Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:03

"Менга Ўзбекистон етишмайди"


Ўзбекистонлик қўшиқ мухлисларига "Садо" гуруҳи солисти сифатида яхши таниш бўлган Азиза Муҳаммедова ҳозирда Москвада яшаб ижод қилаяпти. Айни пайтда у Тошкентда яккахон концерт бериш орзуси билан яшамоқда.

Азиза Муҳаммедова 1964 йили Тошкентда мусиқачилар оиласида дунëга келди. Азиза таниқли бастакор отаси ва мусиқа муаллимаси онасидан илк мусиқий сабоқни олди.

Ҳали мактабда ўқиб юрган пайтида¸ 16 ëшидаëқ шоу-бизнес деган майдонга кириб¸ оила боқувчисига айланди.

Қайта қуриш даври бўсағасида пайдо бўлган “Садо” гуруҳидаги уч соҳибжамолнинг бири сифатида беором қушлардек шаҳарма-шаҳар юрди.

АҚШ кино юлдузи Мерлин Монро Въетнам жабҳасига бориб, америкалик аскарларини хушнуд қилган бўлса¸ Азиза Афғонистон жанггоҳларидаги шўро аскарлари олдида қўшиқлар куйлади¸ Чернобилда концерт берди.

- Бунинг эвазига менга "Байналмилал жангчи" деган гувоҳнома беришди. Бу гувоҳнома билан онам ҳар ҳафта давлат нархида икки кило гўшт ва бир кило шакар сотиб олар эди¸ деб эслайди Азиза.

“Садо” ансамбли 70-йиллар сўнгида Ўзбекистонда ташкил қилинган мусиқий гуруҳ эди.

Бу гуруҳ бир гуржи ва икки ўзбек қизнинг триосидан иборат бўлиб¸ нимаси биландир 70- йиллар қуюшонидан чиқар эди.
Бу уч қизнинг соч турмаги ва кийимлари ҳам узоқдаги Ғарб садоларини эсга солар эди.

Улар айтаëтган қўшиқларда “Ялла” гуруҳида бўлгани каби илиқ шарқона тароват ҳам¸ “Оригинал” гуруҳидаги радикал шиддат ҳам йўқ эди.Бу гуруҳ бошқача эди. Ўша пайтнинг ëқимли оҳангларига кўниккан қулоғимизга бу қўшиқлар эриш туюлар¸ кўзларимиз эса улар ҳаракатидаги шаҳват унсурларидан ийманиб, ерга тикилар эди.

Агар таъбир жоиз бўлса¸ ички кўйлакда ухлаб ëтган уч қиз устидан бир онда кўрпани кўтариб¸ "мана сизга трио" деб бизга кўрсатишаëтгандай эди.

Елкаси катта кўйлак кийган¸ "макарон фабрикасидаги портлаш" деган соч турмагидаги бу уч қиз айтаëтган қўшиқлар матни одатий бўлса ҳам қўшиқ руҳида бир бошқачалик бор эди.

Бу бошқача руҳни Юрмаладаги томошабинлар аниқ ҳис қилди чоғи - 1987 йилда Азизага “Мухлислар ихлоси” деган мукофотни беришди.

Бунинг устига таниқли бастакор Раймонд Паулс “Наманганнинг олмаси” ҳақида куйлаган Азизани “Энг экстравагант хоним” деган совринга лойиқ, деб топди.

Кейин Азиза поп-мусиқа деган нарвон поғоналаридан юқори кўтарилаверди¸ кўтарилаверди ва ҳатто русларнинг миллатчи қўшиқчиси Игор Талков билан бир мартабага чиқди.

"Концерт охирида сўнгги ашулани айтиш ҳуқуқи кимга тегишли” деган низо ўйинидан чиққан ўқ Талков ҳаëтига нуқта қўйди.

“Рус миллатининг юрагига наштар тиқди¸ Талков ўлимига сабабчи бўлди” деган қора тамға Азизага ëпиштирилди.

Россиядаги ўнглар ҳам¸ сўллар ҳам¸ юқори ҳам¸ паст ҳам Азиза юлдузини сўндириш учун муқаддас ғазотга кирди.

Азиза учун кечагина ланг очиқ бўлган медиа эшиклари ëпилди¸ машҳурлик палласи унутилиш палласига ўз ўрнини бўшатиб берди. Кечагина уни олқишлаган публика энди унга лаънат ëғдирар эди.

Орадан 10 йиллар ўтгач, Азиза яна катта саҳнага қайта олди¸ аммо бугунги суҳбатимиз бу ҳақда эмас. Бугунги суҳбатмиз Азиза қалбида ерлашган соғинч туйғуси ҳақида.

"Мен опам билан ўзбекча гаплашаман¸ аммо радиога гапиришга ийманаман"¸ дея гап бошлади Азиза.

- Мен мусиқачилар оиласида туғилган бўлсам-да¸ врач бўлишни орзу қилган эдим. Беш ëшларимда раҳматли дадам онамга қараб, “Рафиқахон¸ бу қизинг ашулачи бўлар-ов” деб қолди. Мен тўққизинчи синфда ўқиëтган пайтимда отам оламдан ўтди. Муҳтожлик боис мен ўзбек давлат филармониясига ишга кирдим. “Садо” ансамблида Кумуш Раззоқова ва Мила Романиди билан бирга қўшиқ айта бошладим. Улар театр институтида таҳсил олишар эди¸ мен эса мактабда ўқирдим¸ дейди Азиза Муҳаммедова.

Бу давр ҳақида Кумуш Раззоқова эслайди.

Кумуш Раззоқова: “Садо” гуруҳи бошида тўртта қиз бўлган. 1978 йилда тузилганмиз¸ 1979 йилдан гастрол сафарлари бошлаганмиз. 1980 йилда бизнинг гуруҳимиз иккига бўлиниб кетган ва Азизани чақирганмиз.

Озодлик: Азиза гуруҳга кейинроқ қўшилган-а?

Кумуш Раззоқова: Ҳа¸ 1980 йилда қўшилган. Мактабни битираëтган пайтда қўшилган. Республика бўйлаб¸ чет элларга бориб¸ программаларни қилиб бирга ишлаганмиз.

Озодлик: Афғонистонга¸ Чернобилга борибсизлар-а?

Кумуш Раззоқова: Ҳа¸ Афғонистонга икки марта борганмиз.

Озодлик: Даврон Ғойиповнинг “Оригинал” гуруҳи билан “Садо” гуруҳи ўртасида ижодий ҳамкорлик бўлганми?

- Бизлар бир марта уларга қўшиқларида ëрдам берганмиз. Кўпроқ Азиза Даврон Ғойипов билан дўстлашиб кетган¸ дейди Кумуш Раззоқова.

Биз эса яна Азиза билан суҳбатимизни келган жойидан давом эттирамиз.

Озодлик: Ўзбекча қўшиқларни хиргойи қилиб бермайсизми?

Азиза Муҳаммедова: Биласизми¸ мен сизга Тошкент ҳақида иккита қўшиқни хиргойи қилишим мумкин. Бири ғамгин¸ бири эса қувноқ.

Озодлик: Ғамгин қўшиқни куйлай қолинг.

Азиза Муҳаммедова: Тўғри айтасиз¸ юртимни соғинганим сайин маҳзун қўшиқлар тусайди юрак. Бу соғинч дарди вақт ўтган сари тахирлашаверади. Юртингдан олисда 10-20-30 йил яшар экансан¸ ўз тилингда ўлан эшитсанг¸ юрагинг заҳар-заққумга тўлади. Соғинч. Носталгия бу бир оғриқ¸ бир дард. Мен ўзга юртга кўникдим ва ўзга элда шод-хуррамман дейдиганларнинг гапига инонмайман.

Ҳозир айтадиган қўшиғим “Тошкент соғинчи” деб аталади. Мен Москвага келганимдан сал ўтиб, Тошкентга қайтиб бордим. Бастакорлар уюшмасида Нормурод Нарзуллаев деган шоир ўтирган экан. Мен унга ўзим ҳақимда¸ Москвадан туриб Тошкентни соғинганим ҳақида гапириб бердим. У киши бир матн ëзди. Мен ҳозир куйлаб бераман. Кошки пианино чалиб куйласайдим.

Қалбимда қуëш билан севаман ҳур ўлкамни¸
Кўзларимда ëш билан соғинаман онамни¸
Ватаним бор бўл яша¸ куйларим¸ созимдасан¸
Қайда бўлмай ҳамиша¸ қалбимда¸ розимдасан.

Тошкент¸ Тошкентим¸
Мен сенга талпинаман¸
Тошкент¸ Тошкентим¸
Меҳринг билан ëнаман.

Мен Азиза, онажон, куйчи қизинг бўламан¸
Олисдаги ширин жон, соғинч сўзинг бўламан¸
Ҳузурингга қайтаман бир умрга дил пайванд¸
Куй¸ қўшиқ айтаман¸ мени болам десанг бас.

Тошкент¸ Тошкентим¸
Мен сенга талпинаман¸
Тошкент¸ Тошкентим¸
Меҳринг билан ëнаман.

Озодлик: Бу қўшиқ Азизанинг бугунги кайфияти изҳорими?

- Биласизми¸ одамни ëш босган сайин нима зарур¸ нима эса аҳамиятсиз экани ойдинлашиб боради. Бугун мен 45 ëш деган чўққидан туриб, менга нима етишмаëтганлигини аниқ биламан.

Менга Ўзбекистон етишмайди. Мен доим қайтиш ҳақида ўйлайман. Тўғри, Москвада яхши жойлашганман. Концерт гуруҳим бор. Тирикчилик ўтиб турибди... аммо соғинч ўртайди. Мен ҳеч бўлмаганда Ўзбекистонга бориб, соло концерт беришни истайман. Аммо таклиф қилишмаяпти¸ дейди Азиза Муҳаммедова.

Ўзбек қизи Азиза

"Одамнинг исми уни ҳаëт йўналишига таъсир қилармиш, деган гап юради. Балки шу тўғридир"¸ дейди Азиза

- Азиза деган исмнинг арабчада¸ ўзбек ва бошқа туркий тилларда маъноси деярли бир хил. Севимли¸ ардоқли¸ азиз. Мен қўшиқ куйлар эканман¸ кўпчилик мени Осиëдан¸ яна ҳам тўғрироғи, Ўзбекистондан келган қўшиқчи сифатида қабул қилади ва бу тўғри. Доғистонга гастролга борганимда¸ бир аëл келиб менга гулдаста ҳадя қилди ва “Ўзбекистоннинг оқ олтини ва ҳақиқий олтини бор, ана шу ҳақиқий олтинлардан бири Азизадир” деган эди.

Мен бу ерда беш-тўрт йил яшаб¸ ўзини рус қўшиқчиси деб эълон қилганлардан фарқли равишда ўзимни ўзбек халқининг фарзанди, деб биламан. Эсингиздами, шунақа қўшиқ бор эди - "мен ўзбек қизиман ҳур ва бахтиëр"¸ дейди Азиза Муҳаммедова.

Ўзи бир кичкина қиз кунда илон ўлдиради

Азиза ижросидаги “Анаконда” қўшиғи уни рус-поп мусиқаси саҳнасида машҳур қилган қўшиқ ҳисобланади.

- Бу қўшиқ фақат илон ҳақида эмас, деб ўйлайман. Умуман матн муаллифи Иля Резникни тушуниш қийин. Жуда чиройли жумлалар-у¸ аммо уларнинг маъносини бирдан илғаш қийин. Тушунишимча¸ бу қўшиқ севги ҳақида. Севги бу илон оғуши¸ деган маънода. Мана, масалан, Анаконда маймунларни ëки қуëнларни гипноз қилади. Улар ўз истагига қарши ўлароқ Анаконда ошқозонидан жой олишади¸ дейди Азиза Муҳаммедова.

Хушрўй

Азизани олдин билганларнинг ҳам¸ ҳозир таниганларнинг ҳам бир масалада фикри бир жойдан чиқади. Азиза соҳибжамол қиз. Ўтган асрнинг охирларида Азиза “Оригинал” гуруҳи солисти Даврон Ғойипов билан бирга қўшиқ куйлаганда¸ эл орасида ҳар хил гаплар урчиган эди. Даврон Ғойипов ва Азизанинг ишқу муҳаббати ҳақида ўшанда фақат эринмаган одамгина гапирмас эди. Орадан йиллар ўтиб, Даврон Ғойиповга “Ростдан ҳам сиз Мажнун¸ у эса Лайлими эди?” дея савол бердик.

Даврон Ғойипов: Биз, умуман, улар билан 1980 йилда танишганмиз. "Садо" гуруҳининг раҳбари Владимир Барамиков бизларнинг оғайнимиз. Ўшанда Азизанинг онаси “Шу қизимни янги направлениеларда тарбия қилсангизлар” деб илтимос қилган эди. Ўша пайтда Азизага иккита-учта ашула ëзиб берган эдим. Битта-иккита дуэт ашулалар қилган эдик. Азиза менга как шогирд эди-да.

Озодлик: Орангизда ишқ муҳаббат ҳам бўлганга ўхшайди.

Даврон Ғойипов: Йўқ¸ бизда устоз-шогирд муносабати бўлган.

Озодлик: Фақат устоз-шогирд-а?

Даврон Ғойипов: Ҳа. Мендан у пайтда ëш эдида у. Мен 17-18 ëшимда Оригинал қилганимда¸ Азиза ҳали кичкина эди-да. 14-15 ëшда эди.

Озодлик: Азиза “Тошкентда соло концерт қилгим келади¸ лекин таклиф қилишмаяпти” деяпти. Шунинг бир имкони йўқми?

Даврон Ғойипов: Мен билмадим. Балки нотўғри каналларга чиқаëтгандир. Тўғри канал билан чиқиш керакдир. Уларнинг администраторининг иши. Мен билмадим энди.

Озодлик: Азизани шогирдингиз сифатида¸ санъаткор сифатида нима деб баҳолайсиз?

Даврон Ғойипов: Ҳозир 10.

Озодлик: 10 деганингиз қанақа? Бизда мактабда беш баҳо бўларди-ку.

- Унинг баҳоси 10. 45 ëшида ҳам ишлаб юрибди у¸ дейди Даврон Ғойипов.

“Даврон Ғойипов билан тез-тез телефонда гаплашиб тураман. У менга қўшиқ совға қилган эди. Бу қўшиқ Хоразм шевасида”¸ дейди Азиза.

Озодликнинг "Чодирхаëл"ида меҳмон бўлган Азиза Муҳаммедова 45 дақиқалик суҳбат якунида ўзининг Ўзбекистондаги тингловчиларига бир калима бўлса ҳам ўзбекча гапириш истагини билдирди.

"Кўришгунча хайр бўлмаса".
XS
SM
MD
LG