" дастурида кўрсатилган нарсалар бажарилмаяптида. Электр¸ газ¸ ичимлик суви масаласида одамлардан пул йиғишаяпти¸ лекин давлат қилиб бераяпти, дейишаяпти. Сурхондарëнинг бошқа туманларида ҳам мана шунақа муаммолар жуда кўп. Мана қўшни Олтинсой туманидан ëнимда битта бола бор.

- Мен Муҳиддин Усмоновман. Олтинсой туманидан бўламан. Бизда свет¸ газ¸ ичимлик суви умуман бўлмаяпти. Қиламиз¸ деб пул йиғишади¸ лекин амалга оширишмайди. Қишлоқ тараққиëти ва фаровонлиги йили деб бекордан бекорга айтиб қўйишаяпти. Амалда ҳеч нарса йўқ. Тошкентга ëздик. Свет ëқилади дейишади¸ аммо кечқурун бир-икки соат беришади холос. Кундуз куни свет деган нарсанинг ўзи йўқ. ҳатто газ ҳам йўқ. Олти йиллардан бери шунақа яшаяпмиз¸ дейди Муҳиддин Усмонов.


Фақат лўттибозлик....


Наманганнинг Поп туманидан қўнғироқ қилган Набижон Абдувалиев яна ўша пенсия ва ойлик маошлари билан боғлиқ муаммоларга тўхталади.

- Ҳозир Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилган. Мустақиллик байрами ўтиб кетди¸ пенсияларни бера олгани йўқ. Тошкент геология институтига қарашли Чодак кон қидирув ташкилоти беш ойдан бери ойлик олмаган. Мустақилликда ҳам ололмади. Буларни бир текширадиган жой ҳам йўқ. У ëқ¸ бу ëққа хат ëзсангиз¸ ëрдам ҳам бермайди. Беш ойдан бери 150 киши ишлайдиган ташкилот ойлик ололмаяпти. Прокурорга ëзиб юборган эдим¸ ҳеч қанақа жавоб йўқ. Президентга 57 та хат ëзганман. Олий мажлисга 50 та¸ конституцион судга 9 та¸ Олий суд ва бошқа судларга 100 га яқин хат ëзганман. Бирортаси жавоб бермайди. Фақат лўттибозлик¸ дейди Набижон Абдувалиев.

***********************

Азиз муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!
XS
SM
MD
LG