Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:59

Таҳлилчи баёнотини Қирғизистон президентининг ўғли рад қилди


Қирғизистон тараққиёт, сармоя ва инновация агентлиги раҳбари Максим Бакиев Россияда иши терговда бўлган муассасаларнинг ўзига дахли борлигини инкор қилмоқда.
Қирғизистон тараққиёт, сармоя ва инновация агентлиги раҳбари Максим Бакиев Россияда иши терговда бўлган муассасаларнинг ўзига дахли борлигини инкор қилмоқда.

Россияда Қирғизистон президентининг ўғли Максим Бакиевга тегишли экани айтилаётган муассасалар устидан тергов кетмоқда. Бу борада Бишкекда бўлиб ўтган матбуот анжуманида МДҲ институтининг Қирғизистондаги бўлими раҳбари Александр Князев маълум қилди.

- Ҳозирда Россияда Максим Бакиевга тегишли ёки унинг улуши бўлган иқтисодий ва молиявий объектлар, машҳур “Олтин” холдинги билан бирга барчасининг иши тўхтатилган. Буларга нисбатан 18 та жиноий иш қўзғатилган, деди сиёсий таҳлилчи Александр Князев.

Таҳлилчи, шунингдек, ушбу жиноят ишлари юқори даражада - Россия ҳукумати ва президент маъмурияти томонидан назоратга олгани сабабли Қирғизистон томонининг бу ишларни бости-бости қилишга уриниши самара бермаётганини қўшимча қилди.

Маълумки, 2009 йил охирида Россия хавфсизлик хизмати “Олтин” холдинги раҳбарларини қўлга олиб, қимматбаҳо буюмларнинг чегарадан қандай ўтгани текшириш мақсадида тергов бошлаган эди.

Айни пайтда Қирғизистон президенти матбуот хизмати Москвадаги муассасаларнинг Максим Бакиевга тегишли эканини рад этмоқда.

- Жаноб Князев ўз сўзини тасдиқловчи бирон бир ҳужжат тақдим эта оладими? Қайсидир муассасанинг ёпилгани тўғрисида эмас, ўша муассасаларга Максим Бакиевнинг алоқаси борлигини тасдиқловчи ҳужжатларни. Унинг жавобига қараб, кейин бир жавоб айтилади. У кўп ҳолларда турли маълумотларни тарқатиб юради. Шу сабабли биз унга ишонқирамаймиз. Бу сафар ҳам у ўз сўзини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжат кўрсата олмади. Шу сабабли унга ишонишга бизнинг профессионализм йўл бермайди, деди матбуот хизмати раҳбарининг ўринбосари Максим Каганер.

Қирғизистондаги “24.kg” ахборот агентлигига интервю берган Максим Бакиевнинг ўзи эса Александр Князевнинг унга тегишли муассасалар устидан жиноий иш қўзғатилгани тўғрисидаги сўзларини ҳиссиётга берилиш сифатида баҳолади:

- Бугунги кунда Россияда менинг биронта ҳам ҳисоб рақамим ёки менга тегишли корхона йўқ. “Олтин” ширкатига келсак, у олтин бозорида анча йиллардан буён ишлаб келади. У менинг талабалик пайтларимдаёқ жуда машҳур бўлган ва Қирғизистонда “биринчи рақамли” деб тан олинган. Яъни бу компания менга тегишли эмас, бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Балки сиёсатшунос эҳтиросларга берилгандир ёки унга нотўғри маълумот беришган бўлишлари мумкин, деди Максим Бакиев.

Аввалроқ Қирғизистондаги айрим оммавий ахборот воситалари Россия ҳукумати томонидан Қирғизистонга грант сифатида берилган 300 миллион доллар мақсадга мувофиқ ишлатмаётгани ва қирғиз ҳукумати АҚШнинг аксилтеррорчилик базасини Қирғизистондан чиқариб юбориш тўғрисидаги ваъдасида турмаётганига расмий Москва норозилигига сабаб бўлаётгани тўғрисида ёзгандилар. Кейинроқ “Россия ҳамкорликда қурилиши керак бўлган Қамбарота-1 ГЭСига аввал келишилган 1 миллиард 700 миллион доллар маблағни бермайди”, деган фикрлар ҳам пайдо бўлганди.

Қирғизистонлик айрим сиёсий таҳлилчилар Александр Князевнинг маълумотини ҳам айнан шу ГЭС лойиҳаси ва АҚШ ҳарбий базаси билан боғламоқдалар. Иқтисод фанлари доктори, собиқ бош вазир ўринбосари Бозорбой Мамбетов нима бўлганда ҳам Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши керак, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, бу ГЭСни руслар ёрдамисиз қуришнинг имкони йўқ:

- Россиядан ташқари бизга ҳеч ким ёрдам бермайди. Авваллари ГЭСнинг техник ва бошқа лойиҳаларини “Тошгидропроект” институти тайёрланган. Ҳозир эса Ўзбекистон Қамбарота-1 ва Қамбарота-2 ГЭСлари қурилишига қарши чиқаяпти. Россиянинг ушбу ГЭСларни қуришга маблағ ажратаётгани, техник томондан ёрдам бераётгани айни муддао бўлаётганди. Қамбарота-1 ГЭСи биз учун жуда аҳамиятли, Қирғизистон иқтисодиёти учун ҳам зарур. Шу сабабли, қандай бўлмасин, биз бу ГЭСни қуришимиз керак, деди Бозорбой Мамбетов.

Аснода қирғиз жамоатчилиги орасида сўнгги пайтларда Қирғизистон ва Россия ўртасидаги алоқалар сустлашаётгани ҳақида мулоҳазалар кўп айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG