Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:07

Эркин микрофон - "Подшоҳимиз азиз Ислом Абдуғаниевич Каримовга арз"


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

"Беларусда¸ Украинада ишлаб юрган юртдошлар қийналиб қолишаяпти. Мусофир юртларда меҳнат ҳаққини ололмаяптилар. Россияда ҳам улар жуда ҳам камситилаяптилар. Ўзимизда иш очинг¸ юртга қайтайлик" дея хитоб қилди президентга ургутлик муҳожир Бахтиëр.

Сайлов эмас, бозор бўлди

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидан қўнғироқ қилган тингловчимиз 27 декабр куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловлар борасида ўз кузатишларини айтади.

- “Сайловда 87 фоиз одам қатнашди” деб жуда оғиз кўпиртириб юборди. Мана бизнинг Чироқчида Камол ака деган ҳоким бор. Бу ерда у одам бормаса ҳам битта одамга 50-60 та бюллетен ташлаттириб ўтказиб юборди. Ўзим бордим. Бюллетен бланкасида Олий Мажлисга тўртта¸ вилоят депутатлигига тўртта¸ туман депутатлигига тўртта номзод қўйилган бўлса¸ одамлар ташқарида 40-50 тани белгилаб¸ астагина кириб ташлаб юбораяпти.

Озодлик: Бозор бўлибдида бўлмаса.

- Худди шундай. Радиода эшитдим 87 фоиз деганини. Унчалик одам қатнашгани йўқ у ерда. Яна бир-иккиталари “Ҳоким айтган мана шу одамни ўтказишимиз керак” деб айтиб юрибди. “Ирригация институтида домла эмиш. Шу одамни ўтказиш керак экан. Ҳокимнинг топшириғи шу” дейди.

Озодлик: Мана сиз сайловга бордингиз. Ҳамқишлоқлар билан учрашгансиз. Номзодларнинг кимлигини бирор киши биладими?

- Борган одамларнинг кўпчилиги билмайди.

Озодлик: 87 фоиз қатнашди, дегани бу расмий хабар. Сизнинг фикрингизча¸ нечта одам қатнашди?

- Бизнинг сайлов участкада 3000 одам бўладиган бўлса¸ 1000 одам қатнашган. Бундан олганда 50 фоиз ҳам йўқ дегани. Сайлов комиссиясининг аъзоси ўзининг жиянига 20 та бюллетен берса¸ белгилаб ташлаб кетаяпти¸ дейди чироқчилик суҳбатдошимиз.


101 фоиз бўлди деса ҳам ишонаман

Тошкентдан сим қоққан навбатдаги суҳбатдошимиз ҳам Ўзбекистондаги сайловлар ҳақида фикр билдирар экан, Озодликда бу хусусда янграган айрим фикрларга ҳам ўз муносабатини билдиради:

- Сайловга келсак¸ Марказий сайлов комиссиясининг раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг айтганларини инкор этиб бўлмайди. Халқнинг менталитетидан¸ тушунчасидан келиб чиқиб¸ 87 фоиз дедими¸ 101 фоиз деса ҳам мен ҳеч қандай шубҳа билдирмас эдим.

Қашқадарëлик отахон мухолифат тўғрисида гапирдиларку. Отахон 90 ëшга кирибдиларку¸ ҳали сиëсатни тушунмаганда. “Мухолифатчилар яхши бўлса агар¸ четга кетмас эди” деяпти. Жон сақлаш учун кетишга мажбур эди. Уларнинг оилаларининг бошига қандай кунлар солинди? Уни билмасалар керакда. Мухолифат кетмаса эди¸ бутун ўзбек мухолифати йўқ бўларди. Шунинг учун у кишининг фикрларига умуман қаршиман. У гапларни тушунмасалар айтмаганлари яхши эди.

Кейинги масала Сурхондарëдан бир ўқитувчи гапирди. Бу кишининг гаплари жуда ҳайратга¸ таажжубга солди. Ўзларини яна тарих ўқитувчисиман дейдилар. У киши “Биз ўзбек эмас¸ туркмиз” деган гапни айтди. Туркий билан туркнинг фарқига бормаган тарих ўқитувчиси кимга дарс бермоқда? Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” ашуласи айтилганига неча йил бўлиб кетди? Наҳотки миллатимизни шунчалик ерга уриш керак бўлса. Эркин Воҳидовнинг шу шеърида бутун ўзбек тарихи келтирилган менимча. Эҳтимол у кишининг шулардан хабарлари бўлмаса керак.


Битлар қонимни сўряпти, лекин даво йўқ!

Тошкент шаҳар, Юнусобод туманининг 11 мавзеси, 55-уйнинг 45-хонадонида яшовчи 59 ёшли Шуҳрат Мақсудов битлаб кетаётгани, бироқ дўхтирлар буни яшираётгани, битлар эса қонини сўриб адо қилаётгани ҳақида куйиниб гапирди.

Шуҳрат Мақсудов: Мен ўтган йил битлаб кетдим. Қаердандир юқдида менга. Кожанный диспансерга банкаларнинг ичига солиб олиб бориб “Менда шунақа. Бир нима чақаяпти” деб кўрсатсам¸ булар бор нарсани йўққа чиқартирмоқчи бўлиб¸ у ëққа югуртириб¸ бу ëққа югуртириб¸ чўзиб-чўзиб бир йилдан бери ҳалигача кетгани йўқ шу нарса. Ўшанинг орасида кўзим ҳам деярли кўр бўлиб қолди.

Озодлик: Шуҳрат ака¸ бу оддий битми?

Шуҳрат Мақсудов: Ўша бошга чиқадиган¸ мандаложка дейдими бошқа дейдими. Ўзи уч хил бўларкан у бит. Кийимнинг бити¸ бошнинг бити ва қов бити бўларкан. Мендаги ҳаммаси комплексний бор шекилли.

Озодлик: Қов деганингиз қанақа бу?

Шуҳрат Мақсудов: Бу жинсий органларда бўладиган бит.

Озодлик: Бу теридан ташқарида бўлади-а?

Шуҳрат Мақсудов: Теридан ташқарида бўлмайди. У терининг ичига ўзи кириб оладида ўша ердан тухумини чиқариб ëтаверади. Думалоқ-думалоқ бўларкан. У вақт ўтиши билан ерга тушиб катта нимага айланиб¸ у яна чақади. Уйларни обработка қилганман. Ўзимда қолганини тузата олмаяпман. Қаердандир юққанда менга. Ижтимоий таъминот бўлимидан менга эски матрасларни олиб келиб беришган эди.

Озодлик: Сиз ëлғиз ўзингиз яшайсизми?

- Ҳа. Деярли биринчи гуруҳ ногирониман. Кўзим ҳам шундан бўлдими дейманда. Қон етишмайди¸ бошқа. Қон сўраркан ҳар биттаси. На дори беришади¸ на бошқа. Борсангиз¸ ҳамма докторлар қочади. Ҳеч ким менга ëрдам бераëтгани йўқ. Эрта-индин ўлиб кетсам¸ яхшиям мана сиз телефон қилдингиз. Жуда бўлмаса дунë эшитиб қўйсин. Сизлар ҳам эшитиб қўйинглар Мақсудов Шуҳрат шунақа ўлиб кетаяпти деб. ҳеч ким ëрдам бермайди. Бизнинг медицина шунақа экан. Кожанный диспансер анализимни беш-олти марта тасдиқлаган. Лекин шуни бекитиб юришади. Одамларга ëрдам бермайди. Ҳамма докторлар пулини олса¸ куни ўтса¸ ҳеч бир иш қиламса бўлди. Юнусобод тумани ҳокимига¸ ҳоким ўринбосарига гапириб келдим. Ëзиб ҳам келдим. Барибир ҳеч нарса бўлмади¸ дейди Шуҳрат Мақсудов.


Биз Ўзбекистонга қайтишни истаймиз, лекин…

Украинадан қўнғироқ қилган тингловчи, ҳаммани янги йил билан табриклар экан, муҳожирликдаги ўзбеклар, ўз юртига қайтишни истаётгани ҳақида гапирди

- Ассалому алайкум ҳурматли Озодлик радиоси ходимлари. Мен сизларни кириб келаëтган янги йил билан чин кўнгилдан табриклайман. Сизларга узоқ умр¸ бахт-саодат¸ келгуси ишларингизда муваффақиятлар тилайман. Сизлар қатори ўзимизнинг юртдошларимизни ҳам чин юракдан табриклайман. Мен сизларга Украина давлатидан қўнғироқ қилаяпман. Исмим Бахтиëр. Ўзим Самарқанд вилояти¸ Ургут туманиданман. Менинг сизлардан битта илтимосим бор. Яқинда ўзимизнинг юртдошларимиз билан учрашдим. Гаплашиб¸ ҳол-аҳвол сўрашиб¸ ўзимидаги баъзи бир муаммолар ва қийинчиликлардан гаплашдик. Ҳамма юртдошларимиз ватанга қайтишга тайëрлар. Лекин ўзимидаги муаммолар ва қийинчиликлар туфайли қайтишнинг иложи бўлмай турибди.

Ўзимизнинг президентимиз¸ подшоҳимиз азиз Ислом Абдуғаниевич Каримовга мана шу илтимосни етказсангизлар¸ бизларнинг бошимиз осмонга етарди. Сизни дуо қилардик барака топгурлар. Россияда¸ Беларусда¸ Украинада ишлаб юрган юртдошлар қийналиб қолишаяпти. Мусофир юртларда меҳнат ҳаққини ололмаяптилар. Мана яқинда Россия ва Беларусдан Украинага келган юртдошларимизнин сўзларига қараганда улар жуда ҳам камситилаяптилар. Украинада ҳам мана шунақа аҳвол бор. Қани эди ўзимизда ҳам иш ўринлари очилса¸ биз ҳам ўзи юртимизда оилага яқин жойда ишлаб юртимизни қўриқлаб юрсак дейишаяпти¸ дейди Украинадан қўнғироқ қилган Бахтиëр.

**********************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG