Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:18

Ҳокимни ким портлатмоқчи эди?


Тожикистонда қўлга олинган одамнинг исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев гуруҳи аъзоси экани айтилмоқда.
Тожикистонда қўлга олинган одамнинг исёнчи полковник Маҳмуд Худойбердиев гуруҳи аъзоси экани айтилмоқда.

Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари Турсунзода шаҳрида содир этилиш эҳтимоли бўлган террорчилик ҳаракатига чек қўйди. Қўлга олинган шахс исёнчи тожик полковниги, ҳозирда Ўзбекистондан паноҳ топганлиги айтилаётган Маҳмуд Худойбердиевнинг одами эканлиги иддао қилинмоқда.

9 декабр куни қўлга олинган шахс - исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев гуруҳи аъзоси экани айтилаётган 55 ёшли Ҳайдар Бобомуродов Турсунзода шаҳар ҳокимининг машинасини портлатиш топшириғини олгани ҳақида кўрсатма берган.

Бу ҳақдаги хабарни Озодлик радиоси тожик хизмати мухбирига Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Муҳаммаджон Назриев берди.

Унинг сўзларига кўра, Ҳайдар Бобомуродов Труснзода шаҳар ҳокимига суиқасд уюштириш ҳақидаги топшириқни Ўзбекистон ҳудудида, Маҳмуд Худойбердиев гуруҳининг аъзоси, Тожикистон мудофаа вазирлигининг собиқ ходимидан олган.

- Тожикистонлик Ҳайдар Бобомуродов Маҳмуд Худойбердиев гуруҳининг аъзоси бўлиб, Ўзбекистоннинг Шарғун туманида Аббос Мирзоев деган шахсдан Турсунзода шаҳар ҳокимининг автомобилини портлатиш ҳақидаги топшириқни олган. Ҳайдар Бобомуродовдан 770 грамм портловчи модда, 2та мобил телефон мусодара қилинди. У бу нарсаларни Ўзбекистондан ғайриқонуний равишда Тожикистонга олиб кирган,- дейди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Муҳаммаджон Назриев.

Ички ишлар вазирлиги расмийси ҳозир бу ҳолат юзасидан жиноий иш очилганини ва бу ҳақда бошқа маълумот беролмаслигини айтди.

Бироқ Турсунзода шаҳар ҳокими, Тожикистон Миллий Мажлиси депутати Баракатуллоҳ Аҳадовга нима сабабдан суиқасд уюштирилиши мумкинлиги ҳақидаги савол очиқ қолмоқда.

Мамлакат Ички ишлар вазирлигининг ўз исмини сир тутган бир ходими сўзларига кўра, Турсунзода Тожикистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош катта саноат шаҳарларидан бири ва хорижий доиралар бу шаҳардаги вазиятни издан чиқаришдан манфаатдордир.

- Тожикистонда содир бўлаётган нохуш ҳодисаларнинг ҳаммаси қўшни давлат билан боғлиқ. Жумладан, куни кеча Турсунзода шаҳрида қўлга олинган шахс воқеаси ҳам қўшни давлат махсус кучлари ва Маҳмуд Худойбердиевнинг одамлари иштирокида ташкил қилинди. Зеро Тожикистонда Роғун ГЭСининг қурилаётгани ҳам қўшниларга ёқмаяпти, -дейди тожикистонлик кузатувчи Амрулло Собир.

Тожикистонда сўнгги суиқасд 2006 йилнинг январида, Тожикистон ҳарбий олийгоҳи раҳбарига нисбатан уюштирилган эди. Тожикитсон олий Суди бу суиқасдда Маҳмуд Худойбердиев гуруҳининг икки нафарини айбдор деб топиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум этган эди. Йил бошидан эса 8 киши Маҳмуд Худойбердиев гуруҳи аъзоликда гумон қилиниб қўлга олинган.

Тожикистон ҳукумати Ўзбекистонни исёнчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев ва унинг одамларини Ўзбекистон ҳудудида яшириб келаётганлигини иддао қилади. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати бу иддаоларни кескин рад этиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG