Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:46

Ўлганга мукофот¸ қолганга маломат


Президент Каримов ўз милициясига¸ ўзбек милицияси эса¸ президент Каримовга таянади.
Президент Каримов ўз милициясига¸ ўзбек милицияси эса¸ президент Каримовга таянади.

Тошкентдаги "террорчилар кушандаси" бўлган Ҳасан Асадов ўлимидан сўнг шуҳрат топаëтган бўлса¸ унинг ўлимида гумонланиб қўлга олинган 50 дан ошиқ йигитни ўз айбсизлигини исбот қилиш каби имконсиз юмуш кутмоқда.

Ўзбекистон президенти Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан 30 дан ортиқ милиция ходимини мукофотлади.

Булар орасида 9 август куни отиб кетилган Жиноят қидирув ва террорга қарши кураш бош бошқармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Ҳасан Асадов ҳам бор. Унга ўлимидан сўнг “Шон-шуҳрат” ордени берилди.

Ички ишлар вазирлиги мулозими Ҳасан Асадов ўлими юзасидан олиб борилаётган тергов-суриштирув бўйича Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг хабар қилишича, 9 август — Асадов ўз уйида отиб кетилган кундан буён унинг ўлимида гумон қилиниб, 50 нафардан ортиқ одам қўлга олинган.

Тошкент шаҳрида 30 дан ортиқ, Тошкент вилоятида 10 дан ортиқ, Сирдарё вилоятида 30 дан ортиқ одам ҳибсда сақланмоқда.

Бу рақамлар айни вазиятга оид кузатувлар ва шу жиноятда гумонланиб, қўлга олинган шахсларнинг яқинлари берган гувоҳликлар асосида шаклланган рақамлардир.

Бу жиноятнинг мотивлари ҳақидаги тахминлар эса ҳанузга қадар ундан-бундан эшитилган ёки терговга чақирув, тинтув, жиноий иш қўзғатиш ҳақидаги қарорлардан йиғилган узуқ-юлуқ маълумотларгагина асосланилмоқда.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари эса ҳануз мутлақ сукутда. Ҳатто, Ҳасан Асадов ўлимида гумонланиб, қўлга олинган шахсларнинг яқинлари ва ҳуқуқий ҳимоячилари ҳам ҳеч бир расмий маълумотга эга эмаслигини айтмоқда.

Гумонланаётганлардан бири – Аҳроржон Зокировнинг опаси Моҳира Жўраева гапиради.

- Терговчи ўзини ҳали кўрсатгани йўқ¸ кимлигини айтгани йўқ. Уч-тўрт марта прокуратурага бориб¸ заявка қилдик. “Бизларга нима бўлаëтганини ҳеч бўлмаса айтинглар. Ҳеч бўлмаса икки энлик хат ëзиб беринглар” дедик. На адвокатни билдиришади¸ на терговчини юзага чиқаришади. Мана бугун бир ою икки кун бўлди. Уйимизга бирор марта ҳали қўнғироқ бўлгани йўқ. “Акангиз ярим соатга кетаяпти”¸ деганича термулиб қолиб кетдик. Мана давлатнинг иши қанақа бўлаяпти. Бир оғиз бир нарса дейилгани йўқ¸ дейди Моҳира Жўраева.

Моҳира Жўраевага кўра, бир ой ичидаги югур-югурлар давомида олинган биргина пичоққа илингудай гап шундай бўлган:

- “Сизнинг акангиз ҳеч қанақа қурол-аслаҳа билан қатнашмаган. Бўлган ҳеч бир воқеада қатнашмаган. Аммо шу қатнашган болаларни таниганини бизларга келиб айтмаган” деди. Қанақа қилиб эркак бўлиб юради дунëда бир нарсани билмасдан туриб¸ ўзидан ўзи бориб “Мана бу террорчи¸ мана бу каллакесар” деб айтган одам бўлганми? Нима дегани бу билиб туриб айтмаган дегани. Билмаганки айтмаган. “Билмаган. Бунақа нарсага бормаган. Кўчага чиқмаган” десак¸ ҳеч ким тушунмайди¸ дейди Моҳира Жўраева.

Моҳира Жўраева ўз акаси Аҳроржон Зокиров ички ишлар мулозими Ҳасан Асадовнинг ўлимида айбланаётгани ва бу иш уюшган жиноятчилик сифатида кўрилаётганини Ички ишлар бошқармалари ва прокуратура биноси қабулхонасида кечирган бир ойлик сарсонгарчилиги ичида олган норасмий жавоблардан келиб чиқиб тахмин қилади.

Унга кўра, аҳвол адвокат ёллагудай ҳам эмас, чунки, Аҳроржон Зокировга давлат адвокати ёлланган. У адвокат эса Зокировнинг яқинларига шу кунга қадар ҳеч қандай маълумот бермаган.

Бу ишда гумонланиб ҳибсга олинган яна бир банди – қашқадарёлик Баҳодир Нуриллаевнинг яқинлари сўзларига қараганда, Ҳасан Асадовнинг ўлими айни пайтда Тошкент шаҳрининг Кўкча даҳасида содир бўлган отишма билан боғлаб олиб борилмоқда.

Марям Нуриллаева кичик ўғли Баҳодир, аввалига, айнан Ҳасан Асадовнинг ўлимида гумонланиб олиб кетилгани, кейин эса Кўкчадаги отишмаларни молиявий таъминловчисига айлангани ҳақида сўзлаб берди.

Бу аёлнинг бир йўла 3 фарзанди Асадовнинг ўлими ва Кўкча воқеаларини уюштиришда гумонланмоқда.

Марям Нуруллаева: Биттаси қўлга олинган. Иккитаси қидирувда.

Озодлик: Иккита ўғлингиз ҳам Асадовнинг ўлимида айбланаяптими?

Марям Нуруллаева: Олдин менинг ўғлимни гумондор сифатида қўлга олишди. Кейин Асадовни ўлдирган одам топилган эмиш. Ҳозир менинг ўғлимга расм кўрсатиб “Кўрганмисан? Танийсанми¸ танимайсанми” деб сўрашаëтганмиш. Ҳозир нима гап бўлганини билмаяпман. Ҳозир Қаршидаги куëвларимни ҳам қамаб қўйишибди. Уларнинг гуноҳи нима? Магазинини печатлашган.

Озодлик: Сиз нимада айбланаëтганини билмайсиз.

- Билмайман. Намоз ўқигани учун¸ дейишади. Билмасам¸ болаларимга бундай туҳмат қилишди¸ дейди Марям Нуруллаева.

Марям Нуриллаева ҳам ҳуқуқ-тартибот идораларининг ўғилларига оид тергов ҳақида бирор бир маълумот бермаётгани, ҳатто, ҳибсдаги кичик ўғлининг аҳволидан бохабар этилмаётганидан норози бўлмоқда.

Ҳасан Асадов отиб кетилганига бир ярим ойдан ошди. Кўкчада отишмалар содир бўлганига бир ойдан ошди. Ҳали айтганимиздек, бу воқеада гумонланиб, қўлга олинганлар сони 50 нафардан ошди.

Аммо, ҳанузгача бу воқеаларга оид жиноий иш, дастлабки тергов натижалари юзасидан фақатгина тахмин, гумонлар тилга олинмоқда, холос.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовга кўра, Тошкент шаҳридаги айбланувчиларнинг аксариятига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси билан айб қўйилган.

- Адвокатлар ҳозиргача ҳам терговга қўйилмаяпти. Ҳозирча айблов хулосаси чиқмаган. Айблов фақат 97-модда яъни қасддан одам ўлдириш бўйича қўйилган. Яна нечта миодда қўйилиши терогв тугагандан кейин маълум бўлади¸ дейди Суръат Икромов.

“Ҳозиржавоб гуруҳ” фаоли Суҳроб Исмоиловга кўра эса, Тошкент вилояти ва Сирдарё вилоятида ҳибсда ушлаб турилганларнинг кўпчилигига 241-модда бўйича ҳам айблов қўйилиши мумкинлиги айтилган.

- Баъзиларига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 241-моддаси ҳам қўйилаяпти. Инсон бирор бир жиноят содир этилаëтганлиги ҳақида хабардор бўлса ва бу ҳақда маълумот бермаса¸ жиноят қилмоқчи бўлган шахсни яшириш бўйича укривателства. Шу бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Қибрай туманидаги ва Сирдарë вилоятидаги баъзи бир йигитларга¸ уларнинг ота-оналарининг айтаëтганлари бўйича¸ мана шу моддалар ҳам қўйилиши мумкин¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

Шу тариқа, ҳозирга қадар олинган норасмий маълумотларга кўра, Ҳасан Асадов ўлими ва Кўкча воқеаларига алоқадорликда гумонланаётган тошкентлик, сирдарёлик ёшлар диний экстремистик гуруҳга аъзо ва улар Ҳасан Асадов каби амалдор милиционерлардан ўз сафдошлари учун қасос олишга аҳд қилган, деб қаралмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган, аммо, терговга оид бирор бир расмий маълумот, расмий ҳужжат қўлида бўлмагани боис очиқ гапиришдан тийилиб турган баъзи адвокатлар бу жиноий гуруҳ ички ишлар идоралари ходимлари орасида “Исломий жиҳод”, дея аталаётгани ҳақида ҳам гапирмоқда.

Қашқадарёлик уч ака-ука эса, уларнинг яқинлари сўзларига кўра, гўёки бу ҳаракатни молиялаштирувчилардан бўлган.

Воқеанинг шундай ривожи кутилган эди, дея Суҳроб Исмоилов, Кўкча воқеаларидан сўнг Ўзбекистон Бош прокуратураси тарқатган илк ва ягона баёнотни эсга олди.

- У ерда айтилгандики¸ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказилган операция натижасида террорист ташкилотлар аъзолари йўқ қилинди ва қолган террорчи ташкилот аъзолари ҳозирча қидирувда.

Бу ҳали текширув ўтказилмасдан¸ фақатгина қўлларидаги оператив маълумотларга таяниб¸ бунақа бир баëнот бериш¸ бизнинг фикримизча¸ қонунларнинг ҳимоячиси деб тан олинган прокуратурага яршамайди. Менимча¸ ҳозирги кунда яна қамашлар бошланганлиги тўғрисида фикр юритишимиз мумкин. Чунки анчагина жойлардан бу ҳақда маълумот келиб тушаяпти. Бу жуда ҳам хавотирли ҳолат¸ дейди “Ҳозиржавоб гуруҳ” фаоли Суҳроб Исмоилов.
XS
SM
MD
LG