Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:25

10. Хоразм томонларда


Аксарият фалокатлар Хоразм томонларда содир бўлади.

Ўтган ҳафтада Урганчга кетаётган пассажир поезди Навоий шаҳри вокзалига кириб бораётганда битта вагонидаги ғилдиракларидан подшипниклари тўкилиб кетиб ўз-ўзидан тормозланиб қолади.

Тепловоз анча жойгача ўша вагоннинг ғилдиракларидан учқун чиқариб судраб боради. Рельсларнинг шпалга маҳкамланган болтлари синиб, темирйўлга жиддий шикаст етади. Ғилдираклар созлангунча олти соат вақт ўтади. Йўловчилар манзилга етиб боргунча Хоразмда ҳар хил мишмиш тарқалади.

Куни кеча Хоразмга кетаётган бошқа бир юк ташийдиган вагон яна Навоий шаҳри атрофида издан чиқиб, пахтазорга шўнғийди.
“Катта тезликда кетаётган поезд таққа тўхтаб қолди”.

“Поезд издан чиқиб кетди”.

Тасодифий ҳодисаларга ҳам албатта рамзий маъно юклайдилар: “Жар ёқасига келиб қолган иқтисод батамом издан чиқди; мамлакатдаги ижтимоий ҳаёт турғунлик даврини бошдан кечиряпти; жамият танлаган йўл замонавий тараққиёт талабларига мутлақо жавоб бермайди; мамлакат узил-кесил Россиянинг этагига маҳкам ёпишиб олиши керак ёки мамлакатни Хитой бус-бутун ҳолатида ютиб юборади...”

Маҳаллий шароитларда воҳада етиштириладиган гурвак қовунлари қуртлаб кетадиган бўлди. Қурт қовуннинг уруғи билан ичига кириб олар эмиш: айлантириб қаралса, тешик-пешик учрамайди, лекин ичи ёриб кўрилса ғиж-ғиж қурт бўлади.

Нима, гурвакка кириб оладиган қурт учун ҳам ман балогардон бўлишим керакми?! Ҳар бир вилоятнинг ҳокими бор, ёшуллиси бор, халқ томонидан сайлаб қўйилган депутатлари бор. Қуртларни ўшалар бартараф этсин, манга нима!

Носоз вагонларни йўлга чиқаргани учун Темирйўл ҳиссадорлик компанияси жавоб бермайдими? Компания раҳбари ҳатто чойшабларни пуллаб мўмай фойда кўради-ю, жавобгарлик мани зиммамга тушади. Ҳолвани Али есин-да, калтакни Вали есин!

Балки, Навоий шаҳри атрофидаги бирорта азиз авлиё қўним топган қабристон қаровсиз қолгандир?.. Нурота зиёратгоҳи обод қилинганига кўп йиллар бўлди. Карманада амир Олимхон Зарафшонни лойқалатиб кечиб ўтиб жуфтакни ростлаб қолган кечув тарихий обида дейилмаса, бошқа диққатга сазовор қадамжо бўлмаса керак. Очкўз амир ўн минг бош қоракўл қўйларини олдига солиб ҳайдаб кетган экан. Қизилқумда шувоқ-шўрак, жовсан, жузғунлар сероб – улар чорва учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Агар зотдор қоракўл қўйлари кўпайтирилса, қанчадан-қанча янги иш ўринлари пайдо бўлади. “Степторг”ни қайта ташкил этиш лозим, ветеринария хизматини йўлга қўйиш талаб этилади, медицинага ҳам эътибор қаратиш лозим бўлиб қолади... 1920 йилда амир Олимхон фойтон араваларига юкланган тиллоларини ҳам Зарафшонга ағдариб қочган дейишади: сапёр-металлискателларни сафарбар этиб, эски ўзанларда қидирув ишлари амалга оширилса, ким билади, югурганники эмас, буюрганники дегандек, омад бизга кулиб боқармиди! Шу масалада мутахассислар билан маслаҳатлашиб кўриш лозим.

Аслан, Чингизхон балоси ҳам Марказий Осиёга Хоразмдан кириб келган. Агар Муҳаммад хоразмшоҳ ўжарлик қилмасдан мўғуллар билан тил топишганда Темучин Туронзамину Хуросонни четлаб Европага ўтиб кетган бўларди. Калтабин хоразмшоҳ Ўтрорда мўғулларнинг савдо карвонини қатли ом қилдирадию тарих ғилдираги чаппасига айланиб кетади: юрт вайрон бўлади, халқ қирилади; дин-диёнатдан ном-нишон қолмайди. Босқинчиларнинг кейинги авлодлари исломни қабул қилганидан кейингина эл-юртга қут-барака қайтиб келади... Айтишларича, Хоразм халқи уч марта исломга кириб, уч марта чиққан дейишади. Қизиқ, охирги марта динга кирганмикан ёки диндан чиққанмикан?..

Сурхондарёга борганимда атайлаб ер ағдарадиган белкурак олиб келган эдим. Сопи терак шадасидан ясалган экан. Гулзор остини юмшатаётганимда қирс этиб синди. Сопни тол ходасидан ясаш керак. Тол қайишқоқ бўлади, унча-мунчага синмайди. Боғчани айланиб, сопбоп хода қидирдим. Тарвақайлаб ўсган тут шохлари орасидан биттасини тагидан дастарра билан кесиб олдим.

Бутоқларини кесиб, пўстини арчимасдан олакўланкага ташлаб қўйдим. Суви қочганидан кейин пўстлоғини арчиб, ўроқранда билан паст-баландини текислаб ўзим соп ясайман. Ерни қўлда ағдарган маъқул. Тракторда шудгор қилинса, ҳатто қирқ см. чуқурликка омоч кирса ҳам тупроқ ён томонига ағнайди, холос. Ваҳоланки, шудгор пайти ер оёғи осмондан келтирилиб ағдарилиши шарт... Чамамда, Темур бобо ҳам Хоразмни икки-уч марта оёғини осмондан келтириб беармон шудгор этиб юборган эди.

Ҳайронман, нима учундир аксрият фалокатлар Хоразм томонларда содир бўлади.
XS
SM
MD
LG