Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:47

Адвокат журналистлар билан судлашади


Муддатидан олдин қамоқдан озод қилинган фарғоналик адвокат Абдували Исоқов маҳаллий журналистларни судга берди. У маҳаллий журналистларни ўз инсоний қадр-қиммати ва шаънини ерга урганликда айблаяпти.

43 ёшли адвокат Абдували Исоқовнинг Озодликка билдиришича, у шу кунларда Фарғонадаги тўққизта маҳаллий газета билан судлашаяпти.

- Мен даъвогарман. “Фарғона ҳақиқати”¸ “Бағдод ҳаëти”¸ “Қува ҳаëти”¸ яна Риштон¸ Олтиариқ рўзномалари - жами тўққизта маҳаллий газета жавобгар сифатида, дейди Абдували Исоқов.

Адвокат Исоқов жорий йилнинг 13 июн куни Сарвар Обид тахаллусли журналистнинг “Фарғона ҳақиқати” газетасида эълон қилинган “Мен не дейману, қўбизим не дейди” сарлавҳали мақолада унинг инсоний қадр-қиммати ва шаънини ерга уришганини айтади.

- Муҳаммаджон Обидов деган журналист Сарвар Обид тахаллуси билан “Мен не дейману¸ қўбизим не дейди” сарлавҳаси остида ўша мақолани ëзган. “Фарғона ҳақиқати” кейин уни босиб чиқарган. Бағдод туманида ўтказилган журналистлар семинарида қолган туман газеталарида ҳам босиб чиқаришди. Мажбур қилгандан кейин босиб чиқаришган. Мақолада биринчи ўринда менинг шахсиятимга тегилган. Мен Фарғона вилоят газетаси ва туман газеталаридан раддия беришни талаб қилган эдим. Уларнинг ҳаммаси бир ойлик муддат ичида раддияни чиқармасликларини билдиришди. Мен раддия ёзишни талаб қилганимда газетада келтирилган ҳамма нарсалар менга нисбатан туҳмат эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилган эдим, дейди адвокат Исоқов.

Абдували Исоқов мақолани эълон қилган “Фарғона ҳақиқати” газетаси ва мақолани кўчириб босган саккизта туман газетаси раддия беришни инкор қилишгач, у октябр ойи бошида тўққизта маҳаллий газетани судга берган.

Абдували Исоқов Сарвар Обид тахаллуси билан ёзилган мақоланинг ҳақиқий муаллифи Муҳаммаджон Обидов исмли журналист эканини даъво қилади.

Бироқ Озодликка маълум бўлишича, Муҳаммаджон Обидов маҳкама жараёнида ўзининг Сарвар Обид тахаллуси билан мақола ёзмаганини билдирган.

“Фарғона ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Алишер Ибоддиновдан ушбу мақола билан боғлиқ маҳкама бўйича фикрини сўрадик.

Алишер Ибоддинов: Газетада келган материални эълон қилганмиз. Суд ўзининг тегишли хулосасини беради. Нима дейиш мумкин бошқа?

Озодлик: Бу газетанинг ўзининг мухбирларининг мақоласими?

Алишер Ибоддинов: Йўқ¸ четдан келган мақола бўлган.

Озодлик: Жамоатчи мухбирми?

- Ҳа, деди Алишер Ибоддинов.

Адвокат Исоқов суд орқали маҳаллий газеталардан у ҳақидаги мақола бўйича раддия берилиши ва газеталардан унга маънавий зарар ундиришига эришмоқчи эканини айтади.

- Мен судга беришимнинг сабаби газетада чиққан нарсанинг бирортаси ўз исботини топа олмайди. Улар менинг шаънимни¸ қадр-қимматимни оëқости қилишдан бошқа нарса қилгани йўқ. Шунинг учун мен ўша раддияни суд тартибида қарор чиқартириб, газеталарда чиқариш ҳамда келтирилган маънавий зарарни ундириш тўғрисида судга бердим. Мен ҳозир 500 миллион сўм сўраяпман. Энди менинг қадрим қанча туришини суд белгилайди, дейди Абдували Исоқов.

“Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташанов “Фарғона ҳақиқати” газетасидаги юқоридаги мақолани адвокат Исоқовга нисбатан туҳмат ва бўҳтон, деб баҳолайди.

- Кейинги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати матбуот йўли билан¸ ҳар хил жамоатчилик йўли билан ҳукумат сиëсатига қарши бўлган гапларга нисбатан қарши зарбалар бериш одатини чиқарди. Айниқса, Андижон воқеаларидан кейин бу анъана тусига кирди. Махсус нашрлар ташкил қилинди. Мана, интернетдаги press-uz.info сайтини кўрсатишимиз мумкин. Горизонт ëки gazeta.uz деган сайтлар бор. Асосан бу нашрларнинг нишони нодавлат ташкилотларда¸ хорижий ташкилотларда ишлаётган мухбирлар ëки мустақил журналистларга қаратилади. Умуман, Ўзбекистон ҳукуматининг позициясига жўр бўлмаган, унинг ашулаларига баралла қўшилмаган одамларга нисбатан шунақа танқидий мақолалар чоп қилинади. Шахсан “Фарғона ҳақиқати” газетасида “Эзгулик” жамиятининг “Фарғонада адвокатлар ови бошланди” деган баëнотига нисбатан мақола чоп қилинган ва бу ерда қувалик адвокат Абдували Исоқов фирибгар шахс, деб танитилган, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Абдували Исоқов адвокатлик соҳасида йигирма йиллик стажга эга бўлиб, сўнгги пайтларда у “Ферузбек-МК” адвокатлик фирмасида ишлаётганди.

Жорий йилнинг баҳорида Абдували Исоқов 500 АҚШ долларни пора сифатида олганликда айбланиб, ҳибсга олинганди.

Ўшанда фарғоналик аксар адвокатлар Абдували Исоқов маҳкама жараёнларида оқлов ҳукмлари чиқаришга эришган Ўзбекистондаги саноқли адвокатлари бири экани ва унинг ҳақпарастлиги вилоятдаги ҳуқуқ-тартибот органларига ёқмагани учун унга нисбатан сохта айбловларни илгари суришганини таъкидлашган эди.

Апрел ойи охирида Абдували Исоқов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси бўйича фирибгарликда айбланиб, бир йилу олти ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шунингдек, суд ҳукмига кўра, унга икки йил мобайнида адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш таъқиқланди.

6 август куни Сирдарё вилоят Сардоба туман суди Абдували Исоқовнинг қамоқ жазосини аҳлоқ тузатиш жазоси билан алмаштириб, уни озод қилиш бўйича ҳукм чиқарди.
XS
SM
MD
LG