Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:20

Тошкент рухсат бермади


Маълумотларга қараганда, ўзбекистонлик руслар вакиллари россиялик ватандошларнинг I ва II конгрессларида иштирок этган.
Маълумотларга қараганда, ўзбекистонлик руслар вакиллари россиялик ватандошларнинг I ва II конгрессларида иштирок этган.

1 декабр куни Москвада ўз ишини бошлайдиган россиялик ватандошларнинг III Конгрессида Ўзбекистон делегацияси иштирок этмайди. Бу ҳақда Ўзметроном сайти хабар қилди. Бу воқеа Тошкент-Москва муносабатларининг бугунги аҳволига бир назар солишга ундади.

Мазкур ахборот воситасига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Республика рус миллий маркази раиси, сенатор Светлана Герасимовага Конгрессга бормасликни тавсия қилган.

Делегациянинг бошқа 14 аъзосига маъмурий босим ўтказилган ва натижада улар ҳам Москвага бормаган.

Сенатор Светлана Герасимовани Республика рус миллий марказидан топа олмадик. Навбатчи аёл у кишининг “эртага келиши мумкин”лигини айтди. Яъни Конгрессга бормаганини билвосита тасдиқлади.

Герасимова хоним аъзоси бўлган Ўзбекистон Сенатидан эса, информация олиш одатда имконсиз – бу сафар ҳам шундай бўлди.

Тошкент вилояти рус миллий марказининг исмини айтмаслигимизни сўраган вакили ҳам Ўзбекистон делегациясининг россиялик ватандошларнинг III Конгрессига бормаётганини билвосита тасдиқлади.

- Бу бош оғриғи бўлаётган масала. Ҳеч ким бормайди дейишаётганди. Лекин бу масалада республика рус миллий марказининг ўзи гапирсин. Мен гапирмайман, деди.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг хориждаги ватандошлар билан ишлаш департаменти масъул ходими “Конгрессга ўзбекистонликлар келдими-йўқми?” деган саволимизга жавоб беришга тайёр эмаслигини билдириш билан чекланди.

Маълумотларга қараганда, ўзбекистонлик руслар вакиллари россиялик ватандошларнинг I ва II Конгрессларида иштирок этган.

Хўш, уларнинг III Конгрессга боришига расмий Тошкентнинг қаршилик кўрсатиши боиси нимада бўлиши мумкин?

Воқеа юзасидан москвалик шарҳловчи Санобар Шерматова билан суҳбатлашдик. У мана бундай фикр билдирди:

- Бу Россия–Ўзбекистон муносабатларидаги қандайдир муаммолар билан боғлиқ бўлиши мумкин¸ дейди Санобар Шерматова.

Санобар Шерматованинг фикрича, ўрганилаётган воқеани тушуниш учун кейинги пайтларда юз берган бошқа воқеалар ва уларга Москванинг муносабатини эслаш керак.

- Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси бу мамлакат мустақилликка эришганидан буён биринчи марта “Наши” ҳаракати вакили томонидан пикет қилинди. Ҳамма биладики, “Наши” қандайдир мустақил ҳаракат эмас, балки Кремлнинг йўриғидаги ташкилотдир, дейди Санобар Шерматова.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Тошкентда совет аскарига қўйилган ёдгорлик демонтаж қилинган ва “Наши” ҳаракати аъзоси шу ишдан норозилик билдириб чиққан эди.

Санобар Шерматованинг фикрича, ўша акция туфайли Россия–Ўзбекистон муносабатларида чоғроқ бир муаммо пайдо бўлди.

Озодлик: Ўзбекистонлик руслар вакилларига россиялик ватандошлар III Конгрессида иштирок этишига Тошкентнинг изн бермаганига Москва қандай реакция қилиши мумкин?

Санобар Шерматова: Ҳеч қандай реакция бўлмайди. Чунки Москванинг душманлари рўйхатида Ўзбекистон йўқ. Душманлар рўйхатига Ўзбекистон киритилмайди ҳам.

Озодлик: Бас, шундай экан, унда Ўзбекистоннинг совет аскарига қўйилган ёдгорликнинг олиб ташланишию унга Москванинг "Наши" ҳаракати аъзоси тили билан билдирган норозилигини қандай тушуниш керак?

- Аслида, ёдгорликни демонтаж қилар эканлар, Тошкентда Москванинг бундай реакция билдиришини кутмаганлар ҳам. Шунинг учун пикет ўтказилиши биланоқ Ўзбекистон элчисининг Россия Ташқи ишлар вазирлиги юқори лавозимли ходими билан учрашуви бўлиб ўтди. Мақсад Москва реакциясининг кўламини билиш ва баҳолаш эди.

Менимча, Ватан ҳимоячи ёдгорлигининг демонтаж қилиниши Россияга қарши қаратилган амал эмас. Бу совет даври тўғрисидаги хотираларни халқ шууридан ўчириб ташлашга қаратилган ҳаракатларнинг давоми холос, дейди Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG