Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:13

Маматхонов судгача ҳибсда қоладиган бўлди


13 октябр куни эса Фарғона шаҳар жиноят ишлари суди ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновни эҳтиёт чораси сифатида қамоқда ушлаб туришга санкция берди. Бу ҳақда Озодликка фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашев хабар қилди

- Ҳозир Фарғона вилоят жиноят ишлари судида эҳтиëт чораси қўллаш-қўлламаслик масаласи кўриб чиқилиб¸ эҳтиëт чораси қўллашга ажрим чиқариб беришди. Тергов изоляторига олиб кетилди. Судгача қамоқда сақлаб туриш ажрими чиқарилиб¸ олиб кетишди¸ дейди Абдусалом Эргашев.

Абдусалом Эргашев сўзларига кўра, қароргоҳи Германияда жойлашган Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона водийси бўйича вакили Ғанихон Маматхонов оддий одамлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келарди. Энди эса у Ўзбекистон Жиноят кодексининг икки моддаси билан айбланмоқда.

- Айблов икки модда бўйича¸ 168-модданинг иккинчи қисми (фирибгарлик)¸ 211-модданинг биринчи қисми (пора бериш)¸ дейди Абдусалом Эргашев.

Ғанихон Маматхонов сўзларига кўра, бу жиноий айбловлар унга нисбатан уюштирилган ва у 10 октябр куни уни ҳибсга олиш саҳнасини шундай таърифлаб берганди.

- Фарғона шаҳрида менинг сумкамга битта фермер мажбур қилиб, 500 минг сўм солаётганда ушлашди. Мажбур қилиб солишаётган пайтда. “Олмайман” деган жойимда шу ишни қилишди, деган эди Ғанихон Маматхонов.

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Марат Зоҳидовнинг Озодликка айтишича, Ғанихон Маматхонов қўлга олинишининг ўзи бир қанча саволларни пайдо қиладики, ҳозир қўмита ана шу саволларга жавоб топиш ҳаракатини қилмоқда.

- Мен шанба кунидан бошлаб битта нарсани аниқламоқчиман. Биринчидан¸ у фермер ким? Фермер хўжалигининг номини менга беришди. Демак¸ у қаерда учрашди? Нима учун у Ғанихонни бозорда топди? Бозорда Ғанихон бўлишини ким айтди? Менга ҳар хил хабарлар келаяпти. Бир соат бўлди гаплашганимга. Улар суддан ўтказиб¸ хонага олиб кетишди. Уч кун ўтди. Лекин баъзи саволларга жавоб ололмаяпман мен. Мен ҳаммасини аниқлайман.

Расмийлардан бу ҳақда бирор жавоб олиб бўлмайди. Лекин мен битта нарсани биламан¸ Солижон Абдураҳмоновни ҳам ҳар хил дори-дармонлар ташлаб¸ 10 йилга кесишди. Мен биламанки¸ бу нарсалар бошидан охиригача подставной нарса. Биз шу билан шуғулланаяпмиз¸ охиригача олиб борамиз. Лекин жуда оғир¸ дейди Марат Зоҳидов.

Унинг айтишича, Ғанихон Маматхонов ҳалол ва покиза одам. У фақат ёрдамга муҳтож бўлган одамларни ҳимоя қилган.

- Мен сизларга шуни айтмоқчиман. Ғанихон ишни жуда покиза бажараëтган эди. Охирги марта Наманганда тўралар¸ буларнинг қаторида ҳоким¸ прокурор¸ милиция одамларга роса тазйиқ қилди. Уйдан чиқариб¸ ҳар хил гаплар бўлди. "Сизлар террористсизлар¸ президент қарорига бўйсунмайсизлар" каби умумий гапларни қилиб¸ аҳолини ҳайдаб юбораяпти. Ғанихон бир неча марта ўша ерга бориб¸ уларни ҳимоя қилган. Октябр бошидан Наманганга бориб¸ уларни ҳимоя қилиб¸ бизларга ахборот берган¸ дейди Марат Зоҳидов.

Унинг сўзларига кўра, қонун бўйича кўчишга мажбур қилинган аҳолига ҳукумат томонидан товон тўланиши шарт. Лекин аҳоли бу товон пулини ололмаган. Шунинг учун ҳам Ғанихон Маматхонов бу одамларни ана шундай зўравонликлардан имкони борича ҳимоя қилган.

- Ҳозир компенсация деган нарса йўқ. Давлат пул ажратса¸ ҳамма пул ҳокимнинг¸ прокуратуранинг¸ милициянинг кармонларида. Ҳаммаси аралашиб юрибди. Ўзингиз ўйланг¸ шу масалани ҳал қилиш учун прокурор керакми¸ милиция керакми? Ҳамма нарсага қонун бор. Келиб¸ одамлар билан гаплашиб тушунтириб бериши керак. Бизда эса “Мен сени қамаб қўяман, сизлар бизларни билмайсизлар” деганга ўхшаган гаплар. Ëш болаларга¸ қарияларга қарамасдан, Наманганда мана шунақа ишлар бўлди. Маматхонов ўша ерга бориб¸ одамларни ҳимоя қилишга кўп ëрдам берган. Иккинчи томондан¸ фермерларга ҳам роса ëрдам берган¸ дейди Марат Зоҳидов.

Ғанихон Маматхоновнинг ўғли Жамолхон ҳам дадасининг бировдан пора олишига ишонмаслигини айтади.

- Чунки дадамнинг олдига нуқул камбағал одамлар келади. Дадам шуларга ëрдам қилади, холос. Улардан қандай қилиб пул олади? Дадамнинг ишини биласиз-ку. Шунинг учун камбағал бечоралар келади. Дадам бу нарсада қанақа қилиб: “Фалонча пул берасан” деб айтади. Дадам бировнинг бошига иш тушса, югуришини ва дадамнинг бошига иш тушса¸ ҳеч ким югурмаслигини мен билардим. Шу нарсадан мен қаттиқ хафа бўлдим¸ дейди Ғанихон Маматхоновнинг ўғли Жамолхон.

59 ёшли Ғанихон Маматхонов Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона водийси бўйича вакили бўлиб фаолият юритган. У Фарғона вилоятидаги адолатсизликлар, инсон ҳуқуқларининг поймол қилинаётгани ва бошқа ижтимоий муаммолар ҳақида Озодлик радиосига мунтазам интервью бериб келган.

Эслатиб ўтамиз, узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилган ҳуқуқ ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева, Алишер Кароматов, Норбой Холжигитов, Аъзам Турғунов, Аъзам Фармонов ва журналист Дилмурод Саййидлар ҳам товламачиликда айбланган эдилар.
XS
SM
MD
LG