Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:19

Ўзбек-қирғиз чегараси қайта очилди


Дўстлик чегара пунктининг 16 сентябр кунги манзараси.
Дўстлик чегара пунктининг 16 сентябр кунги манзараси.

Жорий йилнинг 27 августидан 10 сентябргача ёпилган ўзбек-қирғиз чегараси 15 сентябр куни қайта очилди. Расмий чегара пунктлари очилганига қарамай, бу ерда ўзаро ўтиб-қайтишнинг сустлиги кўзга ташланмоқда.

Ўшдаги “Дўстлик” чегара пунктида ишловчи қирғизистонлик чегара расмийсига кўра, чегара пункти 15 сентябр куни эрталабки соат 8:00 дан очилган.

Унинг айтишича, чегаранинг Қирғизистон тарафи куну-тун очиқ, бироқ Ўзбекистон ўз чегараларини эрталабки соат 8:00 дан кечки 20:00 га қадар очмоқда.

“Дўстлик” чегара пунктидаги қирғиз чегарачиларининг эътироф этишларича, расмий чегара пунктлари очилган бўлса-да, ундан ўтувчи одамлар сони озайган.

Қирғиз чегарачилари расмий чегара пунктлари очилганига қарамай, ундан ўтувчилар озлигини одамларнинг айланма йўллардан ўтишга ўрганиб қолгани билан изоҳладилар.

“Дўстлик” чегара пункти атрофида бир неча айланма йўл мавжуд бўлиб, расмий чегара пунктлари ёпилган кунларда ҳам ушбу айланма йўллардан икки давлат ҳудудига одамлар ноқонуний тарзда ўтиб турганлар.

“Дўстлик” чегара пункти атрофида жойлашган айланма йўллардан бирига борганимизда бу ердан шу кунда ҳам икки давлат ҳудудига одамлар ўтиб турганига гувоҳ бўлдик.

Қирғизистоннинг Қорасув туманидаги Суратош қишлоғини Ўзбекистондан ярим метрли ариқ, сим тўсиқ ва икки метр баландликдаги девор ажратиб туради.

Қишлоқдаги айланма йўллардан ўтиб, Қирғизистонда тирикчилик қилаётган ўзбекистонлик йигитдан: “Нега расмий чегара пунктидан эмас, айланма йўллардан ўтаяпсиз?” деб сўраганимизда, у тирикчилик важидан Қирғизистонга ҳар куни ўтиб туришини қистириб ўтаркан, расмий чегара пунктида паспортини муҳрга тўлдириб юбормасликлари учун айланма йўлдан ўтаётганини айтади.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, у аввал деҳқончилик қилиб, ўзи етиштирган мева-сабзавотни Қирғизистонда сотиш билан шуғулланган. Ўзбек чегарачилари мева-чеваларни қўшни мамлакатга олиб ўтишга рухсат бермай қўйганидан кейин эса у Қирғизистонда мардикорлик билан шуғулланмоқда:

- Иш йўқ Ўзбекистонда, ҳар томонлама қисаяпти. Масалан, тирикчилик учун солдатлар йўл бермайди. Қирғизистонга у-бу нарса олиб ўтаман, десангиз ҳам ўтказмайди. Ўзбекистон кўкатини ҳам ўтказмаяпти. Мева-чеваларни ҳам мусодара қилиб ташлаяпти. Мен Ўзбекистонда кўкат экиб, деҳқончилик қиламан. Ҳозир шунга ҳам тўсқинчилик қилишаяпти, деди ўзбекистонлик йигитлардан бири.

Ўшнинг Суратош қишлоғи Ўзбекистоннинг Хўжабод тумани билан чегарадош бўлиб, Ўшдаги “Дўстлик” қирғиз-ўзбек чегара пунктидан тахминан 5 километр узоқликда жойлашган. Мазкур қишлоқ аҳлига кўра, ҳудуд кечаю-кундуз ўзбек чегарачилари томонидан қўриқланади, Қирғизистон чегарачилари эса бир кунда бир марта ҳудудни айланиб чиқиш билан кифояланадилар.

Суратош қишлоғи чегара ҳудудида жойлашгани учун ундан қирғизистонлик ва ўзбекистонлик тадбиркорлар ўзларининг контрабанда молларини икки давлат ҳудудига олиб ўтишда кенг фойдаланадилар. Айтилишича¸ уларга бу ишларда суратошликлар ва чегаранинг Ўзбекистон тарафида истиқомат қилувчилар ёрдам берадилар.

Суратошда мардикорлик қилаётган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз ўзбек чегарачилари одамларни чегарадан ўтказиш эвазига пул талаб қилишини, бироқ пулни олгандан кейин ҳам уларни чегарадан ўтказмаслигини айтади:

- Солдатлар чегарадан ўтказаман, деб гаплашади. Пулни олади. Кейин яна ушлайверади. Ўйин қилишади, дейди суҳбатдошим.

Ўз исмини айтишни истамаган ўзбекистонлик йигитлардан яна бири ўзбек чегарачиларининг одамларни айланма йўллардан ўтказиш ставкасининг ҳам тобора ошиб бораётганини айтади:

- Ҳозир 20 минг оляпти. Бир ҳафта олдин 10 минг олар эди, дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, ушбу чегара пунктидаги ўзбек чегарачиларининг ҳаммаси ҳам пул олмайди. Уларнинг орасида “қаттиққўл”лари ҳам бор. Суҳбатдошим шундай чегарачилардан бири чегарадан ўтмоқчи бўлган кекса аёлни калтаклаганига гувоҳ бўлганини айтди:

- Қилич деган солдат роса урди. “Отаман”, деди. Қирғизистонда сумкаси турувди, “олмайсан, мен ўзим ўтиб оламан”, деб олиб кетди. Невараларига ўйинчоқ олган экан, ўшани олиб кетди. Бир кампирни - 80 га кирган онасидан ҳам катта бир кампирни роса урди, дейди ўзбекистонлик йигитлардан бири.

Чегарадаги айланма йўллардан ўтаётган одамларнинг аксариятини Ўзбекистондан мева-чева олиб келиб, Ўшда сотиш билан шуғулланувчи ўшлик тадбиркорлар ва Ўшдан тижорат молларини олиб, Ўзбекистонда сотувчи ўзбекистонликлар ташкил қилади.

Уларнинг айтишича, чегара пунктларида ишловчи ўзбек расмийлари Ўшга мева-чева олиб ўтилиши ва аксинча Ўзбекистонга тижорат моллари олиб ўтилишига рухсат бермайди. Шу сабабли тадбиркорлар расмий чегара пунктларидан кўра айланма йўллар орқали ўтишни афзал кўрадилар.
XS
SM
MD
LG