Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:13

Янги қоида: Аввал пулини тўла¸ кейин чироқ ëқ!


Ўзбекистонда электр энергияси учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган усулига ўтиш 2011 йилда якунланади.
Ўзбекистонда электр энергияси учун ҳақ тўлашнинг автоматлаштирилган усулига ўтиш 2011 йилда якунланади.

Расмийларга кўра¸ электр энергияси учун аввалдан ҳақ тўлаш тизими Тошкент шаҳрида синовдан ўтгач¸ бу тизим 2011 йил охирига қадар бутун Ўзбекистон бўйлаб жорий қилинади.

Ушбу тизим қоидаларига кўра, ҳар бир хонадонга электрон ҳисоблагичлар ўрнатилади. Агар фуқаро электр ҳақини аввалдан тўламаса, автоматик тарзда унинг уйига чироқ берилмайди.

Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг кейинги икки йилда бу тўғрида қабул қилган қатор қарорларини ўқиб бериб бошингизни қотириш ниятида эмасмиз.

Ушбу қарорлардан уққанимиз шу бўлдики, эндиликда Ўзбекистонда электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш мўлжалланмоқда.

Тошкентдаги электр тармоқлари корхоналаридан бирининг ходимига кўра, автоматлаштирилган тизим натижасида хусусий операторларга электр энергияси учун тўловларни йиғиш функциялари топширилади.

- Энди электр энегиясида частний оператор бўлади. Электр тармоқлари автоматлаштирилган тизимга уланади. Компютерда туриб, буни бошқаради. Телефонингиз қандай ўчадиган бўлса¸ шундай ўчади светингиз, агар пул тўламасангиз. Биринчи пул тўлайсиз. Кейин ўша тўлаган пулингизга свет ишлатасиз.

Озодлик: Демак¸ фақат олдиндан тўлов бўлади.

-Ҳа, олдин тўлайсиз¸ кейин ишлатасиз. Қарзга ток бермаймиз, деди суҳбатдош.

Демак, эндиликда электр энергия учун олдиндан пул тўлайсиз, агар тўламасангиз юқорида эшитганингиздай сизга қарзга чироқ берилмайди.

Сирдарё электр тармоқлари ташкилоти ходимига кўра, янги тизим Тошкент шаҳрида синаб кўрилиб, эндиликда уни бошқа шаҳарларда ҳам амалга ошириш устида иш олиб борилаяпти.

-Электр ҳисоблагичлар қўйилади ҳамма жойга. Автоматик бошқарилади, масофадан туриб. Компютерда ўтириб¸ ҳар бир абонентни бошқаришимиз мумкин. Тошкентда бу экспериментдан ўтди. Энди Гулистонни шунга тайëрлаяпмиз. Системани ўрнатсак¸ кейин амалга ошади, деди Сирдарё электр тармоқлари ташкилоти ходими.

Автоматлаштирилган тизимга ўтишдан асосий мақсад эса:

- Ўз вақтида тўловларни амалга ошириш учун қилинаяпти, бу нарсалар, деди Сирдарё электр тармоқлари ташкилоти ходими.

Бу янгиликдан хабар топган аксар ўзбекистонликларнинг боши қотган.

Чунки вақтида пулини тўламасангиз электрсиз қоласиз, бу эса пул топгунча уйингизда чироқсиз ўтирасиз, дегани. Аниқроғи, кунингиз яна ўша ота-бобонгиздан мерос қора чироғу шамга қолади, дегани.

Самарқандлик суҳбатдош аёл электр бўйича бу янги тизим оддий аҳолининг муаммолари кўпайишига сабаб бўлишини, боиси одамларнинг қўлида ҳар доим ҳам пул бўлавермаслигини айтади.

- Ҳозир ойликлар умуман вақтида берилмайди. Пенсиялар йўқ. Қандай бўлар экан унақа тизимга ўтадиган бўлса? Аҳволимиз оғир бўладиёв, дейди самарқандлик аёл.

Фарғоналик ўқитувчи Шокиржон ака бугунги кунда коммунал тўловлар қимматлиги боис оддий аҳолининг уни тўлашга қурби етмаслигини айтади.

- Бизнинг маҳаллада 300 та хўжалик бўладиган бўлса¸ шулардан 20-30 та хўжаликда бюджетдан ойлик оладиганлар яшайди. Шулар тўлайди. Қолганлар умуман тўлашмайди. Ҳақиқатан ҳам йиллаб тўламаган одамлар бор. Одамларимизнинг тўлов қуввати паст. Тўлай олмайди. Электр энергияси қиммат¸ газ ҳам қиммат. Бошқа коммунал тўловлар ҳам қиммат. Одамларнинг 80 фоизи ишсиз, дейди Шокиржон ака.

Кейинги йилларда мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида электр таъминотида тўхтовсиз узилишлар бўлиб, одамлар соатлаб, ҳатто бир неча кунлаб чироқсиз ўтирмоқдалар.

Қўқонлик Охунжон Раззоқов “электр соҳаси автоматлаштирилган тизимга ўтиб, электр ҳақини олдиндан олишдан аввал мутасаддилар мамлакатдаги электр таъминотини яхшилаб қўйишсин”, деган фикрда.

-Электр таъминоти узилиб қолади¸ свет бўлмай қолади. Постоянно узилмай ëниб турса экан¸ аввалдан тўлаб турсак. Лекин бизда кунига бир соат ўчириб қўяяпти¸ яна кечаси ўчириб қўяяпти. Агар электр ҳақини аввалдан тўлайдиган бўлсак, улар у ëғини бўйнига олармикан¸ узлуксиз таъминлармикан? Шунақа шартнома биз билан тузилса экан, биз тўлаб хотиржам ўтирсак. Лекин бунақа шартнома тузилган тақдирда ҳам амал қилмайди булар барибир, дейди Охунжон Раззоқов.

“Ўзбекэнерго” давлат акционерлик компаниясининг расмий сайтида маълум қилинишича, электр энергияси истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимга ўтиши уч босқичда амалга оширилиб, 2011 йилда ниҳоясига етади.
XS
SM
MD
LG