Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:55

Бир саволга 5 жавоб - Хайруллани нега қамашди?


Таниқли футбол шарҳловчиси¸ диний-маърифий дастурлар муаллифи Хайрулла Ҳамидов 21 январ куни ҳибсга олинганидан бери¸ унинг мухлисларини ана шу савол қийнамоқда. Ҳукумат белгилаган доирада туриб гапирган¸ анъанавий¸ мўътадил Исломни тарғиб қилган ëш журналистнинг қўлга олиниши қандай жараëнлар акси?

"Хайрулла Ҳамидов нега қамалди?" деган савол жавобига энг яқин шахс ва идоралар рўйхати тепасида¸ табиийки 21 январ тонггида Хайруллани ҳибсга олиб¸ шундан бери ўз тергов изоляторида сақлаëтган Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси туради.

Бу идорага тинимсиз қилган қўнғироқларимиз натижада суҳбатлашганимиз нисбатан юқори даражали мулозим (табиийки ўзини таништиришни истамаган) Хайрулла Ҳамидовнинг нега қамалгани хусусида тергов бораëтган ҳозирги пайтда бирор ахборот берилмаслигини айтди.

- Анави¸ 159-да айбланаëтган футбол шарҳловчиси¸ кейин ҳар хил ваъзлар қилиб юрган болани айтаëтган бўлсангиз¸ у бола бизда сақланаяпти¸ буни ҳаммамиз биламиз кеннайи¸ аммо бу ҳақда ҳеч нарса айтолмаймиз. Негалигини тушунсангиз керак¸
деди тагдор қилиб¸ Ички ишлар бошқармаси маъсули.

Хайрулла Ҳамидов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 216-моддаси¸ яъни ғайриқонуний жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар фаолиятида қатнашишга ундашда айбланаëтган эди¸ энди унга 159¸ яъни Ўзбекистон республикасининг конститутсиявий тузумига тажовуз қилиш айби ҳам қўйилдими¸ деган саволимизга исмсиз суҳбатдошимиз¸ аниқлик киритишни истамади. У шунингдек¸ тергов манфаати нуқтаи назаридан терговчининг кимлиги ва унинг телефон рақамларини беришдан ҳам бош тортди.

Шундан сўнг¸ Хайрулла Ҳамидовнинг машҳур "Холислик сари" дастурлари эфирга узатилган Наврўз радиоси таҳририяти билан боғландик. Таҳририят вакилларидан бири¸

- Хайрулланинг дастурларини Вазирлар маҳкамасининг Диний ишлар қўмитаси текшириб¸ тасдиқлаб берган. Бу программа тўхтатилганига икки-уч йил бўлиб қолди¸ Хайрулланинг қамалишига бунинг алоқаси йўқ¸ дея гапни қисқа қилди.


Бу суҳбатдошимиз¸ кейинги идора манзилини белгилади. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмитада гўшакни кўтарган мулозим¸

- Ҳаммаси яхши¸ Хайрулланинг бу дастурларини биз тасдиқлаганмиз. Аммо у "Холислик сари" учун қамалгани йўқ. У бошқа бир жойда қилган ножўя иши учун қамалди. Узр¸ мени бошқа телефонга чақиришаяпти¸ дея кўтарганимиз саволга ўз муносабатини билдирди.

- Ҳибсга олинганига бир ҳафта ўтиб ҳам¸ Хайрулланинг ишида бирор ўзгариш йўқ. Унга 159-модда бўйича айб қўйилаяпти¸ деган гап нотўғри. Ҳаммаси қандай бўлса¸ шундай қолаяпти¸ дея сўнгги вазиятни англатди Хайрулла Ҳамидовнинг адвокати Алишер Зайниддинов.


Хайрулла Ҳамидов нега қамалди? деган савол жавобига энг яқин турган идора ва шахслардан олганимиз бу суҳбатдошларимиз мулоҳазалари савол моҳиятига ойдинлик киритмагани боис¸ уни Ўзбекистондаги мусулмонлар¸ айни пайтда журналистлар ҳолидан яхши хабардор кузатувчиларга бердик.


Обидхон қори Назаров¸ таниқли уламо¸ Тошкентдаги Тўхтабойвачча масжидининг собиқ имоми:

Обидхон қори Назаров
Хайрулла Ҳамидовнинг қамоққа олишганини эшитиб жуда ҳам қайғуга тушдим. Лекин бу нарсани кутилмаган ҳодиса¸ деб бўлмас эди. У инсоннинг чиқишлари ҳаммага маълум¸ мақбул¸ ëқимли эди. Шу билан бирга шу кунларда Ўзбекистонда бўлаëтган зулм¸ ноҳақлик ëки нопоклик каби кўпгина салбий иллатларга қарши курашаëтган инсон сифатида танилган эди. Mана шунинг учун ҳам ҳукумат бу инсонни нима учун ўз ҳолига ташлаб қўйди экан¸ яъни ўз ҳолига ташлаб қўйган деганимиз ҳукумат нуқтаи-назаридан ўз ҳолига ташлаб қўйиш¸ бунга одамлар бироз ҳайрон ҳам бўлишган. Буни энди арқонни узун ташлаш маъносида тушунишганми.

Ўзбекистонда туриб бугунги кунда ҳақиқатни гапириш нақадар оғир¸ жасоратли ва оқибати мана шундай қўрқинчли экани ҳаммага маълум. Аммо шундай бўлишига қарамaсдан Хайрулла ўзининг ҳақ сўзини¸ тўғри сўзини айтди. Яъни у ҳукуматга қарши исëн қилгани йўқ¸ давлатга қарши ташвиқот қилгани йўқ¸ фақат ҳалолликка¸ покизаликка чақирди¸ тўғри сўзни айтди. Ўзини чегарада ушлаб турган ҳолда мўътадиллик билан атроф-муҳитни¸ сиëсатни ҳам назарда тутган ҳолда чиқишлар қилиб юрди. Шундай бўлса ҳам унинг гаплари халқнинг қалбига етиб бораëтгани¸ айниқса ëшларга ижобий таъсир кўрсатаëтгани маълум эди. Мана шунинг учун ҳам ҳукумат бунинг узоқ давом этишига йўл қўймади. Энди Оллоҳдан унга нажот сўраймиз. Ўзбекистон кўп миллионли аҳоли. Нима бўлганда ҳам у ерда яхши одамлар¸ эзгулик учун ҳаракат қилаëтган¸ имкони борича¸ қўлида келганча ҳалоллик билан¸ ҳақгўйлик билан давом этаëтган одамлар кўп. Сўзини очиқ айтмаса ҳам ҳақгўйликни суядиган¸ яхши кўрадиган одамлар ҳукуматнинг ичида бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Бунга ишонса бўлади. Шунинг учун ҳам уларнинг у ерда туришлари ва ишлашлари нақадар оғирлигини кўрсатади. У ерда яхшилик билан ëмонлик ўртасидаги кураш¸ нур билан зулмат ўртасидаги уруш ва талашиш доимий ҳолат десак бўлади. Бундан асло кўз юмиб бўлмайди. Бу бор ҳақиқат. Озгина муддатга бўлса ҳам яхши одамларни¸ эзгулик тарафдорларини қўллари баланд келади ва яна бир кун бўлади улардан золимларнинг қўли баланд келади. Ҳаëтнинг ўзи бутун олам бўйича давом этади. Яхшилик билан ëмонлик худди кеча билан кундуз бир бирини қувгандай бир куннинг ярми у¸ ярми бу давом этади.


Носир Зокир¸
ўзбекистонлик мустақил журналист:

Носир Зокир
Бир йиллар олдин¸ одамлар ҳукумат қанақа одамни қамашини билиб қолганиданми¸ халқ орасида Хайруллани диний чиқишлари учун қамашибди¸ деган гап-сўз тарқаган эди. Жуда энди ҳукуматга тўғридан-тўғри танқид бўлмаса ҳам¸ бизнинг ҳукуматимиз одамларнинг диний¸ сиëсий онги ошишидан қўрқади. Бир-икки йил олдин шунақа гаплар бўлган эди.

Ҳукуматимиз “Биз келажаги буюк давлат яратамиз” деяпти. Мен ҳайрон қоламан бу келажаги буюк давлат кимлар билан яратилади? Хайруллага ўхшаган зиëли¸ журналист¸ халқ орасида обрўга эга бўлган одамларни қамаб қўяверса¸ келажаги буюк давлат ким билан яралади? Абдулла Ориповга ўхшаб юқорига лаббай деб турадиган одамлар билан буюк келажак яраладими? Мен Хайрулла билан кўп гаплашганман. “Хайрулла кўп нарсалар чиқиб кетиб қолаяпти. Болалар ҳатто қўлларида нима қилиб юрибди. Эҳтиëт бўлинг" десам¸ унинг ўзи “Ака¸ мен нима қиладиган бўлсам¸ буларнинг ҳаммасига Вазирлар Маҳкамасининг Диний ишлар бўйича қўмитасидан рухсат олинган. МХХ борми¸ бошқаси борми¸ ҳаммаси рухсат берган” деб айтган эди.

Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан¸ деган нақл бор. Бизнинг ҳукуматимиз халқнинг орасида обрўга эга бўлиб кетган одамлардан қўрқади. Кейинги бир йил ичида Хайрулланинг обрўйи халқ орасида¸ айниқса ëшлар орасида жуда ҳам кучайиб кетган эди. Унинг Наврўз радиосидаги эшиттиришини уч-тўрт йил олдиноқ ман қилган эди. Ëш болалар ҳам қўйиб эшитиб юрадиган даражага келган эди.

Мен фурсатдан фойдаланиб¸ ўзим журналист бўлганлигим учун Ўзбекистондаги журналистларга мурожаат қилмоқчиман. Мана Ахбор ака Имомхўжаев Хайрулланинг устози. Мана футболнинг кўзга кўринган Биродар Абдураимов¸ Рустам Акрамов каби инсонлари бор. Дўстларим¸ мен сизларни кўчага чиқиб митинг қилишга чорлаëтганим йўқ. Ëки бўлмаса Хайруллани қамаб қўйгани учун ҳукуматни танқид қилинглар деб чорлаëтганим йўқ. Бир журналист¸ зиëли¸ ëши ҳали қирққа бормаган йигит қамалиб ëтибди. Қўлларингдан келган ҳолатда шу йигитга ëрдам беринглар. Мен сизлардан шуни илтимос қиламан холос. Агар биттамизни қамаб қўйса¸ иккинчимиз қўрқиб бир оғиз гапни гапира олмасак¸ жамият қайси томонга қараб кетади кейин?


Абдураҳмат Қурбонов¸ Хайрулла Ҳамидовнинг мухлисларидан:

Хайруллани журналист сифатида анча-мунча танирдик. Кейинги пайтларда дисклари чиқиб ислом ақидалари¸ қонун-қоидалари тўғрисида гапириб жуда маънили гаплар бўлаëтган эди. Чамамда эркин фикр учун қамалди шекилли. Эркин фикрни айт деяпти¸ лекин орқа томондан муштини кўрсатиб қўяяпти. Шунинг учун ҳали Ўзбекистон матбуотида эркин фикр айтилаëтган жойни кўрганимиз йўқ. “Айт. Эркин фикр айтилаяпти. Демократия бўлаяпти” дейилаяпти¸ лекин амалда кузатаëтганимиз йўқ. Бир кишини танқид қилмоқчи бўлсангиз¸ “Сиз жуда кўп ишлаб юбораяпсиз. Бир дам олиш керак” деган маънодаги танқидлар бўлаяпти. Бу Чемпион газетасида ëзаëтган эди. Бир-иккита мақолаларида бизнинг спортдаги камчиликлар¸ таниш-билишчилик¸ порахўрлик тўғрисида фикрлар айтган эди. Қувғинда юрган шоирларнинг шеърларини айтиб юборарди. Ўзининг ҳам шеърлари бор.

Мен ўзи “Жуда эркин қўйиб қўяяпти. Хайруллага тегмаяпти” деб ҳайрон бўлиб юрган эдим. Шу болага ишқилиб тегмаса бўлди¸ деб юрардим. Мана охири шу бўлдида. Уни танийдиган одамлар жуда хафа. Охирги пайтларда ҳадислардан жуда яхши гапларни гапираëтган эди. Уни билганлар¸ эшитганлар шундай бўлганидан ниҳоятда афсусланаяпти. Ўзбекистонда золимликка қарши гапирилган гап нимагадир катталарга ëқмайди. Золимликни¸ зулмни қораласангиз¸ ëқмайсиз. Бу йигит зулмни қоралаëтган йигитлардан бири эди. Қамаш учун баҳона доим топиладику.

Азиз муштарий¸

Сиз нима дейсиз:

Хайруллани нега қамашди?
XS
SM
MD
LG