Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:37

Ўзбекистонда матбуот ва эркинлик айролигича қолмоқда


Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг собиқ совет давлатлари бўйича раҳбари Элза Видал матбуот эркинлиги бўйича Ўзбекистондаги вазиятда яхшиланиш кузатилмаëтганини айтади.
Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг собиқ совет давлатлари бўйича раҳбари Элза Видал матбуот эркинлиги бўйича Ўзбекистондаги вазиятда яхшиланиш кузатилмаëтганини айтади.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг матбуот эркинлиги бўйича янги ҳисоботида Ўзбекистон 175 давлат кирган рўйхатнинг 160-поғонасидан жой олди.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг ўтган йилги рўйхатида Ўзбекистон 162 ўринда эди. Бу йили матбуот эркинлиги бўйича таснифланган давлатлар орасида Ўзбекистон икки поғона юқорига кўтарилган.

Ўзбекистонда матбуот эркинлиги қолоқ даражада қолаётганини таъкидлаган Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг собиқ совет давлатлари бўйича раҳбари Элза Видал бу кўтарилишни техник сабаблар билан изоҳлайди.

- Бу йилги рўйхатга бир-иккита янги давлат қўшилди. Шунинг учун буни давлатлар жойлашувига бир оз таъсир қилган техник омил дейиш мумкин. Бу эса Ўзбекистондаги вазият яхшиланганини англатмайди. Ўзбекистондаги вазият ҳақида гапирганда, у ерда журналистларнинг ҳамон қамоқда қолаётганини кузатмоқдамиз. Қолаверса, сўз эркинлиги борасида Ўзбекистон ҳукумати ҳамон бутун жамиятга босим ўтказиб келмоқда¸ дейди Элза Видал.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотига кўра, Ўзбекистон ҳукуматининг Европа иттифоқи ва АҚШ билан олиб бораётган мулоқоти мамлакатдаги сўз эркинлиги вазиятига ижобий таъсир этмаган ва жорий йилнинг ўзида турли айбловлар билан олти нафар журналист турли қамоқ жазоларига ҳукм этилган.

16 феврал куни “Ирмоқ” журналининг 5 нафар ходими нурчилик фирқасига алоқадорликда айбланиб қамалди. 30 июл куни эса Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туман суди журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дилмурод Саййидни товламачиликда айблаб, унга 12 ярим йиллик қамоқ жазосини тайинланди. Ғарб давлатлари ва журналистларни ҳимоя қилувчи етакчи ташкилотлар Дилмурод Саййид ва гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб қамалган журналист Солижон Абдураҳмоновни озод этиш талабини Ўзбекистон ҳукумати олдига жиддий тарзда қўймоқда. Бироқ бундан ҳозирча ҳеч қандай натижа бўлгани йўқ.

- Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати билан инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлиги масаласида мулоқот қилишда давом этаётганига қарамасдан, бу мулоқотнинг самарасини кўрмаяпмиз. Бу давлатнинг изоляциядан чиқаётгани фақатгина Ўзбекистон ҳукуматига фойда келтирди, оддий халққа эмас¸ дейди Элза Видал.

Халқаро кузатувчи фикрича¸ нафақат постсовет ҳудудлари¸ балки бутун дунëда матбуот эркинлиги борасидаги вазият Ўзбекистондагиданда ëмонроқ давлатлар бармоқ билан санарлидир.

- Матбуот эркинлиги бўйича Ўзбекистондан ҳам баттарроқ давлатни топиш учун узоққа бориш шарт эмас. Чегаранинг нариги бетига ўтиб Туркманистонга бориш кифоядир ва мен буни тавсия этмаган бўлардим, дейди Элса Видал.

Собиқ совет давлатлари орасида бу йили Европа Иттифоқи билан алоқаларни жадаллаштирган Грузия ва Беларус ҳукуматлари мамлакатдаги матбуот эркинлиги вазиятини бир қадар яхшилай олган. Россия эса 12 поғона пастга шўнғиган.

Ташкилотнинг бу йилги ҳисоботида Барак Обама даврида АҚШ даги сўз ва матбуот эркинлиги даражасининг¸ аксинча 20 поғона юқорига кўтарилгани алоҳида таъкидланади.
XS
SM
MD
LG