Линклар

Шошилинч хабар
06 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:42

Янги қонун "Абу Саҳий"га сахийлик қилди


Абу Саҳий деб ëзилган бу қутиларга¸ Ўзбекистондаги исталган дарвоза¸ тўсиқсиз¸ бож ва солиқсиз очилаверади¸ дейди Озодлик суҳбатлашган тадбиркорлар.
Абу Саҳий деб ëзилган бу қутиларга¸ Ўзбекистондаги исталган дарвоза¸ тўсиқсиз¸ бож ва солиқсиз очилаверади¸ дейди Озодлик суҳбатлашган тадбиркорлар.

Ўзбекистонда фуқароларнинг яқин хориждан ўз эҳтиëжи учун мамлакат ичкарисига олиб кирадиган маҳсулоти қиймати 10 долларга туширилди. Эндиликда миллионлаб ўзбекистонликлар ҳукумат белгилаган монополист нима олиб кирса шуни еб¸ шуни кийишга маҳкум. Бу монополистнинг эса¸ президент қизлари экани тахмин қилинади.

30 январ куни “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қўшни давлатлардан жисмоний шахслар томонидан божсиз олиб кириладиган товарларнинг энг кўп миқдорига ўзгартиш киритиш” тўғрисидаги Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасининг қарори кучга кирди. Унга кўра, ўзбекистонликлар бундан кейин қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистондан олиб кираётган товарлар қийматининг 10 АҚШ долларидан ортиғи учун бож тўлови тўлаши лозим бўлади.

Молия вазирлиги ва Давлат божхона қўмитасининг мазкур қўшма қарори президент Ислом Каримов 2009 йил 1 июнда имзолаган “Жисмоний шахслар томонидан истеъмол молларининг мамлакатга олиб кирилишини тартибга солиш” тўғрисидаги фармонининг мантиқий давомидир.

Расмийлар нуқтаи-назаридан, жисмоний шахслар, яъни оддий ўзбекистонликлар қўшни мамлакатлардан қайтаётиб, олиб келадиган совға-саломлар қийматининг 10 АҚШ долларидан ортиғига солиқ солишга оид янги тартиб мамлакат ички бозорини ҳимоя қилади ва “маҳаллий” ишлаб чиқарувчилар учун рағбат бўлади.

Президент имзолаган фармон моҳиятини Озодлик билан суҳбатда ўзбек божхоначиларидан бири тушунтириб берган эди.

- Бу дегани Ўзбекистон республикасининг фуқаролари қўшни давлатлардан¸ қўшни дегани бу Тожикистон¸ Қирғизистон¸ Туркманистон¸ Афғонистон давлатлари¸ юк олиб кирилганда 10 долларгача ўз эҳтиëжи учун ҳеч қанақа тўловларсиз олиб кириши мумкин. Ундан ортиғига белгиланган тартибда божхона йиғимлари ундирилади.

Озодлик: Айтайлик¸ мен ўзимга костюм олсам ва бу костюм 100 доллар бўлса.

- Унда 90 долларига сизга божхона йиғимини ҳисоблаб беришади.

Озодлик: Бу чоралар нима мақсадда кўрилаяпти¸ ака?

- Бу чоралар Ўзбекистон республикаси ички бозорини ҳимоялаш¸ иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўрилаяпти, деди Ўзбекистон Божхона қўмитасининг ўзини таништирмаган расмийси.

Айни пайтда, янги тартибга кўра, чегарадош бўлмаган мамлакатлар, масалан Россия, Европа ёки узоқ хориж давлатларидан божсиз олиб келинадиган ёки юбориладиган молларнинг қиймати 1000 доллар, деб белгиланганини ҳам қайд этиш жоиз.

Кийим-бош, техника ва бошқа турдаги истеъмол молларини арзонроқ харид қилиш илинжида бўлган ўзбекистонликларнинг аксарияти айнан қўшни давлатлар, хусусан Қозоғистон ва Қирғизистон бозорларига бориши инобатга олинса, улар учун фақатгина мамлакат ичкарисидаги бозорлардан харж қилишдан бошқа имкон қолмайди ва таҳлилчилар фикрича, бу ҳолат Ўзбекистондаги муайян молиявий гуруҳлар тегирмонига сув қуяди.

- Маҳаллий бозорни ва сотилаëтган товар ва хизматларни кўринг. Ҳаммаси десам лоф бўлади¸ лекин 70-80 фоизи қўшни мамлакатлардан олиб кирилган товарлар. Қарорда айтилганидек¸ сифатсиз товарлар. Демак¸ контрабандани бу йўл билан чеклаб бўлмайди. Бизда ҳамма нарса ҳаттоки контрабанда ҳам марказлаштирилган. Контрабандани маълум бир одамлар¸ аниқ бир одамлар¸ маълум бир гуруҳлар амалга оширади. Бу куч ишлатар идораларига ҳам¸ божхона идораларига ҳам – ҳаммага маълум. Улар деярли ярим легал ҳолатда фаолият кўрсатишади. Бу уларнинг йўлини кенгайтиради¸ деган эди Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Ҳошимов.

Гарчи Ориф Ҳошимов куч ишлатар идораларига маълум бўлган гуруҳларнинг айнан қайси гуруҳ эканини аниқлаштирмаган бўлсада¸ Ўзбекистон банкларидан бирининг собиқ ходими Умиджоннинг жорий қилинаётган янги тартиб кимнинг манфаатига хизмат қилиши мумкинлигига оид жиддий тахмини бор.

- Ипподром билан ëнма-ëн жойда катта Абу-Саҳий бозори бор. Бу бозорни халқ оғзаки тилида "уйғур бозор" ҳам дейдилар. Бу бозор президеnтнинг иккита қизидан биттасига тегишли эканлигини аниқ биламан¸ аммо айнан қайси қизига тегишли эканлигини билмайман. Бу ерни катта куч назорат қилаëтганини шундан билиш мумкин эдики¸ ипподромда бозор ходимлари тижоратчиларни текшириб¸ аравада тижорат молларини олиб ўтса¸ “Нима бор¸ нима йўқ¸ ҳужжатлари қани?” деган қийинчиликлар бўларди. Абу-Саҳийда савдо қиладиган тижоратчилар бунақа муаммога дуч келишмас эди. У ерда ҳеч қанақа милициялар¸ бошқалар текширмас эди. Ўзбекистонда божхонага пора бериб¸ ноқонуний йўллар билан¸ бошқа айланма йўллар билан олиб кириш бўларди. Абу-Саҳий тижоратчиларга “Божхонани ўзимиз бўйнимизга оламиз. Хоҳлаган маҳсулотларингизни Хитойдан олиб келиб берамиз” деб катта таклифларни берган¸ дейди Умиджон.

Умиджоннинг фикрича, аксарият ўзбекистонликлар учун мамлакат ичкарисидаги бозорлардан харж қилишдан бошқа имкон қолдирилмаслиги Абу-Саҳий фирмаси хизматларидан фойдаланадиган савдогарлар бозорини чаққон қилади, бу эса албатта президентнинг қизларидан бирига тегишли фирма учун ҳам янада кенгроқ имконият очиб беради.

- Ўзбекистонда оддий фирмалар қатори хизмат кўрсатаман деса¸ ҳеч қанақа натижага эришмайди. Ҳукумат шунақа чегаралаб бораверадики¸ одамлар Абу-Саҳийнинг хизматидан фойдаланишга мажбур бўлаверади. Нимагаки¸ Абу-Саҳий давлат қонунларини сакраб ўта олади¸ дейди Умиджон.

Овози ёзиб олинмаслиги шарти билан гапирган Абу-Саҳий фирмаси мижозларидан бирининг айтишича, бу ширкат президентнинг кенжа қизи Лола Каримовага тегишлидир. “Опага” тегишли Абу-Саҳий нафақат хориждан молларни келтириш билан шуғулланадиган монополистдир, балки савдогарларолди-берди қилиши шарт бир улкан ширкатга айланган, дейди бу суҳбатдошимиз.

Бошқа томондан¸ савдогарлар учун ҳам бу маълум қулайликларни яратади, деб давом этади тадбиркор, чунки Абу-Саҳий фирмасининг эмблемаси ёпиштирилган қутиларни ҳеч ким текширмайди ва ортиқча муаммолар пайдо бўлмайди.

Мухбирингиз Абу-Саҳий фирмасига ўзини потенциал мижоз, дея таништириб қўнғироқ қилди.

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Бу Абу-Саҳий фирмасими?

- Ҳа.

Озодлик: Яхшимисиз ака. Мен бир масалада телефон қилаëтган эдим. Сизларни тавсия қилишган эди. Мен Хитойдан кийим-кечак¸ компьютер техникаларини олиб келмоқчи эдим. Шунга энг осон йўли...

- Хитойданми?

Озодлик: Ҳа.

- Хитойдан бўлса¸ унинг номери биздамас.

Озодлик: Мен Фарғонада дўкон очмоқчи эдим. Яна қайси нималардан олиб келса бўлади?

- Бизлар фақат Туркия ва Дубай қиламиз. Хитойнинг номери бошқа. Ҳозир сизга номерини айтвораман. Телефонни қўймай туринг.

Озодлик: Бу Хитойдан олиб келадиган ҳам Абу-Саҳийми?

- Ҳа.

Озодлик: Дубай¸ Туркия деяпсиз. У ëқдан нималар олиб келса бўлади?

- У ëқдан мобил телефон¸ озиқ-овқат¸ дори-дармондан бошқа ҳамма нарса олиб келса бўлади.

Озодлик: Йўл-йўриғи қанақа бўлади бунинг? Қанақа қилиб гаплашсак бўлади?

- Қайси маънода? Нимани билмоқчисиз?

Озодлик: Олиб келиш шароитлари. Растаможкасини ҳам бўйинларингизга оласизларми?

- Ҳа. Бизларга фақат пул тўлаб олиб чиқиб кетасиз.

Озодлик: Хизмат ҳаққи қанақа бўлади?

- Бу олиб келган нарсангизга боғлиқ. Агар оғир нарса бўлса килосига¸ енгил нарса бўлса¸ кубига қараб олинади.

Озодлик: Сизлар гарантия берасизлар-а?

- Ҳа¸ дейди Абу-Саҳий вакили.

“Саҳий” суҳбатдошим товарни ўзим олиб келгандан кўра, фирма орқали олиб келишим арзонроқ тушиши ва Абу-Саҳийнинг “опага” тегишли эканини ҳам тасдиқлади.

- Ўзингиз растаможка қилгандан кўра¸ биз орқали олиб келганингиз арзонроқ тушади.

Озодлик: Яқинда растаможка қимматлади. Абу-Саҳий орқали олиб келсанг¸ арзон қилиб беришади дейишган эди.

- Бизлар орқали арзонроқ тушади.

Озодлик: Фирманинг опага қарашли экани ростми?

- Ҳа¸ дейди Абу-Саҳий вакили.
XS
SM
MD
LG