Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:20

Эркин микрофон - Ўқитувчининг дўхтирга берарга пули йўқ


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Бухородан қўнғироқ қилган мактаб ўқитувчиси¸ ойликларнинг пластик карточкага ўтказилаëтганидан қўли пулсиз қолгани¸ касал бўлиб дўхтирга борса¸ "хизмат ҳаққи" бермасангиз қарамаймиз¸ деб чиқариб юборишгани¸ аптекада эса¸ куппа-кундуз куни тунашганини айтади.

“Ўқитувчи оғриб қолди...”

Ўзбекистонлик ўқитувчилар маошларининг пластик карточкаларга ўтказилаётгани бошқа даромад манбаи бўлмаган муаллимларни оғир кунга солиб қўймоқда. Айниқса¸ бемор ўқитувчилар қўлларида нақд пул бўлмаганидан сўнг, нима қилишларини билмай ҳайрон бўлиб қолмоқдалар. Бу ҳақда бухоролик ўқитувчилардан бири шундай дейди.

- Пластикка ўтказаяпти. Мен ҳозир шунақанги мазам бўлмай доктордан келдим. Докторларга пул беролмай, лаборатория натижаларини бермади. Пластикка қилмадида. Бизларники 90 фоиз пластик. 10 фоизини базўр йўлкира қилиб бориб келдим роса қийналиб. Мен пластикка қила олмасам, бошқа ижтимоий масалаларга пулим бўлмаса, охири ўлим билан якун бўларканда-а? Тиббиëтнинг 99 фоизи пулли бўлиб кетди. Қанақа замонда яшаяпмиз?

Озодлик: Мана ҳозир сиз беморсиз. Даволанишингиз керак. Ойлигимнинг 90 фоизини пластикка ўтказаяпти¸ деяпсиз. Сзининг бошқа даромадингиз йўқда-а?

- Йўқ, бошқа даромадим йўқ. Бизнинг ойлигимиз шундай ҳам паст. 170 минг сўм оламиз. Шунинг 140-150 мингини, айрим пайтлари 160 мингини пластикка ўтказиб юборади. Ҳозир менинг умуман мазам йўқда. Қани эди давлатимиз томонидан ëрдамга муҳтожларга ëки тиббий жиҳатдан саломатлигини йўқотганларга ëрдам кўрсатилса дейманда.

Озодлик: Докторлар пластик карточка билан пул олишмайдими? Аптекалар, дори олиш мумкин бўлган жойлар йўқми?

- Аптекаларнинг битта-иккитасида бор. Айримларида йўқ. Булар бор, деб телевидениеда айтишади. Лекин фактически йўқ. Қани эди мен шуни видеога олиб жўнатсам. Аптекадан дори олганимиз билан докторнинг битта маслаҳати 8000-10 000 сўм эканлиги эшигининг ëнига ëзилган. Борим тугаб қолса, демак кейин ўлиб кетишим керак экан. Мана шу жамият учун озми-кўпми жон куйдираяпманку. Наҳотки бир ëрдам бўлмаса дейманда.

Озодлик: Ўзбекистонда тиббий муолажа, тиббий хизмат кўрсатиш бепулку ахир.

- “Хизмат ҳақига пул тўламайсизми?” деди менга врачлар. Мен “Илтимос бир ëрдам қилиб юборинг. Кейин қайтараман” десам, “Йўқ. сизга ўхшаб кейин қайтараман дейдиганлар кўп” деди. Кейин битта аптекага бориб, илтимос қилиб, пластикдагини пул қилдим. У ҳам 8000 сўмини олиб қолди. Пластикдан 8000 сўм ушлаб, қўлимга 6000 сўм пул берди, дейди бухоролик ўқитувчилардан бири.


“Нега Биродар Абдураимовга йўл йўқ?”

Ўзбекистондаги “Бунёдкор” футбол клубининг бразилиялик тренери Сколарига 25 миллион доллар маош тўланиши ҳақидаги хабарга муносабатлар келишда давом этмоқда. Сирдарёлик Раҳматулла аканинг айтишича, Ўзбекистонда Сколарининг ишини қойиллатиб бажарадиган тренерлар бор, лекин негадир уларга йўл берилмайди.

- Мен Сколари тўғрисида бир-иккита фикр айтмоқчи эдим. Мутахассис олиб келишганку Бразилиядан. Бизнинг ўзимизда ҳам яхши мутахассис борку. Биродар Абдураимов деган инсон бор. Жуда ҳам зўр мутахассис. Бу мутахассисни анчадан буëн ишга қўймайди ҳам, командаларга қўймаган. Бир марта Осиë ўйинларида қўйишди. 1994 йили. Учта тренер боришди ўша устозлар. Ўшанда Осиë ўйинларини ютишган эди японларни ҳам ютиб, хитойларни ҳам ютиб. Шунда Каримов Хитойга бориб мақтанди. Телевизорда “Мен Хитойга борсам, мени одамлар танимайди. Ким у, ким у деди. Битта-иккитаси “Ўзбекистон, Ўзбекистон. Бизни футболда ютган” дейди. Қаранг футболнинг қандай кучлилигини. Мени одамлар танимади, футболда ютган деса¸ ҳамма таниди” деб мақтанган эди. Шунча пул, шунча даромадни мақтаниб бергандан кўра, ўзимиздаги зўр мутахассисни неча йиллардан буëн нима учун қўймайди? Нима учун? Футбол бўйича тепада ўтирган корчалонларга айтадиган гапимда шу. Нима учун ўшандан буëн Биродар Абдураимовни қўймайди? Бу инсон арзимаган пулга ишлайди. Бу одам халқим деб, ватаним деб ишлайди. Халқчил инсон бор. Футболни шундай ривожлантиришга қодир. Сколарига шунча миллионлаб, мана 25 миллион деб эшитаяпмиз. Ўзбекистон учун бу жуда катта пулку, дейди сирдарëлик Раҳматулла ака.

Қозоғистондан қўнғироқ қилган суҳбатдошимиз ҳам Сколари ҳақида гапирар экан, унга берилган пул Ўзбекистон фаровонлиги учун ишлатилса¸ хайрлироқ бўларди, дейди.

- Мен "Бунëдкор" командасининг тренерига тўланаëтган пул ҳақида гапирмоқчи эдимда. 25 миллион доллар дейишаяптида. 25 миллион доллар осон келган пул эмасда. Халқнинг пули бу. Халқнинг қийналиб топган пулида бу. Унинг ўрнига фабрикалар очса бўлади. Тошкентда кўзи ожизлар учун комбинат борку, ўшани ишлатса бўлади. Ўша ерда ҳам қанча кўзи ожизлар ишсиз ўтиришибди. Халққа умуман шароит яратиб берса бўлади. Шулар ҳақида гапирмқочи эдимда. Кеча эшитиб жаҳлим чиқди¸ деса ҳам бўлади. Чидаб тура олмадим, дейди Қозоғистондан қўнғироқ қилган суҳбатдош.


Озодлик мухлиси

Бухоролик Эргаш ака сунъий йўлдош антенналари ўрнатадиган уста эканлигини айтар экан, Озодлик тингловчилари кундан-кунга кўпайиб бораётганини таъкидлайди.

Эргаш ака: Озодлик радиосини бир неча йилдан бери эшитаман. Ҳозир ҳам эшитаман. Тўғрисини айтай, параболический антенна орқали настройка қиламан, кимга керак бўлса, топиб бераман. Қизчам олиб борди “Дада телефон бўлди” деб. Сизлар гапларимизни прямой эфирга берасизлар. Сизларга катта раҳмат. Озодликни кечаю кундуз такрор-такрор эшитаман. Эрталаб ҳам эшитаман.

Озодлик: Радионинг нимаси ëқади?

- Ҳақиқатни айтасизларда. Қайтиб-қайтиб эшитаман. Мен спутник орқали эшитаманда. Олдин радиода эшитар эдик. Шум бўлар эди, баланд-паст бўлар эди. Эшитганим сайин қайтиб-қайтиб яна эшитаман. Мухлисларингиз кўпда сизларни. Ўшаларнинг уйига бориб антеннасини настроит қилиб бераман. Бир телефон қилай деган эдим. Сизлардан миннатдормизда. Сизларнинг эшиттиришларингизни эшитиб маза қиламиз, дейди Эргаш ака.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG