Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:55

Тошкент бедарвозами?


Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари ўзларининг 29 август кунги Тошкент отишмаларига алоқалари бор-йўқлиги юзасидан бирор баёнот берганлари йўқ.
Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари ўзларининг 29 август кунги Тошкент отишмаларига алоқалари бор-йўқлиги юзасидан бирор баёнот берганлари йўқ.

29 август кунги Тошкент отишмаларининг Ўзбекистон исломий ҳаракати томонидан уюштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахмин таҳлилчилар орасида кўплаб саволларни пайдо қилмоқда.

Отишма давомида ўлдирилганлардан бири Шавкат Маҳмудов 1999 йил Тошкент портлашларини уюштирганликда алоқадорликда гумон қилиниб қидирилаётганлардан бири эди.

3 сентябр куни Ўзбекистон Бош прокуратураси махсус амалиёт давомида отиб ўлдирилган уч шахсдан бирининг исмини ошкор қилди.

Расмий хабарда жиноий гуруҳ раҳбари сифатида таърифланган Шавкат Маҳмудовнинг қидирувда бўлгани айтилган. Маҳмудов ва қолган икки шахс тўғрисидаги бошқа тафсилотлар уларнинг чет элда жанговар тайёргарликдан ўтгани ҳақидаги маълумот билан чекланган.

Расмийлар йўқ қилинган гуруҳни июл ойида Кўкалдош мадрасаси директорининг ўринбосари Аброр Аброровнинг ўлдирилиши, Тошкентнинг бош имом-хатиби Анвар қори Турсуновнинг пичоқланиши ва Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Ҳасан Асадовнинг ўлдирилиши билан боғлайди. Аммо зикр этилган гуруҳнинг бу одамларга ҳужум қилиш сабаблари қоронғу қолаётир. Ушбу савол жавобини топиш мақсадида аввало Шавкат Маҳмудов ҳақида маълумот қидиришга тушдик.

2003 йил май ойида чиққан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг қидирувда бўлган шахслар рўйхатида Шавкат Маҳмудов ҳақида қуйидаги маълумотлар бор.

“Маҳмудов Шавкат Дилшодович. 1964 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Тошкент шаҳри Собир Раҳимов тумани Қорақамиш мавзеида яшаган. 1999 йил 12 январ куни 159-модда учинчи қисм бўйича қидирувга эълон қилинган. Маҳмудов Тошкентда 1999 йил 16 феврал портлашларини уюштиришга алоқадорликда гумон қилинмоқда”.

1999 йил 16 феврал портлашларини уюштирганликда Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангарилари айбланганди.

Шу ўринда пайдо бўлаётган жумбоқ: қандай қилиб ушбу портлашларга алоқадорликда гумон қилиниб¸ 10 йил қидирувда бўлган шахс, расмийлар таъбирича¸ хорижда жанговар тайёрганликдан ўтиб қайтади, Тошкентда нуфузли одамларга нисбатан қотиллик содир этиб, Тошкент марказида отиб ўлдирилади?

Воқеаларнинг бундай изоҳи рост бўлса, Тоҳир Йўлдош бошчилигидаги Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари учун чегарадан ўтиб, Ўзбекистоннинг исталган расмийсини жисмонан йўқ қилиш имконсиз вазифа эмас. Тошкентдаги воқеаларини таҳлил қилиб бораётган журналист Абдураҳмон Ташанов ҳам шундай фикрда.

- Масалан¸ четдан қараган одамга Ўзбекистон ниҳоятда изоляциядаги¸ ҳамма жойда кўзлар бор¸ умуман бир қадам ҳам юриб бўлмайдигандай туюлади. Ўзбекистонда бунақа террорчилар юрган бўлса¸ ижарага квартирада яшаб юрган бўлса¸ “Ўз уйингни ўзинг асра”¸ “Огоҳлик давр талаби” каби мингта шиор қўймасин¸ барибир бунақа нарсалар бўлаверади. Суиқасд қиламан деса¸ Ўзбекистон жуда очиқ мамлакат. Ўзбекистонда шахсий қуроллардан фойдаланиш йўқ¸ соқчилардан фойдаланиш деярли йўқ. Одамлар жамоат жойларида¸ бошқа жойларда юришади. Шунинг учун уларнинг ҳаëти доимий хавф остида дейиш мумкин¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Аммо одатан ўзига диққат қаратишга ҳаракат қилиб келадиган ўзбек жангари гуруҳлари Тошкентдаги қотилликлар ва отишмаларга алоқадорлигини эътироф этиб, баёнот билан чиққанича йўқ. Террорчилик бўйича экспертлар фикрича, Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Тошкент отишмаларига алоқадор бўлгани амримаҳол. Ва ҳатто 1999 йилги феврал портлашлари ҳам Ўзбекистон исломий ҳаракати томонидан эмас, балки Ўзбекистонда кенг кўламли қатағонларни бошлаш мақсадида махсус хизматлар томонидан ташкиллаштирилганини даъво қилувчилар бор.

Ҳозирга қадар Тошкент отишмалари юзасидан турли асосли-асоссиз тахминларнинг пайдо бўлишига ахборотни чеклаётган расмийларнинг ўзлари сабабчи бўлди. Воқеалар юзасидан ўз текширувини олиб бораётган таҳлилий “Ҳозиржавоб гуруҳ” раҳбари Суҳроб Исмоилов тергов органларининг воқеалар тафсилотларини нима боис сир сақлаётганини талқин этишга уринади.

- Биринчи сабаби - балки улар “жамиятга қайси версияни берсак¸ ўшани қабул қиларкан” деб ҳозир бошлари қотгандир. Иккинчи бир версия - балки баъзи бир очиқланиши мумкин бўлган маълумотлар яқин келажакда рўëбга чиқиши мумкин бўлган турли хил жиноий бир тўқнашувлар ëки террористик ҳужумларни у ëки бу тарафларни очиб юборадиган, махфий аҳамиятига эга бўлган маълумот бўлиши мумкин¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Тошкентдаги отишмалар юзасидан журналистик суриштурув бошлаган Дейрдре Тайнан Тошкентдаги сўнгги воқеаларнинг тагигача етиб борилса, уларнинг ортида кутилмаган тафсилотлар сизиб чиқиши мумкин, деб ҳисоблайди.

- Менимча¸ воқеаларнинг таҳлили Ўзбекистон ҳукумати ҳамон мавжуд ёки мавжуд бўлмаган таҳдидларни бўрттиришга қаратилган амалиётларини давом этаётганини кўрсатади. Бошқа томондан, бу воқеалар диний идоралар, Ички ишлар вазирлиги ва дунёвий ҳукуматни тамсил этаётган ўзбек элитаси ичида қандайдир катта иқтисодий кураш бораётганидан ҳам дарак беради. Бу борада охирги пулимни тикиб¸ гаров ўйнаган бўлардим¸ дейди Дейдре Тайнан.
XS
SM
MD
LG