Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:44

Зўравонликка қарши зўравонлик


Статистик маълумотларга қараганда, қирғизистонлик аёллар орасида жиноятчилик кучайиб бораяпти. Мутахассислар бунга кўпроқ оиладаги зўравонлик сабаб бўлаётганини айтмоқдалар.

Қирғизистонда одам ўлдирганликда айбланиб қамалган аёлларнинг 87 фоизи оиладаги зўравонлик сабабли озодликдан маҳрум қилинганлардир. Бу борада Қирғизистон ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиев ўтган ҳафта парламентдаги чиқиши чоғида маълум қилди.

Шу йилнинг 18 январида Қирғизистон парламенти оилавий зўравонлик, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиққанлардан бири депутат Гулнора Дербешова қонун лойиҳаси тўғрисида гапирар экан, қонун лойиҳасига “иқтисодий зўравонлик” термини киритилганини маълум қилди:

- Амалдаги қонунда бу тушунча йўқ эди. Барчамизга маълум, кўп хотинли эркаклар ва зўравонлик билан шуғулланган кишилар аёлларни уйдан ҳайдаб чиқариб, мулксиз, ер улушисиз, пулсиз қолдирмоқда. Шу сабабли биз қонун лойиҳасига “иқтисодий зўравонлик” тушунчасини киритдик, деди Гулнора Дербешова.

Депутатга кўра, бу ишлар аёлларнинг оиладаги ҳуқуқларини қонунийлаштириш мақсадида амалга оширилмоқда.

Криминал сататистикага мурожаат қилинса, мамлакатда содир этилаётган жиноятларнинг 20-30 фоизи айнан оиладаги зўравонлик сабабли содир этилгани маълум бўлади.

Мутахассислар бунга аёлларга нисбатан оиладаги зўравонлик сабаб бўлаётганини айтишмоқда. Уларга кўра, айрим аёллар оилавий зўравонликдан қутилиш мақсадида ўз турмуш ўртоғини калтаклаяпти, ҳатто унинг ҳаётига тажовуз қилаяпти.

Қирғизистондаги “Сезим” кризис маркази раҳбари Бубусара Рисқулова, оилавий зўравонлик масаласи Қирғизистон учун қанчалик муҳим бўлмасин, бу иллатга қарши қабул қилинган қонунларнинг амалда қўлланилмаслигини айтади:

- Бизга мурожаат қилганларнинг аксарияти оилавий зўравонликдан жабр кўрганлар. Ҳозирда аёлларга ҳуқуқлари поймол қилинганида конкрет ёрдам берувчи ташкилотлар оз бўлаяпти. Аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи қонун ҳам қабул қилинган, бироқ у ҳам яхши ишламаяпти, дейди Бубусара Рисқулова.

Қирғизистонда оилавий зўравонликка дучор бўлган аёлларнинг сони жуда кўп. Қирғизистон ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда ҳар йили ўн мингга яқин аёллар оиладаги зўравонликдан арз қилиб, ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилади. Бироқ уларнинг аксарияти оиладаги жанжални ташқарига чиқармасликка ҳаракат қилишади.

Оилавий зўравонликка қарши қонун Қирғизистонда 2003 йили қабул қилинган. Қонунга мувофиқ, турмуш ўртоғига нисбатан зўравонлик қилган одам 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Айни пайтда мамлакатда бундай жазога ҳукм қилинган биронта одам ҳам йўқ.

Қирғизистон, шунингдек, аёлларнинг оиладаги ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам ратификациялаган.

Айни пайтда мутахассислар қирғиз расмийларига оилавий зўравонликка қарши курашни кучайтириш учун бунга ажратилаётган маблағлар миқдорини кўпайтириш, миллий гендерлик механизмини ишлаб чиқишни таклиф қилишмоқда.
XS
SM
MD
LG