Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:46

Хуршид Даврон ҳам кетди


Хуршид Даврон 80-йилларда шуҳрат қозонган Муҳаммад Солиҳ¸ Усмон Азим¸ Шавкат Раҳмон мансуб "тўртовлон"нинг бири эди.
Хуршид Даврон 80-йилларда шуҳрат қозонган Муҳаммад Солиҳ¸ Усмон Азим¸ Шавкат Раҳмон мансуб "тўртовлон"нинг бири эди.

Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон Ўзбекистон телерадиоканали директори лавозимидан четлаштирилиб¸ телерадиокомпания раисининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.

Тошкентдаги журналистик давраларда Хуршид Давроннинг лавозимидан четлаштирилиши “Ахборот” дастурида президент Каримовга ёқмаган хабарнинг кетиб қолгани билан боғланмоқда.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, кўп ҳолларда айнан шу омил телевидение раҳбарларининг ишдан олинишига сабаб сифатида келтирилади.

- Мен бу хабарни оммавий ахборот воситаларида тарқатганимда¸ ўша ўзимнинг манбаларим билан гаплашганимда¸ улар Ахборотда қалтис хабар ўтиб кетгани¸ буни президент эшитиб¸ уни ишдан олиш тўғрисида кўрсатма бергани ҳақида гапиришди. Умуман биз радиоканаллар¸ телеканаллар раҳбарларининг ишдан олиниши сабабларига эътибор берадиган бўлсак¸ умумий систематик ҳолат¸ фақат салбий ҳодиса бўлган пайтлари уни лавозимидан четлатиш бўлади. Масалан¸ Хуршид Давроннинг маслаҳатчи лавозимига кўтарилганини ҳеч қанақа кўтарилди деб бўлмайди. Чунки консултантлик директорликдан жуда паст¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Аммо Ўзбекистон телеканалидаги “Ахборот” дастурларини мунтазам равишда кузатиб борадиган журналистлар унда президент Каримов хуш кўрмайдиган танқид ёки бошқа бир “ножўя” лавҳалар аввал ҳам бўлмаганидай Хуршид Даврон даврида ҳам бундай хабарлар дунё юзини кўрмаганини таъкидлашади. Шу нуқтаи-назардан президент Каримовга ҳукумат пропаганда воситаси бўлган телерадиоканал мамлакатдаги вазиятни бундан ҳам маромига етказиб мадҳ этмаëтгани ёқмай қолганмикан қабилидаги савол пайдо бўлади.

Ўзбекистон радиоканали шарҳловчиси Нарзилло Охунжонов Хуршид Даврон раҳбарлиги остида журналистларнинг эркин фаолиятига аралашув бўлмаганини алоҳида қайд этади ва бундай иш жараёни янги раҳбар Олим Тошев даврида ҳам давом этишига умид қилишини айтади.

Нарзилло Охунжонов: Албатта¸ ëқарди. Бизга¸ масалан¸ бирор марта бир нарсани чеклаган эмас. Мана бундай қилиб ëзгин¸ деб ҳеч қанақа буйруқ қилган эмас. Топшириқ бўлган бўлса¸ эркин дастурлар асосида ўзимиз қилганмиз. Тўғридан тўғри “ундай қиласан¸ бундай қиласан” деб буйруқ берилган эмас. Хуршид Даврон пайтида биз эркин ишлаганмиз. Бизга ҳеч қандай халақит қилган эмас.

Озодлик: Олим Тошев даврида қандай бўлар экан?

- Менимча¸ яхши бўлади. Ҳеч қанақа ëмон бўлмайди. Фақат яхши бўлиши мумкин. Бу йигит ҳам интилувчан¸ ҳаракатчан¸ эпчил. Бу йигитнинг ҳаракатларида дадиллик бор. Бўладиган мутахассис¸ журналист дейлик¸ дейди Нарзилло Охунжонов.

Ўзбекистон телерадиокомпанияси таркибидаги кадрлар алмашинуви айрим журналистларни хавотирга солмоқда. Боиси¸ телевидение таркибида ижодкор раҳбарлар ўрнига “силовиклар” келмоқда¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

- Ҳокимият 20 йилдан бери ўзининг ҳамма позицияларини ҳамма томондан мустаҳкамлаб бўлди. Олим Тошевга келадиган бўлсак¸ у сиëсий кампанияларда фаол қатнашган¸ идеология журналистларидан биттаси. Шунинг учун уларнинг ўрнини алмаштириб¸ кадровый ислоҳотлар қилишаяпти. Телевидение ижодкорлардан яна ҳам холироқ бўлади¸ янаям кучишлатар тизимлардан чиққан одамларнинг қўлига ўтади¸ тарғибот машинаси янаям кучаяди. Чунки ижодкор аҳлининг¸ маълум даражада¸ ўзининг шахсияти¸ амбициялари¸ қарашлари бор. Шунақанги фазилатлардан холи бўлган одамлар келади энди. Яъни тепадан нима айтилса¸ шуни кўрсатадиган¸ тепадан нима айтилса шуни қиладиганлар келади¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Аслида Ўзбекистоннинг биринчи рақамли телерадиоканали раҳбарининг алмашинуви маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳаётидаги муҳим бир янгилик саналиши керак. Аммо бу хабарга берилаётган аҳамият деярли йўқ ҳисоби. Бунинг сабабларини изоҳлаган таниқли журналист Шароф Убайдуллаев Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг обрўси ҳақида гап очди.

- Ўзбек телевидениеси биринчи каналининг обрўси бўлмаса¸ унинг каналининг раҳбари қанақа катта воқеага айланади? Қанақа воқелик? Хуршид Давроннинг бирор жойда баралла овози чиққан бўлмаса. Яна бир каналида қайсидир бир шоир ўтиради. У бугун Америка билан муносабатимиз сал чатоқлашса¸ Американи сўкиб “Эй узоқдаги олчоқ¸ сен бизга яшашни ўргатмагин” деб қўшиқ айтади. Эртага биз Америка буилан апоқ-чапоқ бўлсак¸ Иқбол Мирзо қандай қилиб халқнинг юзига қарайди? Шунинг учун ижодкор сиëсатга йўрғалайвермаслиги керак. Қайси каналда ким ўтирганлигидан қатъий назар¸ бу каналнинг обрўйи бўлмаса¸ бу ҳеч қанақа воқеа эмас. Бир чумоли кетди¸ бир чумоли яна ўрмалаб келаверади. Бир шахс Ўзбекистон телевидениесида ҳам¸ ҳатто энг кичкина матбуотда ҳам¸ “Тонг юлдузи” газетасида ҳам ўзгариш қила олмайди¸ дейди Шароф Убайдуллаев.

57 ёшли Хуршид Даврон Ўзбекистон халқ шоири¸ дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган ўнлаб китоб муаллифи, иккинчи чақириқ Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати ва “Дўстлик” ордени соҳибидир.

Хуршид Давроннинг шахсий веб-саҳифасида унинг ўн йилдан ошиқ вақт давомида аввал Ёшлар¸ сўнг Ўзбекистон телерадиоканалларига раҳбарлик қилгани тилга олинмаган.
XS
SM
MD
LG