Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:39

72 ёш ва 2 хил фикр


Президент Ислом Каримов 30 январь куни 72 ёшга тўлди.
Президент Ислом Каримов 30 январь куни 72 ёшга тўлди.

30 январ куни айрим муштарийларимиз 72 ёшга тўлган президент Ислом Каримовни табриклаш ва унга ўз муносабатини билдириш ниятида эканини айтдилар. Озодлик радиоси бу таклифни инобатга олиб, ўзбекистонликларга микрофон тутди ва турфа фикрларни ёзиб олди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 72 ёшга тўлиши муносабати билан ўтказган кичгинагина сўровимизда, сўралганлар икки гуруҳга бўлиндилар. Биринчи гуруҳ мамлакатни 21 йилдан бери бошқариб келаётган Ислом Абдуғаниевични чин қалбдан, самимий қутлади. Иккинчи гуруҳ эса президентни нафақага чиқишга ва қарилик гаштини суришга чақирди.

1-суҳбатдош (киноя оҳангида): Президентимиз ҳозир 72га кирган бўлсалар, илойим, яна 72 йил яшасинлар. Чинор қанча умр кўрса, ўшанча умр кўрсинлар. Биздан кейин қолсинлар ва шу дунёга устун бўлсинлар. Ўзбекистоннинг келажаги буюк эканини кўрсинлар, бундан бизнинг руҳларимиз шод бўлиб юрсин. Тилагимиз шу: президентимиз 150-160 ёшга кирсинлар.

2-суҳбатдош: Москва вилоятига пул ишлашга келганмиз. Бу ерда кўпгина ўзбекистонлик биродарлар бор. Улар Ислом Абдуғаниевични туғилган кунлари билан табриклашади. У кишига узоқ умр, ишларига ривож тилаймиз. Хом сут эмган банда, ҳаммамиз адашамиз. У киши ҳам бошқарувда битта-иккита камчиликларга йўл қўйдилар. Аммо умуман олганда яхши бошқаряптилар.

3-суҳбатдош: Авваламбор президентимизни 72 ёшлари билан табриклайман. Президентимиз бир вақтлар “Халқ манфаатини давлат манфаатидан устун қўяман”, деган эдилар. Шу гапларини ўз қулоғим билан эшитганман. Тўғри гап, мен бу одамнинг ортиқча президент бўлишларини истамайман. Ўзлари айтган гапга риоя қилиб, халқ манфаатини ўйлаб дам олишга чиқсинлар. Ҳозир ҳаёт тобора ёмонлашиб боряпти. Ажабмаски,бошқа одам президент бўлса, сал олдинга силжиш кузатилар. Президентимизга эса қанча қилган меҳнатлари бўлса, шуни эвазига дам олишга чиқиб, қарилик гаштини суришларини тилайман.

4-суҳбатдош: Президентимизни табриклайман. Ойликларни янада оширсинлар, ҳамма шароитларни яхши қилсин. У киши ҳаракат қиляптилару, лекин атрофидаги амалдорлар бу ҳаракатлар амалга ошишига тўсқинлик қиляптиларда. Аммо юртбошимизга гап йўқ.

5- суҳбатдош: Мен аввалги йиллардаги гап –сўзларни ёдга олмоқчиман. Мўйсафидлар, одамлар Каримов янги президент бўлган пайтда, “Подшо ўзимиздан бўлди, яхши одам бўлди, Худога шукур”, деб гапиришар эди. Аммо бугунги кунда бу инсонни табриклашга тилим бормайди. Сабаби: мен у одамга узоқ умр тиласам, у киши қанча узоқ умр кўрса тазйиқлар шунча кўп бўлишини мен ўзим кўриб турибман. Шунинг учун бу одамга яхшилик тилашга, узоқ умр тилашга мен ожизлик қиламан.

Бу сўровимизда иштирок этган айрим ўзбекистонликларнинг президент Ислом Каримов туғилган куни муносабати билан айтган фикрлари эди.

Президент Каримовнинг 72 ёши арафасида Ўзбекистондаги “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрни ўрганиш маркази “Ўзбекистонликлар ўз ҳаётидан мамнун” деган маънодаги навбатдаги ҳисоботини эълон қилди

Сиёсий зийрак “Ижтимоий фикр” ташкилоти ҳисоботида айтилишича, мамлакат ҳукумати юритаётган оқилона сиёсат туфайли иқтисод гуллаб-яшнамоқда ва Ўзбекистон аҳолиси хорижда ишлаётган миллионлаб мардикорлар оилаларига жўнатаётган маблағ ҳисобига эмас, балки мамлакат ичкарисида ойлик маошлари етарли бўлгани учун ҳам фаровон яшамоқдалар.

Сўралганларга “Бу фикрга қўшиласизми?” деган саволни ҳам бердик. Бироқ аввалроқ Ислом Каримовни чин дилдан муборакбод этганлар ҳам, уни танқид қилганлар ҳам “Ижтимоий фикр” ёйинлаган маълумотни “ҳақиқатдан узоқ”, дея изоҳладилар.

1-суҳбатдош:
Бу гапларнинг тескариси бўлаяпти, ака. Лениннинг “бир қадам олдингга, икки қадам орқага”, деган гапи бор эди. Ҳозир шунақанги вазият. Қоғоз эса ҳамма нарсани кўтараверади. Унга ҳоҳлаган нарсани ёзиш мумкин.

2-суҳбатдош: Масалан, бизнинг маҳалламизда 200 оила бор. Уларнинг 70 фоизи камбағал. Ўта оғир аҳолда яшайди, десам муболаға бўлар-ку, лекин камбағал-да. Бир оилада 4-5 киши бўлса ойига бир кило гўшт ея олмаётганлари ҳам бор-да. Маҳалламиздагиларнинг бир 20-25 фоизи ойига 2-3 кило гўшт ейиши мумкин. Лекин ўшаларнинг фақат 5 фоизи ўртача яшайди. Хуллас, маҳалламизда бой одамнинг ўзи йўқ.

3-суҳбатдош: Тўғри, ойликлар оширилаяпти. Масалан, ҳар йили бир ёки икки марта оширилаяпти. Лекин ойлик ошган сари нарх-наво ҳам ошиб кетаяптида. Ундан кўра ойликларни оширмагани яхши, нарх –наво ҳам жойида турган бўларди.

4-суҳбатдош: Амир Темур “Бизнинг давлатимиз қудратини билмоқчи бўлсанг¸ биз қурдирган биноларга боқ”, деган экан. Мен бугунги кундаги ўзбек халқининг яшаш тарзини кўрмоқчи бўлсанг , халқнинг юзига боқ деган бўлардим. Халқнинг юз-кўзи, Тошкентдаги мардикор бозор, Қўйлиқдаги аёллар мардикор бозорларидаги одамларнинг юз-кўзига қарасангиз, халқимизнинг яшаш тарзи қандай эканига жавоб топасиз, -деб жавоб бердилар Ўзбекистонликлар.
XS
SM
MD
LG