Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:12

Марҳум муҳожирни кўмишга ëрдам бермоқчилар кўпаймоқда


Дилшод Султонов тирикчилик илинжида Россияга келаëтган миллионлаб ватандошлари каби бу ерда оғир ишларда меҳнат қилган.
Дилшод Султонов тирикчилик илинжида Россияга келаëтган миллионлаб ватандошлари каби бу ерда оғир ишларда меҳнат қилган.

2009 йилнинг 27 декабр куни ўлсам ватанимда ўлай¸ деган илинжда йўлга отланган 25 ëшли хаста Дилшод Султонов бир бекат йўл юрмай ҳаëтдан кўз юмди. Шундан бери унинг жасади Новосибирск ўликхонасида. Бу ҳақдаги хабар ортидан Озодликка марҳумни тупроққа қўйишда ëрдам бериш истагида бўлганлардан сўровлар келмоқда.

11 феврал куни Озодликнинг Эркин микрофон рукнига Новосибирскда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири телефон қилиб, мана бу хабарни айтди:

- 27 декабр куни Шаҳрисабздан Новосибирскка келган 25 ëшли бола касалланиб ўлиб қолди. Ҳозир уни олиб кетишга ота-онасининг иложи бўлмаяпти. 45 кундан бери моргда ëтибди¸ деган эди Новосибирскдан телефон қилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Бу хабар тирикчилик ўтказиш мақсадида дунёнинг турли нуқталарига сочилиб кетган миллатдошларимизни бефарқ қолдирмади.

Таҳририятимизга ўнлаб одам 45 кундан бери Новосибирск вилоят Черепанов туманидаги ўликхонада ётган Дилшод Султонов жасадини Ўзбекистоннинг Шаҳрисабз шаҳрига жўнатилиши учун моддий ёрдам кўрсатишга тайёр эканликлари ва бу ёрдамни қайси ҳисобга ўтказиш мумкинлигини сўраб мурожаат қила бошладилар.

Бу мурожаатларга жавоб топиш мақсадида Дилшод Султонов жасади сақланаётган Новосибирск ва унинг Шаҳрисабздаги оиласига телефон қилдик. Мақсадимиз бу оилага ёрдам кўрсатмоқчи бўлганлар сўраётган банк ҳисоб рақамларини аниқлаш эди.

Бироқ телефон мулоқотларимиз асносида ҳозирда жасади тупроққа қўйилишга зор бўлиб турган ëшгина йигитнинг қисқа умр ҳикояси ва унинг камсуқум табиати манзараси ҳам жонлана бошлади.

Шунинг учун мана шу оддий инсон тақдирини ҳикоя қилишга қарор қилдик.

Гапни Дилшоднинг Россияга жўнашидан бошласак.

- 2007 йил январда “Ишлаб келаман ака. Агар ишларим яхши бўлса¸ тўрт-беш ойда қайтиб келаман” деб кетган эди. Шу билан кетди. Телефонлашиб турардик¸ деди Дилшод Султоновнинг акаси Фарҳод.

Бироқ Дилшоднинг ҳаёти Россияда осон кечмади. Унга иш ваъда қилиб Россияга олиб борганлар Дилшодни Новосибирскнинг Оях қишлоғида ёлғиз ташлаб кетган эканлар. Бу ерда унга Ольга Сабаҳова бошпана беради.

- У менинг уйимда ўғлимдай яшар эди. Уни бу ерга олиб келган ўзбек ташлаб кетган. Шундай қилиб у менинг уйимда бошпана топди. Менга ўғлимдай бўлиб қолган эди. Мени тутинган онаси қатори кўрарди, дейди Олга Сабаҳова.

Орадан кўп ўтмай Дилшод Новосибирск вилоятининг бошқа бир шаҳрига ишга жойлашади ва у ерда уйланади. Маълум бўлишича, у яқиндагина қиз кўрган. Бироқ унинг аёлининг манзили ва телефонини ҳеч ким билмагани учун у билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Олга Сабаҳованинг айтишича, сўнгги марта Дилшод Султонов декабр ойида унга касалхонадан телефон қилган. Касаллиги туфайли 27 декабр куни Ўзбекистонга кетаётганини, у ерда даволаниб яна Новосибирскка қайтишини айтган.

Бироқ Дилшод Ўзбекистонга етиб боргани ҳақида Олга Сабаҳовага маълум қилмаган. Бундан хавотирга тушган аёл Дилшодни қидиришга тушган ва ниҳоят уни 3 феврал куни Новосибирск вилоятининг Черепанов шаҳридаги ўликхонадан топган.

- У вокзал перронида вафот этган. Дилшод ўзини ёмон ҳис қилгани учун уни поезддан тушириб қўйишган. Аниқлашимча, тез ёрдам етиб келгунича у вафот этган. Мен уни қидириб 3 феврал куни ўликхонадан топдим. Ўликхона ходимларининг айтишларича, жасад 27 декабрда у ерга келтирилган. Кейин бир неча кун Дилшоднинг Ўзбекистондаги ота-онасини изладим. Уни дафн қилиш масаласида унинг оиласи билан келишишим керак эди. Мен ўликхонага телефон қилиб, жасадни бировга берманглар, уни Ўзбекистондаги қариндошлари билан бирга ўзим олиб кетаман, деб айтдим, дейди Олга Сабаҳова.

Шу кунларда Олга Сабаҳова Шаҳрисабздан Новосибирскка Дилшоднинг акаси Фарҳод Султоновнинг келишини кутмоқда.

Фарҳод Султоновнинг айтишича, унга 2009 йилнинг 30 январида Дилшоднинг хотини телефон қилган ва эрини ўзи кўмишини айтган. Бироқ Фарҳод Олга Сабаҳовадан укасининг жасади ҳалигача дафн қилинмаганини эшитгач, жуда ёмон аҳволга тушган.

- Мен энди хотини олади деб ўйладим. Хотини “Бизлар оламиз. Ҳаракат қилиб олиб нима қиламиз” деди. Кейин оғайниси телефон қилди. Кейин Олга опа телефон қилди. “Бораман” дедим. Энди келди-кетди бўлади. Мен ўзим туришим керак. Шунга ҳаракат қилиб ëтибман. Олга опага ҳам телефон қилдим. Олга опа менга “Биз она-бола тутинганмиз. Менга ўғлимдай бўлиб кетган эди” деган эди¸ дейди Дилшоднинг акаси Фарҳод.

Айни пайтда Дилшоднинг оиласи 45 кундан ортиқроқ ўликхонада сақланган жасадни Новосибирскда дафн этиш тўғрироқ бўлади, деган қарорга келишган. Ҳозир Шаҳрисабзда Фарҳод Новосибирскка бориш учун қариндош-уруғларидан, Олга Сабаҳова эса Дилшодни дафн этиш учун Новосибирскдаги таниш-билишларидан маблағ йиғмоқда.

- Бу ерда мен, у ёқда Фарҳод пул йиғаяпти. Фарҳод келиши билан Дилшоднинг жасадини олиб, уни мен яшаб турган қишлоққа дафн этамиз, деди Олга Сабаҳова.

Дилшод Султоновнинг дафн этилишига моддий кўмак кўрсатиш истагида бизга мурожаат қилган тингловчиларимизга эса айтадиганимиз мана бу:

Ҳозирча¸ марҳумнинг Шаҳрисабздаги яқинлари ва унинг жасадини Россияда дафн қилмоқчи бўлаëтган¸ Дилшоднинг тутинган онаси Олга Сабаҳова Озодлик муштарийлари таклиф қилаëтган ëрдамни қай усул олишни билмайроқ туришибди.

Дилшоднинг Шаҳрисабздаги яқинлари бу ёрдам марҳум дафн этиладиган қишлоққа, яъни Олга Сабаҳова номига жўнатилса яхши бўларди, деган фикрдалар.

Агар бу савол билан Новосибирскдаги Олга Сабаҳова билан боғланиш истагида бўлсангиз¸ марҳамат у кишини +007 903 936 72 95 рақамидан топишингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG