Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:56

44. Вандализм


Олмонлар қадимда ёвқур халқ бўлган.

Улар Европани зир титратган: ўтганнинг ўроғини, кетганнинг кетмонини тортиб олаверган. Ғайрат-шижоати ичига сиғмаган вандал қабиласи олмонлар таркибидан ажралиб чиқиб жануб томон йўл олади. Йўл-йўлакай учраган шаҳарларни талон-тарож қиладилар ва Ўрта Ер денгизидан ўтиб Шимолий Африкани забт этадилар. Забт этилган ўлкада қироллик давлати барпо этилади. Бу қадимги дунёдаги илк қироллик давлати бўлиб, унинг асосчилари олмонларнинг Вандал қабиласи аъзолари эди. Вандаллар мустақил давлат барпо этгандан кейин ҳам бир жойда тиниб-тинчимайди: ўн беш йил мобайнида куч тўплаб ўзига келиб олгач, 455 йилда Римга қарши қўшин тортиб борадилар. Антик маданият маркази ер билан яксон қилинади, ёдгорликлар бузиб ташланади, шаҳарга ўт қўйилади. Салкам юз йил давомида Вандаллар давлати Европани ётқизиб-турғазади. Охири бўлмайди, ўша замонларда куч-қудрат тимсоли ҳисобланган Византия Вандалларга қарши муҳораба эълон қилади ва 534 йилда Вандал давлати батамом йўқотиб юборилади, вандал қабиласига мансуб жамики аҳоли қиличдан ўтказилади, хотин-қизлар эса аскарларга жазман сифатида тақсимлаб берилади. Вандал давлати, Вандал қабиласи ер юзасидан йўқотиб юборилганига 1475 йил бўлган эса-да, вандализм атамаси тарихда сақланиб қолади. Балки, аскарларга тақсимлаб берилган вандал хотин-қизларидан туғилган ҳаромзодалар ҳам бутун дунёга тарқалиб кетгандир...

Куни кеча пойтахтимизда бир гуруҳ вандаллар томонидан ваҳшиёна жиноят содир этилди. Улар ярим кечаси собиқ Мирзо Улуғбек боғида ўрнатилган шоир Ғафур Ғулом ҳайкалига бошдан-оёқ қора мой сепиб ўт қўйиб юбордилар. Қора мойга кислота аралаштирилгани учун ловуллаб ёнаётган ҳайкал бор бўйича парчаланиб таглик устига қулаб тушди. Ўт ўчирувчилар етиб келган чоғда ҳайкалдан ном-нишон қолмаган эди.

Прокуратура, ички ишлар бошқармаси ва махсус хизмат ходимлари ҳамкорликда тузган қидирув-тергов гуруҳи хориждаги ҳомийлари томонидан молиялаштириб турилган маҳаллий вандаллар уюшмасини жиноят содир этилган жойдан унча узоқ бўлмаган Дўмбиробод маҳалласида қўлга олди. Ҳозир тергов жараёни қизғин давом этяпти.

Ман, эй одамзот, огоҳ бўлинглар, огоҳ бўлинглар, огоҳ бўлинглар деб юз марта айтганман. Эҳтимол, минг марта айтган бўлишим ҳам мумкин. Тарихдан маълумки, машҳур чех ёзувчиси Юлиус Фучик ҳам ўзининг ўлмас “Дор остидаги сўз” асарида: “Одамлар, огоҳ бўлинглар!” деб жаллод кундасига бошини қўйган эди. Юлиус Фучикни азиз жонидан жудо қилган жаллодлар ҳам, аслан, ўша Вандал хотин-қизларидан тарқалган ҳаромзодалар эди.

Вандаллар бугун биз ўрнатган ҳайкалга ҳужум қилди, эрта-индин улар ўзимизга ташланиб қолиши ҳеч гап эмас. Хўп, ҳайкални ҳимоя қилолмадик. Энди ўзимизни ҳимоя қила оламизми? Ҳимоя дегани нима? Бу саволга жавоб топиш учун 1981 йилда Москвадаги “Рус тили” нашриётида чоп этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га мурожаат этайлик (агар яқинда Тошкентда нашр этилган беш жилдлик “изоҳли луғат”дан иқтибос келтирсам, биламан, Юртменбоши ўзи айтиб туриб ёздирган китобдан мисол келтиряпти деган шубҳа-гумон уйғониши мумкин):

“1. Бирор ишда ёрдам бериш; ҳомийлик; мадад.

2. Хавф-хатар ёки ҳужумдан сақлаш, қўриқлаш, муҳофаза; мудофаа. Мисол: “Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир комсомол аъзосининг муқаддас бурчидир”. “ВЛКСМ Устави”дан.

3. Илгари сурилган ўз фикр-мулоҳазаларининг эътироф этилишига эришиш; ёқлаш...”

“Изоҳли луғат”да айтилган таърифга қўшимча қилиб, ман ҳам ҳимоя дегани – аввало огоҳ бўлиш демак деб айтган бўлардим. Ҳой, барака топкур, агар сен қандайдир бемаъни ишларни, қабиҳ ниятларни, ёвуз кучларнинг хатти-ҳаракатини, башарасини кўрдингми, бепарво бўлма! Бундай пайтда дарҳол керакли жойга “ишонч телефони” орқали хабар бергин! Кўпчилик сўзак ёки сифлис касалига йўлиққан беморлар “ишонч телефони” орқали врачларга мурожаат этиб, улардан йўл-йўриқ сўрайди деб ўйлайди. Йўқ, барака топкур, жинсий касалликлар тўғрисидаги маълумотлар¸ албатта¸ сир сақланади, лекин Ватан муҳофазасига доир маълумотлар ҳам сир сақланади. Қолаверса, Ватан ҳимояси йўлида фақат аноним маълумот етказиш билан чекланмасдан, керак бўлса, жон бериш керак. Сўзак ёки сифлис касалининг оғир формасига йўлиқиб шармандаю шармисор бўлиб ўлиб кетгандан кўра, Ватан ҳимоячиси сифатида қаҳрамонларча ўлиб кетган афзал эмасми?!

Огоҳ бўлинг, одамлар!
XS
SM
MD
LG