Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:31

Ўзбеклар Канигурамдан ҳам қувилди


Канигурамдан қочаëтган тинч аҳоли вакиллари орасида ўзбек оилаларининг ҳам борлиги тахмин этилмоқда.
Канигурамдан қочаëтган тинч аҳоли вакиллари орасида ўзбек оилаларининг ҳам борлиги тахмин этилмоқда.

Жанубий Вазиристондаги ўзбек жанггарилари макон тутиб келган Канигурам шаҳри Покистон ҳарбийларининг тўлиқ назоратига ўтгач¸ 1000 га яқин ўзбек жанггарисининг ҳам тоғли ҳудудга қочаëтгани айтилмоқда.

Покистон армияси матбуот хизмати вакили Басир Ҳайдарнинг Озодлик радиосига айтишича, сўнгги йиллар давомида ўзбек жанггарилари қароргоҳи ҳисобланган Канигурам шаҳри 2 ноябр куни тўлиқ Покистон ҳарбийлари назоратига ўтган.

- Канигурам шаҳри бугун тўлиқ равишда жанггарилардан тозаланди. Канигурам ҳозир тўла равишда хавфсизлик кучлари назорати остида. Ҳудуддан чиқиб кетишга муваффақ бўлган жанггариларнинг сони ҳақида менда аниқ маълумот йўқ. Лекин тахминий маълумотларга кўра, уларнинг сони кўпи билан 8 мингга яқин бўлиши мумкин. Улар тоғлар ичкариси томон чекинишаяпти, деди Покистон армияси матбуот вакили.

Покистон расмийларига кўра, бу ҳудудда сўнгги икки ҳафта ичида давом этган қаттиқ жанглар чоғида ҳукумат қўшинларидан 50 дан ортиқ ҳарбий ўлган. Жанггарилардан эса 343 нафари ўлдирилган, 8 нафари ҳибсга олинган. Хусусан, 2 ноябр куни борган жанг ҳаракатлари чоғида шаҳарни тарк этаётган жанггарилардан 12 нафарининг ўлдирилгани маълум қилинди.

Аммо булардан қанчасининг ўзбек экани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Покистон армияси матбуот котиби, генерал Атҳар Аббосга кўра, ушбу ҳудудда Покистон армиясига қарши курашаётгани тахмин қилинаётган 5 мингдан 8 мингга қадар жанггарининг, тахминан 1000 нафари ўзбек, деб ҳисобланиб келаётган эди.

- Ўзбек жанггариларнинг тахминий сони 1000 нафар ёхуд бундан сал ошиқроқ, деб тахмин қилинган. Аммо, кейинги кунлар ичидаги жангларда уларнинг ҳам кўпчилиги ўлдирилди. Ҳозир қолган жами жанггарилар сони 5 минг нафардан 8 минг нафаргача бўлиши мумкин, дейди генерал Атҳар Аббос.

Шунингдек, Покистон армияси расмийсига кўра, Канигурам шаҳри ҳудудидан жанггариларга тегишли катта миқдордаги қурол-яроғ мусодара қилинган.

- Бу ҳудуддан қўлбола қурол ясаладиган иккита кичкина фабрика топилди. Қурол-яроғ ортилган 5 та юк машинаси ҳам қўлга олинди. Жанггарилар бу машиналарни ўзи билан олиб кетишга уринди, аммо муваффақ бўлишмади, дейди генерал Атҳар Аббос.

Демак, Покистон ҳарбийлари сўзларига кўра, умумий сони 5 минг нафардан 8 нафарга қадар бўлган жанггари ҳам аскар, ҳам қурол-аслаҳа жиҳатдан катта талофатларга учраган ва айни дамда Вазиристон минтақасининг шимол қисмидаги тоғлар томон чекинмоқда.

2 ноябр куни хабар тарқатган кўпчилик ахборот воситалари бу жанггарилар сафида бўлган ва Ўзбекистон исломий ҳаракати аъзолари саналган ўзбекларнинг ёнида оилалари ҳам борлиги, Канигурамдан чиқиб кетаётган жанггарилар орасида аёллар ва болалар ҳам кўрингани ҳақида хабар тарқатди.

Аммо Покистон армияси расмийси бу ахборотларни тасдиқлай олмаслигини айтар экан¸ “Аёллар ва болалар, тинч аҳоли вакиллари бу ҳудудни ҳарбий ҳаракатлардан аввалроқ тарк этган. Уруш ҳаракатлари борган жойда фақат жанггарилар бор эди”, деб жавоб берди.

Минтақадаги вазиятни кузатаётган маҳаллий ва хорижий журналистлар, хусусан, ўзбек жанггарилари ёнида оилалари борлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

Боиси, Канигурамдаги ўзбеклар қароргоҳи ва жанг ҳаракатларини тарк этган баъзи ўзбеклар Покистоннинг бошқа ҳудудларида оиласи билан қўлга олинганига кўплаб мисоллар бор.

Жанубий Вазиристондаги вазиятни кузатаётган хорижлик журналистлардан бирининг Озодликка айтишича, бундан ҳамиша хавотирда яшаб келган ўзбек оилаларининг айни дамда жанггари эркаклари билан ёнма-ён экани эҳтимоли катта.

Унга кўра, Покистон ҳукумати ҳозирги амалиётлари чоғида жанггариларнинг аёллари ва болалари жанг ҳаракатларидан ҳимояланишига ишорат бўлувчи бирор жиддий гап айтмаган.

Ушбу журналист тилга олаётган ўзбек оилалари каби бир оила бир неча ҳафта муқаддам Озодлик радиосига мурожаат қилган эди.

Бу оила ўз вақтида Ўзбекистон исломий ҳаракати сафида бўлган, Покистондаги ўзбеклар қароргоҳида яшаган ва кейинчалик бу ҳаракатни тарк этиб, Эронга ўтиб кетган. Бу оила аёлининг сўзларига кўра, ўз вақтида оила бошлиғини қўлга олган Покистон хавфсизлик хизмати уларни Ўзбекистонга бериб юборишга уринган.

- 2001 йили Америка бунақа ишларни қилгандан кейин биз Покистонга қочиб ўтганмиз. Кейин хўжайинимни ушлаб¸ “Ўзбекистонга топшириб юборамиз” деганда биз илтимос қилиб¸ ўша ердаги баъзи уламолар аралашиб¸ хўжайинимни зиндондан чиқариб Эронга ўтган эдик¸ деган эди бу аëл.

Бу оила каби Ўзбекистон исломий ҳаракати сафини бутунлай тарк этиб¸ Покистондан қочиб Эронга ўтган ва бу ерда яшинириб яшаётган ўзбеклар сони кўпчилик экани айтилади.

Айни пайтда жанг ҳаракатларини тарк этмаган ёхуд борарга жойи йўқ, ҳимоядан эса умиди йўқлиги боис Вазиристондан чиқа олмаётган ўзбек аëллари ва болаларининг ўз жанггари эрлари ва оталари ортидан боришга мажбур бўлаётгани ҳам айтилади.
XS
SM
MD
LG