Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:01

Маматхонов беш йилга қамалди


Ғанихон Маматхонов 2009 йил давомида қамалиб¸ қамоққа ҳукм этилган бир неча ҳуқуқ фаолларидан биридир.
Ғанихон Маматхонов 2009 йил давомида қамалиб¸ қамоққа ҳукм этилган бир неча ҳуқуқ фаолларидан биридир.

25 ноябр куни Фарғона вилоят Охунбобоев судида судя Нуриддин Қодиров Ғанихон Маматхонов иши бўйича суд ҳукмини ўқиб, ҳуқуқ фаолига беш йиллик қамоқ жазоси тайинлади.

Бу ҳақда Озодликка ҳуқуқ фаолининг ўғли Жамолхон Маматхонов маълум қилди.

- Ўзбекистон жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) ва 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича айбланди. Иккала модданинг ҳам учинчи банди бўйича айблашди. Прокурор биттасига 4 йил, иккинчисига 2 йил сўради. Судя бир йилга қисқартириб, 5 йил берди, деди Жамолхон.

Ғанихон Маматхоновнинг қизи Иқболхон суд ҳукми ўқилгач, суд залида катта тўполон бўлганини айтади.

- Ўзи ҳақиқат йўқ экан. Умуман ҳақиқат йўқ экан. Дадамни қуруқ туҳмат билан қамашди. Биз прокурорнинг олти йил сўраганини эшитганимиздан кейин роса тўполон қилдик, роса жанжал қилдик. Оиламиздан беш киши борган эдик. Бизнинг тўполонларимиздан кейин қамоқ жазосини бир йилини олиб ташлаб, беш йил беришди. Суд ҳукми ўқилгач ҳам жанжал қилдик. Судялар қочиб кетишди, дейди Иқболхон.

Ғанихон Маматхоновнинг рафиқаси Арофатхон опага кўра, эри бозорга картошка харид қилиш учун бориб, эндиликда беш йилга қамалиб кетди.

Арофатхон Маматхонова эрининг уюштирилган жиноят қурбони бўлганини айтади.

- Хўжайинимни бозорда ушлашди. У картошкага борган одам эди. Уни биттаси алдаб чақирган. Ёнида МХХ ходимлари кузатиб турган. У одамнинг диктофони бор экан. Бу ёқда МХХ видеога олган. У киши эримга пул бермоқчи бўлган. Эрим: “Йўқ, олмайман” деса, у одам эримни у ёқ-бу ёққа судраб, мажбурлаб чўнтагига пул солган. Ўша пайтда МХХ ходимлари келиб босган. Бу уюштирилган иш-да. Бўлмаса МХХ қаердан билади эримнинг бозорда эканини? Эримни бу ерда ҳеч қандай айби йўқ. Пулни кўрсатишди. Лекин эрим пулга қўлини теккизмаган. Пулда эримнинг бармоқ излари йўқ. Ҳалиги одам эримни мажбурлаб, судраб пулни тиққан жойларини видеода қирқиб ташлашибди. Эрим судда: “Қани ўша жойлари?” деса, судя “Бошқа кассетада”, деди. Лекин судда ўша бошқа кассетани кўрсатмасдан, ҳукмни ўқиб юборишди, дейди Арофатхон Маматхонова.

Айблов хулосасига кўра, Ғанихон Маматхонов икки ҳолатда пора талаб қилганликда гумон қилинди.

Биринчи ҳолатда 100 минг сўм, иккинчи ҳолатда 4,5 миллион сўмни пора сифатида сўраганликда айбланди.

Маҳкама жараёнини кузатган фарғоналик ҳуқуқ фаоли Абдусалом Эргашевга кўра, судда Ғанихон Маматхоновга сўз берилган пайтда у Тоҳир Сулаймонов исмли фермердан 100 минг сўмни олганини тан олган, лекин бу пулни пора сифатида эмас, балки фермер ишини битказиш ҳаражатлари учун олганини айтган.

Абдусалом Эргашев Ғанихон Маматхоновни бошқалар манфаатини ўз манфаатидан устунроқ қўядиган фидойи инсон, деб билишини айтади.

- Ғанихон Маматхоновни узоқ йиллардан буён биламан. У ўзининг ташвиши қолиб, бировларнинг ташвиши билан ёниб юрадиган инсон. Ғанихоннинг фаолияти бировнинг кўзига яхши кўринса, бировга ёқмаслиги мумкин, яна бировнинг ғашини келтириши мумкин. Энди мен бирорта ҳукумат идоралари ёки бошқасини айблаб, бир нарса демоқчи эмасман. Лекин кимгадир унинг фаолияти ёқмагани учун унга жабр етказиб, қандайдир жазо олишга мажбур қилмаслик керак. Бизнинг Ўзбекистон ҳам мана йигирма йил бўлаяпти мустақил бўлганига. Демократик йўлдан кетиш учун шундай ҳаракатларга кенгроқ йўл очиш керак. Фикри учун, фаолияти учун одамлар жазо олиши бу нотўғри нарса, деб ўйлайман, дейди Абдусалом Эргашев.

Ғанихон Маматхонов анча йиллардан буён қароргоҳи Германияда жойлашган Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятининг Ўзбекистондаги қўмитаси аъзоси бўлиб, айни ташкилотнинг Фарғонадаги вакили сифатида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари Ғанихон Маматхонов ҳуқуқ фаоли сифатидаги фаолияти туфайли қамоққа олинганини таъкидлаб келадилар.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини ҳуқуқ ҳимоячиси Ғанихон Маматхоновни зудлик билан озод этишга чақирган.

Ғанихон Маматхонов жорий йилнинг 10 октябр куни Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

16 ноябр куни Фарғона вилоят Охунбобоев туман судида Ғанихон Маматхонов иши бўйича маҳкама жараёни бошланганди.

25 ноябр куни судя Нуриддин Қодиров Ғанихон Маматхоновга беш йиллик қамоқ жазоси тайинлаш тўғрисида ҳукм эълон қилди.
XS
SM
MD
LG