Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:56

Варақага қарши брошюралар ишга тушади


Қирғизистонлик ҳуқуқ-тартиботчилар турли диний оқимлар тарғиботига қарши аксилтарғибот кампаниясини бошламоқчилар.
Қирғизистонлик ҳуқуқ-тартиботчилар турли диний оқимлар тарғиботига қарши аксилтарғибот кампаниясини бошламоқчилар.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги диний экстремизм ва террорчиликка қарши курашда мафкуравий таъсир усулидан ҳам фойдаланишга қарор қилди.

Қирғизистонда “Ўзбекистон исломий ҳаракати”, “Ал-Қоида”, ваҳҳобийлик, “Ҳизбут-Таҳрир” каби саккиз террористик ва экстремистик ташкилотлар деб аталувчи оқимлар фаолияти таъқиқланган. Шундай бўлса-да, “Ҳизбут Таҳрир” оқимининг вакиллари мамлакатда кўп экани айтиб келинади. Расмий маълумотларга кўра, уларнинг сони бир ярим минг кишига етади.

Мамлакат куч ишлатар тизимлари мунтазам равишда уларга қарши турли кураш усулларини қўллаб келади. Яқинда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги “Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлилий маркази билан ҳамкорликда мамлакатда таъқиқланган экстремистик ташкилотларга қарши курашнинг куч ишлатиш ва ғоявий усулларини ишлаб чиқди.

“Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлилий маркази вакили Данияр Мурадиловнинг айтишича, бу ҳаракатлар бир неча босқичдан иборат бўлади:

- Ички ишлар вазирлигининг куч ишлатиш усули билан ғоявий усулни ҳам бирга олиб борамиз. Қирғизистоннинг турли ҳудудларидаги жамоат етакчилари билан алоҳида иш олиб бориш, турли экстремистик гуруҳнинг варақа, аудио-видео дискларини, интернетдан олинган маълумотларини таҳлил қилиш ишларини олиб бориш каби усуллар қўлланилади, деди Данияр Мурадилов.

Унинг айтишича, одамларнинг турли диний гуруҳларга қўшилиб кетишининг олдини олиш учун аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб бориш билан мафкуравий кураш ҳам олиб борилади. Масалан, яқин кунларда турли диний гуруҳлар ва анъанавий ислом тўғрисида маълумотлар чоп этилган китобчалар аҳоли орасида тарқатилиб, мактабларда лекциялар ўқитилади.

Расмий маълумотларга кўра, 2009 йилда тўрт юзга яқин одам “Ҳизбут-Таҳрир” партияси аъзолигидан воз кечган. Мутахассислар бунга “Ҳизбут-Таҳрир” ичидаги молиявий муаммолар сабаб бўлганини айтмоқдалар.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 9-бўлими бошлиғи Азамат Қутманалиев эса бунга қирғиз жамоатчилиги орасида катта шов-шувга эга бўлган Новқат воқеалари сабаб бўлган, деган фикрда:

- Балки ўша воқеадан кейин экстремистик тушунчадаги одамлар қўрқиб қолишгандир. Шунингдек, уларга қарши олиб борилаётган ишларнинг ҳам таъсири бор. Айтишим керакки, ўтган йили “Ҳизбут-Таҳрир”нинг 79 аъзоси қўлга олиниб, уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган, деди Азамат Қутманалиев.

Эслатиб ўтсак, 2008 йилнинг 1 октябрида Новқат туман марказида диндорлар Ҳайит байрамини тантанали нишонлашга рухсат бериш талаби билан намойиш ўтказган эдилар. Ўшанда намойишчилар ва милиция ўртасида тўқнашув содир бўлган ва мазкур намойиш тартибсизликка айланиб кетган эди. Бу тартибсизликни уюштирганликда айбланган 32 киши узоқ муддатларга қамалганди.

Сиёсий таҳлилчи Жўлбўрс Жўрабеков эса “Ҳизбут Таҳрир” ичидаги иқтисодий бўхрон ёки бошқа сабабларга кўра партия вакиллари сони озаймоқда, деган сўзларга қўшилмаслигини айтади:

- Бу ташкилотлар ўз фаолиятини фақатгина уларни молиялаштирувчилар пул беришни озайтирганида ёки умуман пул бермай қўйганида тўхтатади. Бу аввалдан бери бўлиб келаётган кўриниш, масалан уларда молия пайдо бўлганида турли варақаларни чоп этиб тарқата бошлашади, пул тугагач яна тинчиб қолишади бироқ мен “Ҳизбут Таҳрир” партияси тарафдорлари озайди деган сўзга қўшилмайман, деди Жўлбўрс Жўрабеков.

Жўлбўрс Жўрабековнинг айтишича, экстремитик гуруҳларга қарши курашишга фақат Ички ишлар вазирлиги ва нодавлат ташкилотларининг кучи етарли эмас. У бундай гуруҳларга қарши бутун халқ курашиши керак, деб ҳисоблайди.

Айни пайтда, Қирғизистон ички ишлар вазирлиги ва “Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” марказининг экстремистик гуруҳларга қарши ғоявий кураш олиб боришини барча ҳам қўлламайди.

Айрим мустақил кузатувчиларга кўра, янги кураш усули сифатида террорчи гуруҳлар ва ананавий ислом тўғрисидаги маълумотлар ёзилган китобчаларнинг аҳоли орасида тарқатилиши мусулмон бўлмаган қирғизистонликлар орасида давлат томонидан исломни тарғиб қилиш сифатида қабул қилиниши ва норозилик уйғотиши мумкин.
XS
SM
MD
LG