Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:43

Қаршилик муслималар яқинларига босим бошланди


Уч ойдан буён ҳибсда сақланаётган қаршилик муслималар қариндошларига нисбатан мунтазам равишда тазйиқлар бўлаётгани кузатилмоқда. Шунингдек, аввал озод қилинган олти нафар муслиманинг ҳозирда қайта ҳибсга олингани тахмин қилинаяпти.

Ҳозирда ҳибсда сақланаётган Меҳринисо Ҳамдамованинг қизи Латофат Орзиқулованинг Озодликка маълум қилишича, куни кеча унинг эри Нурбек Қултўраев ҳам ҳибсга олинган.

- 16 январ куни олиб кетишган эди. Мана бугун икки кун бўлди. Эрим дом-дараксиз йўқ. 18 нафар одам келиб, олиб кетди эримни. Ҳаммаси горотделнинг одамлари бўлган. Аввал иккитаси келибди. Эрим қаршилик кўрсатган экан¸ мажбурий куч ишлатибди¸ кейин 18 киши босиб олиб кетибди. Қўшниларимиз кўрган. Улар: “Нурбек аканинг қўлларини қайириб¸ чўнтакларини кавлаб¸ машинага босиб¸ олиб кетишди”, деб айтишди. Ҳамма кўрган. Уголовний розискдан Ойбек деган бир бола олиб кетган. Буни ҳамма кўрган. Даже участковой кўрган. Участковойнинг ўзи: “Мен Нурбекни босиб олиб кетишаëтганини кўрдим”, деб айтди. Милиция ходимларининг олиб кетгани аниқ. Улардан бошқа ким юрак ютиб, бир одамни олиб кетади? Ҳозир энг катта босқинчилар шуларнинг ўзи. Мен горотделга борсам, “бу ерда йўқ”, дейди. Ойбекнинг ўзи тан олмайди. Олиб кетган¸ лекин тан олмаяпти. Оқ Тикога босиб олиб кетишган. Лекин горотделдагилар: “Бизлар олиб кетганимиз йўқ”, деб жавоб беришаяпти, дейди Латофат Орзиқулова.

Шунингдек, Латофатнинг айтишича, 15 кундирки, унинг олти нафар қариндоши дом-дараксиз йўқолган.

Латофат Орзиқулова: Битта-иккита қариндошларимиз ўз-ўзидан йўқ бўлиб қолган. Биз “СНБ нинг одамлари олиб кетган”, деб ўйлаяпмиз. Улардан бошқа ким олиб кетади? Уларни ҳар куни горотделга тинимсиз чақирарди. Холамнинг қизи билан жами олти нафар аëл йўқ. Ўша Бешкентга гувоҳликка олиб кетилган аëллар йўқ.

Озодлик: Қачон йўқолган улар?

- 15 кунлар бўлиб қолди, дейди Латофат Орзиқулова.

Латофатнинг айтишича, бу қариндошлари ўтган йилнинг 5 ноябридан бошлаб ҳибсга олинган ва 19 ноябр куни ҳибсхонадан чиқарилган эди. Латофат Орзиқулова қариндошлари қайта ҳибсга олинган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади.

- Балки ҳибсга олишгандир. Ҳибсга олса ҳам айтмайди-ку булар, дейди Латофат Орзиқулова.

Қарши шаҳар Ички ишлар бўлимидан бу борада бирор-бир маълумот олиш имкони бўлмади.

Латофат Орзиқуловага кўра, унинг онаси Меҳринисо Ҳамдамовага дастлаб “Отинойилар” ўқув курсига келган талабаларга ноқонуний равишда диний даъват қилганлик айби қўйилган эди.

Қашқадарё вилояти бош отинойиси Шоира Каромова Озодликка берган интервьюсида ўзининг “Отинойилар” ўқув курси ташкилотчиларидан бири эканини айтиб, Меҳринисо Ҳамдамованинг ҳибсга олинишини унинг ўқув курсидаги фаолияти билан боғлаш нотўғри, деган фикрни билдирган эди.

Қашқадарё вилоят МХХ бошқармасининг тергов бўлинмаси бошлиғи, адлия подполковниги Р. Раҳматов имзо чеккан “Меҳринисо Ҳамдамованинг уйида тинтув ўтказиш ҳақида”ги расмий ҳужжатда “Қарши шаҳрида яшовчи Ҳамдамова Меҳринисо ва бошқалар доимий равишда ўз яшаш уйларида ноқонуний ва яширин тарзда диний мавзудаги йиғилишлар ташкил қилиб, ушбу йиғилишларни жамоатга бирлашиш, жамоатга кўпроқ ёшларни жалб қилиб, сафларини кенгайтириш кабилар тўғрисида ўтказиб, ўз сафларини кенгайтириш учун даъватлар ҳамда фаол ҳаракатлар қилиб келганлар”, дейилади.

Кейинчалик эса қаршилик аёлларга нисбатан сиёсий айбловлар ҳам илгари сурилди.

www.press-uz.info сайти қаршилик ўттиздан зиёд аёлнинг сиёсий айбловлар билан айбланаётганини инкор қилиб, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Гулшан Қораеванинг қаршилик муслималар борасида тарқатган маълумотларини бўҳтон, дея баҳолайди.

Гулшан Қораева эса ҳибсга олинган қаршилик муслималар боғлиқ маълумотлар ҳаққоний эканини таъкидлашда давом этади.

- Мен ўзим бу маълумотни тўқиб чиқармаганман. Жабрланувчиларнинг қариндош-уруғларига¸ манбаларга таяниб иш қилганман. Бу маълумотларни мен Латофат Орзиқулова ва Шаҳло опанинг қизи Шаҳнозанинг маълумотларига асосланиб тарқатганман. Шаҳло Раҳмонованинг адвокати Мўътабар Холисова билан ўзим телефонда гаплашиб¸ моддаларни суриштириб билдим. Тўртта модда қўйилган экан. 158-¸ 159-¸ 244 – моддалар деб айтдилар. Охирги моддасини айта олмадилар, дейди ҳуқуқ фаоли.

Гулшан Қораева www.press-uz.info сайтида айтилганидек, қаршилик муслималар билан боғлиқ бу каби маълумотларни тарқатгани учун хориж радиоларидан, хусусан, Озодликдан ҳеч қандай пул олмаганини қўшимча қилади.

- Бу жуда бемаъни ëлғон. Озодликдан пул олмаслигимни Миллий хавфсизликнинг ўзи ҳам билади. Вестерн Юнион 100 фоиз СНБ орқали айланиб келади-да. Тем более, назоратда турган одаммиз. Қаердан пул келаяпти¸ нима бўлаяпти - кўриб ўтиришибди-ку. Бу менга нисбатан туҳмат, дейди Гулшан Қораева.

Озодликка маълум бўлишича, нафақат қаршилик ҳуқуқ фаоллари, балки ҳибсдаги муслималарнинг қариндошлари ҳам доимий босимларга учраяпти.

Латофат Орзиқуловага кўра, уни бир неча бор сабабсиз милиция бўлимларига олиб кетиб, бир неча соатлаб ушлаб туришган. Латофат ўзининг уйи ҳам доимий назоратда эканлигини айтади.

-Уйимга эртаю кеч СНБ нинг одамлари қўйилган. Кузатув ҳозир ҳам бўлаяпти. Менинг ўзимни кузатишаяпти энди. Анчадан бери уйимизнинг атрофида нотаниш шахслар кечалари билан кузатишди. Тепаларга чиқсам¸ мени расмларга тушираяпти, дейди Латофат Орзиқулова.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи маълумотига кўра, қаршилик 30 дан зиёд аёл ўтган йилнинг 5 ноябридан бошлаб ҳибсга олинган. Кейинчалик улардан айримлари ҳибсдан озод қилинди.

Ҳозирда ҳибсда қолаётган қаршилик аёллардан икки нафари - Меҳринисо Ҳамдамова билан Шаҳло Раҳмоновалар 2004 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти аъзолари бўлиб фаолият кўрсатиб келаяптилар.

Қаршилик 40 ёшли Меҳринисо Ҳамдамова 2007 йилнинг 1 ноябридан бошлаб Қаршидаги “Кўк гумбаз” масжидида ташкил қилинган “Отинойилар” ўқув курсида қизларга диний билим бериб келган.

2009 йилнинг 5 ноябридан бошлаб эса Меҳринисо Ҳамдамова ва унинг собиқ талабаларини оммавий равишда ҳибсга олиш бошланган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда тергов жараёни тугаш арафасида ва феврал ойи бошида маҳкама бошланиши кутилаяпти.
XS
SM
MD
LG