Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:49

Ўзбекистонда диссертация неча пул?


Бугун Ўзбекистон олийгоҳларида ўқитувчи ва талабадан қай бирининг савияси пастроқ экани¸ кўплаб кузатувчилар учун жумбоқ бўлиб қолаëтир.
Бугун Ўзбекистон олийгоҳларида ўқитувчи ва талабадан қай бирининг савияси пастроқ экани¸ кўплаб кузатувчилар учун жумбоқ бўлиб қолаëтир.

Бугун отанг бозор¸ онанг бозор¸ нақли билан кун кўраëтган Ўзбекистонда пул бўлса чангалда шўрва - Чорсудаги қассоб ҳам иқтисод бўйича фан доктори бўлиши мумкин. Энг таажжубланарлиси¸ бу жиноийлашган жараëнга жамият пинагини ҳам бузмаëтир.

- Диссертация неча пул бўлди?
- 2 минг.
- Кўкими?
- Ихчамроғи ўшада...
- Ками борми?
- Иккита диссертация олсангиз, арзонлатишим мумкин.

(Ҳеч ким, ҳеч қачон, ҳеч қаерда эшитмаган мулоқот)

Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари якунига етган кунларда бир ўзбекистонликдан каттагина бир хат келди.

Мактуб мазмунига қараганда, унинг муаллифи олий ўқув юрти ўқитувчиси.

Унинг ёзишича, бу йилги “тестда 230 балл олиш ҳеч нарса бўлмай колди. 200-220 балл олганлар хам институтга кира олмади”.

Лекин бу суюнадиган ҳолат эмас. Муаллиф фикрича, ўзбек гуруҳларига ўшандай юқори балл билан қабул қилинганларнинг 90 фоизи, рус гуруҳларига қабул қилинганларнинг 60 фоизи аслида билимсиз, олган баллари қалбаки.

Чунки, “тест синовидан бир неча кун аввал тест саволлари базалари ташқарига сотиляпти. Тестдан аввал эса бу базалардан қилинган калитлар сотилаяпти. Калитлар (уни Х-вариант деб хам аташади) шунчалик очиқ-ойдин сотилаяптики, ҳатто имтиҳондан бир-икки соат аввал деярли ҳамма олийгоҳларнинг ёнида ксерокопия қилувчилар қоплаб сотишди. 1000-3000 доллардан бошланган нархлар, имтиҳон бошланиши билан 1000 сўмгача тушиб кетди. Менинг ёнимда 1000 сўмга бир милиционер хам ўз фарзанди учун сотиб олди”, деб ёзди Ўзбекистондан келган мактуб муаллифи.

Агар шу гаплар рост бўлгудай бўлса, ўқув юртларига кириб келаётган саводсиз талабаларни қандай ўқитувчилар ўқитаяпти, деган савол бизни қизиқтириб қолган бир пайтда, яъни парча келтирганимиз мактуб келган кунлари Германияда шу йил баҳорда бошланиб¸ жуда катта шов-шувга сабаб бўлган бир жанжалга оид хабар пайдо бўлди.

Гап шундаки, Германия полицияси бир институтнинг илмий диссертация ёзиб пуллаш билан шуғулланганини фош қилган ва 23 августдаги хабарда ана ўша жиноятнинг тафсилотлари берилган эди.

Тилга олганимиз хату Германияда юз берган воқеа бугунги мавзуимизни белгилаб берди: Ўзбекистонда диссертация неча пул?

Биринчи суҳбатдошимиз исми айтилишини истамаган олим, олий ўқув юрти доценти, биология фанлари номзоди.

Ўзбекистонда диссертацияфурушлик борми, деб сўрадик домладан.

- Энди мен бирортасининг ўртасида туриб ëки пулга ëзганини нима қилмаганман. Лекин коллежда ўқийдиган айрим аълочи болалар айрим кандидат науклардан яхши билади. Бундан кўриниб турибдики¸ у дарс ҳам ўта олмайди¸ шу нарсани ўзининг фани бўйича тушунтириб бера олмайди. Буни ҳамма билади¸ дейди домла.

Буни ҳамма билади, деяпти домла. "Коллежнинг аълочи талабасичалик билими йўқ фан номзодлари борлигини ҳамма билади".

Мактубидан парча келтирганимиз домла ҳам кириш имтиҳонлари топшириш жараёнидаги коррупцияни назарда тутиб "бу ишларни ҳамма жуда яхши кўриб турибди", деб ёзган.

Олим ҳамкасбларининг илмий савияси тўғрисида гапирар экан, суҳбатдошимиз мана бундай деди:

- Учдан бири қониқтирмайди. Йўлини қилиб ҳимоя қилганлар бор¸ бошқалар бор¸ дарсини ўта олмайдиганлар бор. Шулар кандидат наук дипломини олиб олган. Ишлайди¸ чиқариб бўлмайди уларни.

Озодлик: Ўша йўли қанақа бўлади?

- Таниш-билишчилик борда.

Озодлик: Таниш-билишчилик мустақиллик йилларида кўпайганми ë…

- Албатта ортган. Ўзлари ҳам қилади бу ерда. Илгари Моксвада эди. Мен Москвада ўқиб¸ ўша ерда ëқлаганман. Ўўўў¸ ўтиш осон бўлмаган¸ дейди исми айтилишини истамаган ўзбекистонлик доцент, биология фанлари номзоди.

Навбатдаги суҳбатдошимиз филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддинов.

- Илм билан шуғулланиш ҳамиша дунëда камдан кам одамларга насиб қилади. Яъни ҳақиқий олимлар ҳамма вақт саноқли бўлади. Кейинги пайтда олимларнинг сони кўпайган. Олим деб аталувчи тоифанинг сони кўпайган. Сон кўпайганда¸ ўз ўзидан сифат пасайиб бориши кузатилади. Бу энди бир қонуният даражасида. Илгари жуда қаттиқ қийинчиликларга қарамай¸ умрини шу ишга тикиб¸ илмдан бошқа нарсани ўйламаган одамлар бўлган бўлса¸ эндиликда "Илмий иш ëқлаб қўйсам¸ ишимга фойдаси тегиб қолар. Менга яхшироқ ишлар таклиф этилар" деган илинж билан илм билан шуғулланадиган одамлар кўпайиб кетди¸ дейди филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддинов.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов ўрганаётганимиз мавзу билан яхши таниш. Унинг айтишича, қалбаки олимлар муаммоси Ўзбекистонда жуда жиддий.

Суҳроб Исмоилов: Биринчи навбатда¸ бу муаммо Ўзбекистонда илмий ишларни қанчалик бошқа давлатлар билан солиштирсак¸ осонликча қилиниши мумкинлиги билан солиштиришимиз мумкин. Масалан¸ Ўзбекистонда илмий даражаларни олиш¸ агар сизнинг таниш-билишларингиз ва пулингиз бўлса¸ албатта билимингизнинг ҳам бошланғич даражаси бўлса¸ кўп ҳолатларда жуда осон. Чунки ҳимоячи олиб чиқадиган илмий ишлар кўп ҳолатларда чуқур ўрганилган бўлмайди. Мана шу талабларнинг қаттиқ бўлмаганлиги¸ юқори бўлмаганлиги илмий ишларни ҳимоя қилишда¸ диссертациялар ëзилишида мана шу ишни даъво қилаëтган шахснинг ўзимас илмий даражага¸ балки навбатчи сифатида ўтириб¸ ундан бошқа яна кўплаб кишиларга ëзиб берган бир киши ўтириб¸ ишлаб унинг учун тайëрлаб бериши¸ шу даъво қилаëтган шахс фақат охирги жараëнда бунга қўшилиб¸ фақат ҳимоя пайтида саҳнага келиши кузатилади.

Озодлик: Пулингиз бўлса¸ дедингиз. Албатта¸диссертация сотилгандан кейин у сотиб олинади. Номзодлик диссертацияси неча пул туриши мумкин?

Суҳроб Исмоилов: Мен фақат Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети – таҳр.) доирасида биламан. Ўзимиздаги манбалар бўйича 500 доллардан 1500-2000 долларгача. Ижтимоий соҳалар бўйича бўлса¸ нархи қимматроқ бўлади. Аниқ фанларнинг нархи сал камроқ бўлади. Ўзбекистондаги етакчи олий ўқув даргоҳларидан ҳисобланган Тошкент давлат университетида мана шу нарх-наволар юритилади. Лекин Тошкент пойтахт сифатида кўрсаткични биринчи бўлиб бериши керак бўлса¸ вилоятларда бу нарх балки пастроқдир. Чунки вилоятлардаги ўқув даргоҳларида ўқиш ҳам¸ бирор бир илмий ишни ҳимоя қилиш ҳам¸ илмий даража олиш ҳам Тошкентга нисбатан арзонроқ юради.

Озодлик: Бу ҳозир сиз айтган нархлар номзодлик диссертациясиники-а?

Суҳроб Исмоилов: Ҳа.

Озодлик: Докторлик ҳам сотиладими?

Суҳроб Исмоилов: Ҳа¸ сотилади. Чунки докторлик ишларини ëзиб берувчи шахслар ҳам бор. Улар ҳамма илмий ишни асослаб ëзиб бергандан кейин кўпинча ушбу ишларни илмий даражага даъво қилаëтган шахс ҳимоясига олиб чиқилади. Докторлик ишлари ҳам бировлар томонидан ëзилади ва пулланади. Бунақа ҳолатлар ҳам кўп.

Озодлик: Нархларини тахмин қилиш мумкинми?

Суҳроб Исмоилов: Менимча¸ 3000-4000 долларгача бўлса керак. Докторлик иши юқорироқ даража. Албатта¸ қимматроқ бўлиши керак. Лекин бу бўйича аниқ маълумотим йўқ.

Озодлик: Номзодлик 1500 долларгача дедингиз-а? Шу рақамни айтар экансиз¸ нимага таянаяпсиз?

- Боя мен Ўзбекистон Миллий университети деб ўқув юртини айтиб ўтдим. Мана шу ўқув юртига яқин бўлган расмий манбаларимиз бор. Мана шу манбалар билан бўлган суҳбатларимизга таянади бу¸ дейди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов.

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов билан суҳбатлашаяпмиз.

Унинг айтишича, диссертация сотиш ва уни сотиб олиш, албатта, жиноят. Лекин

- Ўқув юртларига кириш¸ уларга талаба ëки тингловчи сифатида дохил бўлиш ҳолатларидаги коррупция аҳволи бўйича Ўзбекистонда жиноят ишлари¸ менимча¸ бор. Кўп бўлмаса ҳам¸ бутун бир жамият учун муаммо ҳисобланса ҳам баъзи-баъзида ўзларини билдириб қўйган¸ мана шу коррупцияга йўл бераëтган мансабдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ҳолатлари қулоққа чалиниб қолинади. Баъзи пайтларда бу оммавий ахборот воситаларида ҳам очиқланади. Лекин айнан мана шу ерда сиз айтаëтган тоифа¸ илмий ишларни ëзиш¸ уларни пулга сотиш¸ бу тўғрисидаги кўрсаткичларни қалбакилаштириш¸ мана бу ҳолатларни мен назарда тутаëтган эдим¸ ҳуқуқ-тартибот органларининг қўли етиб бормаган соҳа деб¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Масаланинг мустақил ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов айтаётган жиҳати юзасидан Ўзбекистон республикаси Бош прокуратурасига ҳам мурожаат қилдик. Прокуратура матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқованинг айтишича, шу пайтгача диссертация сотиш билан боғлиқ биронта ҳам жиноят қайд этилмаган.

Қайд этилмагани - йўқ дегани эмас. Демак, бу муаммога жамият эътибор бермаяпти¸ холос.

Инсоф юзасидан шуни ҳам айтиш керакки, диссертацияфурушлик шу кунларда пайдо бўлган ва Ўзбекистонгагина хос иллат эмас.

Интернетга кириб "диссертация сотиб олмоқчиман" деб излаб кўринг, кўплаб сотувчини бир зумда топасиз.

Масалан, рус тилидаги бир сайт 100 минг рублга номзодлик диссертациясини, 250 минг рублга докторлик диссертациясини таклиф қилмоқда.

Бугунги суҳбатдошларимиз фикрича, бизда бундай муаммо йўқ, деб ўтиравериш ярамайди. Нимадир қилиш керак.

Исмини айтмаслигимизни сўраган доцентнинг фикрича, давлат номзодлик ёки докторлик дипломини эмас, илмни қадрлай билиши керак.

- Менинг фикримча¸ Ўзбекистонда илм-фанни чуқур илмий даражага кўтариш учун ўқитувчиларимизни қатъий аттестациядан ўтказиб¸ яхши билимли ўқитувчиларнинг дарсини ошириш керак¸ қолганларникини қисқартириш керак¸ дейди исмини айтмаслигимизни сўраган доцент.

Филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддиновнинг фикрича, мазкур муаммо билан шуғулланиш давлатнинг иши эмас.

- Илм масаласи¸ унинг сифати давлат масаласи эмас. Давлат деганда одатда биз сиëсий ҳокимиятни тушунамизда. Унинг вазифаси эмас бу. Албатта олимларнинг ўзлари курашиши керак. Масалан¸ илгари ҳарбий соҳада офицерларнинг ичида лейтенант кўп бўларди. Ҳозир нимагадир подполковник кўп. Бундан келиб чиқадики¸ агар ҳамма лейтенантларнинг погонининг устига подполковник погони берилса¸ подполковникнинг обрўйи лейтенант билан тенг бўлиб қолади. Илмда ҳам шу. Айрим докторларнинг илми фан номзоди даражасида ë бор ëки йўқ бўлиб қолади. Бу жуда ҳам индивидуал ҳодиса. Деҳқоннинг ўз даласидаги зараркунандани йўқотиш деҳқоннинг ўзининг иши. Илмда бунақа зараркунандаларни йўқотиш олимларнинг иши. Бу энди виждон масаласига киради¸ дейди Зуҳриддин Исомиддинов.

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловнинг айтишича, ҳукуматнинг илмий ишларга, илмий даражаларга нисбатан кейинги пайтлардаги сиёсати ташвиш уйғотадиган сиёсатдир.

Суҳроб Исмоилов: Ҳозирги кунда илмий соҳага яқинроқ кишилар¸ булар аспирантлар¸ номзодлар¸ қолаверса¸ магистратура тизимини битираëтган талабалар ўртасида "Яқинда давлат даражасида 30 ëшгача бўлган илмий ходимлар тезроқ номзодлик¸ кейинчалик керак бўлса докторлик диссертациясини ëқлаб олиши учун барча керакли шароитларни яратиш ва мана шунга замин тайëрлаш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинади. Мана шу қарорнинг асосий мазмуни¸ бизда иложи борича ëши кичикроқ доктор ва фан номзодлари сонини кўпайтиришга қаратилади" деган гап юрибди. Кўпгина илмий соҳадаги ходимлар ўзларини аллақачон ҳали мавжуд бўлмаган давлат дастурининг ичида кўришаяпти. Биз ҳам давлат дастурининг ичига тушиб¸ тезроқ илмий ишларимизни ëқлаб олсак¸ илмий даража олиб олсак¸ деган умидлар билан юришибди.

Мен нима учун буни айтишни ҳозир жоиз деб билаяпман? Бу Ўзбекистоннинг келажаги учун миллатимизни ҳақиқатан ҳам билим эгаси¸ илгари кетадиган технологияларни етиштирадиган¸ ўзлаштирадиган ëшлар учун жуда ҳам хавфли бўлган дастур бўларди агар қабул қилинса.

Озодлик: Нимаси хавф? Ëшлардан олимлар кўпайсин деган сиëсат эмасми бу?

Суҳроб Исмоилов: Йўқ¸ бу унақа сиëсат эмас. Ҳозир кўп кўрсаткичларнинг кўзбўямачиликка¸ мақтаниш учун чиқарилишига ўхшаган жараëн бўлиб қолади. Чунки ҳали илм даргоҳлари даражасида илмий эркинликни¸ илмга нисбатан¸ изланишга¸ тадқиқотга нисбатан цензурани олиб ташламасдан туриб¸ бунақа дастур қабул қилиш ва ëш олимларнинг сонини сон жиҳатдан кўпайтиришга сунъий равишда ҳаракат қилиш жуда хавфли бир ҳаракат.

Биз ўйлаймизки¸ Ўзбекистонда илмни олдинга суриш¸ ривожлантириш учун олдимизда турган энг катта тўсиқ ҳозирги кунда илм изланишга¸ тадқиқотга нисбатан цензура¸ тадқиқотчилар учун ўзларининг фикрларини очиқлайдиган форумнинг йўқлиги¸ жамиятга ўз фикрини олиб чиқиш каналларининг йўқлиги ва уларнинг тадқиқотлари учун яна бир муҳим тарафи моддий ëрдамнинг¸ моддий қўллаб-қувватлашнинг жуда ҳам кам ажратилаëтганлиги. Мана шу тўсиқлар бартараф қилинса¸ Ўзбекистонда ўз-ўзидан ëш олимлар сони кўпайган бўларди. Уни ҳозирда муҳокама қилинаëтган давлат дастуридаги каби сунъий йўлда кўпайтириш шартма ва бу мамлакат¸ миллат келажаги учун жуда ҳам хавфли бўлади.

Озодлик: Мана цензура деяпсиз. Эшитган одам олимга қандай цензура бўлиши мумкин¸ деб ҳайрон бўладида.

Суҳроб Исмоилов: Биламизки¸ Ўзбекистондаги барча илм даргоҳларида илмий ишнинг мавзулари ва унинг тезислари илм даргоҳи қошидаги комиссия томонидан тасдиқланади. Бу комиссияга ўқув юрти раҳбарияти киради¸ кафедралар бошлиқлари киради¸ мана шу соҳада илмий даражаларга эга бўлган инсонлар киради. Мана шу комиссиянинг ўзи ëш олим¸ даъвогар шахс¸ тадқиқотчи даъво қилаëтган кўпгина тезисларни бир карра синовдан ўтказади. Мана шу жараëнда айнан¸ бизнинг фикримизча¸ кўпгина илғор фикрлардан¸ мустақил фикрлардан кечиб юборилади.

Озодлик: Бу ижтимоий фанларда бўлса керакда.

- Мен айнан шу ëғини таъкидламоқчи эдим. Ижтимоий фанлар соҳасида бу жуда яққол кўринади. Мамлакат учун¸ сиëсий мавзуларга тегиб кетадиган мавзуда бўлса¸ бунақа мавзулар ҳеч қачон илмий ишларда рўëбга чиқмайди¸ дейди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов.

Дастуримизни Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан бирида ишлайдиган ўқитувчининг хатидан бошлаган эдик.

Коррупция авж олгани туфайли ўқув юртларига саводсиз талабалар қабул қилинаётганидан куйинган домла ўз мактубида куйиниб "Мана шу болаларимиз бизнинг келажагимиз. Шунака килиб ўкиб диплом олган болаларимиз бир кун келиб мамлакатни бошкаради. Хўш¸ улардан нима кутиш мумкин? Хамма ëкни расво киладику!?", деб ёзган.

Домла айтаётган саводсиз талабаларни диссертацияни сотиб олган илмсиз домлалар ўқитсачи?

Унда нима бўлади?
XS
SM
MD
LG