Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:43

“Амнистия учун пора олишган”


Фаттоҳ Саидовга кўра¸ судя ва прокурорларнинг асосий даромад манбаи айнан амнистия учун олинадиган пора бўлиб қолган.
Фаттоҳ Саидовга кўра¸ судя ва прокурорларнинг асосий даромад манбаи айнан амнистия учун олинадиган пора бўлиб қолган.

Тожикистонда эълон қилинган Авф ҳақидаги қонун коррупциясиз амалга ошмайди. Тожикистон Президенти ҳузуридаги Давлат молиявий назорати ва Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Фаттоҳ Саидов шундай деб баёнот берди.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари Фаттоҳ Саидовга кўра, коррупция давлат органларига сингиб кетган ва айнан коррупция судя ва прокурорлар учун асосий даромад манбаига айланган.

- Биз Авф ҳақида яхшигина қонун қабул қилдик, лекин бу қонун қўшимча харжларсиз амалга ошмаяпти, деди Фаттоҳ Саидов журналистлар билан бўлган учрашувда.

Унинг айтишича, Восе ва Жиликўл туманларидаги икки нафар прокуратура ходими ва Фирдавсий туманида бир нафар судя қамоқда сақланаётганларга Авф Қонунини қўллаш учун уларнинг яқинларидан пора талаб қилган.

- Мана, Фирдавсий тумани судясини қаранг. 2000 доллар пора талаб қилибди. Яна порани бу ерда эмас, пойтахтдан 90 километр узоқликда бўлган Қўрғонтепа шаҳрига олиб боришни талаб қилибди. Ўша ерда, “Юность” стадионида порани олаётганда қўлга олинди, дейди Фаттоҳ Саидов.

Бироқ Тожикистон Бош прокурори Бобожон Бобохонов Фаттоҳ Саидов айтганларини провакация деб атади:

- Мен бир-икки жиноятни рўкач қилиб бундай айблов эълон қилиш провокациядан бошқа нарса эмас¸деб ўйлайман. Бу нафақат прокуратура ходимларига, балки судя ва милиция ходимларига ҳам нисбатан уюштирилган иғводир, деди Бобожон Бобохонов.

Бу Бош прокурорнинг Коррупцияга қарши кураш агентлиги билан биринчи марта сан-манга бориши эмас. Илгари ҳам у бир неча бор бу агентликни қаттиқ танқид остига олган эди. Агентлик раҳбари Фаттоҳ Саидов, ўз қўл остидаги ходимларининг ҳалол иш юритишига кафиллик бермайди. Унинг айтишича, ўтган йили агентликнинг 20 нафар ходими ўз мансабини суиистеъмол қилгани учун ишдан ҳайдалган.

Фаттоҳ Саидовга кўра, агентлик ўтган йили 80 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларига нисбатан жиноят ишлари очган. Улар орасида 39 нафар Ички ишлар вазирлиги, 18 нафар Мудофаа вазилиги, 11 нафар Адлия вазирлиги ходимлари, уч нафар прокурор ва уч нафар судя ҳам бор.

Агентлик бошлиғи сўзларига кўра, бу поралар замирида Авф тўғрисидаги Қонун туради. Тожикистонда Авф тўғрисидаги Қонун мамлакат Конституциясининг 15 йиллиги ва 2009 йилнинг ҳанафий диний мазҳабининг асосчиси Имом Абу Ҳанифа йили деб эълон қилинганлиги муносабати билан ўтган йилнинг кузида қабул қилинган эди.

Бу қонунга кўра, авфга тушишга лойиқ бўлган маҳкумлар уч ой ичида жазони ўташ муассасаларидан озод қилиниши лозим. Расмий маълумотларга кўра, 5000 нафар маҳбус авф қилиниш рўйхатига тушган.

Кузатувчилар Тожикистонни коррупция даражаси жуда ҳам авж олган давлатлар қаторига қўядилар.
XS
SM
MD
LG