Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:55

Ҳамас етакчиси ўлимида Моссад гумонланмоқда


Исроил Ташқи ишлар вазири¸ билдирилаëтган гумонлар юзасидан ўз ҳукумати жавоб бермаслигини билдирди.
Исроил Ташқи ишлар вазири¸ билдирилаëтган гумонлар юзасидан ўз ҳукумати жавоб бермаслигини билдирди.

Буюк Британия ва Ирландия ҳукуматлари Дубайда Ҳамас ҳаракати етакчиларидан бирининг ўлдирилишида ҳар иккала давлат қалбаки паспортларининг қандай қилиб аралашиб қолгани юзасидан тергов ишлари олиб бормоқда.

Буюк Британия ва Ирландия ҳукуматлари Исроилнинг Лондон ва Дублиндаги элчисидан Ҳамас дала қўмондони қотиллигида гумон қилинаётган шахсларнинг қандай қилиб Британия ва Ирландиянинг сохта паспортларига эга бўлганини тушунтириб беришни сўради.

Буюк Британия Бош вазири Гордон Браун қалбаки паспортлар атрофидаги бўҳрон тўлақонли тергов қилиниши талаб қилгандан сўнг, Исролнинг Лондондаги элчиси Рон Просор зудлик билан Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди.

Ирландия Ташқи ишлар вазири Мишел Мартин ҳам ушбу масалага жиддий ёндашиш лозимлигини таъкидлаб, Исроил элчисидан бу масалада жавоб кутаётганини билдирди.

Яқинда Дубай полицияси Мабҳуҳнинг қотиллари, деб гумон қилинаётган 11 нафар чет элликка қидирув эълон қилди.

Ушбу шахслардан олти нафари Буюк Британия, уч нафари Ирландия ва икки шахс Германия ҳамда Франция паспортларига эга бўлган. Қидирувдаги камида етти шахснинг исм ва паспорт маълумотлари ҳозирги кунда Исроилда истиқомат қилувчи етти шахс маълумотлари билан тўғри келган.

Қидирувдаги Британия паспорти эгалари дейилаётган шахсларнинг Исроил ва Буюк Британия фуқаролигига эга бўлгани аниқланди. Бироқ бу шахслар қотиликка алоқаси йўқлигини таъкидламоқдалар.

- Мен бундан ҳайратга тушдим, нима бўлаётганидан умуман хабарим йўқ. Мен ҳақимдаги маълумотларни ким ва қандай қилиб олганидан умуман хабарим йўқ. Икки йилдан буён мен Исроилни тарк қилмаганман ва Дубайда ҳам ҳеч қачон бўлмаганман. Бунинг ортида ким турганини мен билмайман. Мен қўрқувдаман. Бу қандайдир кучларнинг ишидир, дейди гумондор шахслар рўйхатига кириб қолган исроиллик Стефен Ҳодес.

Айни пайтда Буюк Британия ва Ирландия ҳукуматлари барча паспортларнинг сохта бўлганини таъкидламоқда. Буюк Британиянинг Жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси ҳам Дубайда ишлатилган паспортлардаги расм ва имзоларнинг Британияда берилган асл паспортларга мос келмаслигини билдирди.

Ирландия Ташқи ишлар вазири Мишел Мартин ҳам Дубайда ишлатилган Ирландия паспортлари муддати тугаб бўлгани ва ушбу паспортлар умуман бошқа шахсларга берилганини таъкидлади. Вазир ўз идорасининг айни пайтда ушбу паспортларнинг аввалроқ йўқолгани ёки ўғирланганини аниқлашга уринаётганини маълум қилди.

Дубайдаги қотилликда гумон қилинган шахсларга оид маълумотлар ошкор қилингач, барча айбловлар Исроилнинг хавфсизлик хизмати Моссад томон ёғила бошлади.

Исроил Ташқи ишлар вазирининг бу борада берган баёноти эса ушбу қотиллик атрофидаги жумбоқларни янада чигаллаштирди.

Исроил армияси радиосига интервью берган Авигдор Либерман қисқа қилиб “Исроил ҳеч қачон жавоб бермайди, тасдиқламайди, инкор ҳам қилмайди”, дея таъкидлади.

Айни пайтда Бирлашган Араб Амирлигининг "Al-Bayan" нашри Дубай полицияси раҳбарининг “Ҳамас дала қўмондони Маҳмуд ал-Мабҳуҳни ўлдирганликда гумон қилинган шахсларнинг барчаси ҳақиқий паспортдан фойдаланган”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Фаластиндаги Ҳамас ҳаракати эса ушбу қотиллик ортида Исроил турганини шубҳа қилмаслигини билдирдиган бўлса, ҳаракатнинг қуролланган қаноти Ал-Мабҳуҳ ўлими учун Исроилдан ўч олишга ваъда берди.

Ҳамас дала қўмондони Маҳмуд ал-Мабҳуҳ ўтган ой Дубайда ўлдириб кетилган эди.
XS
SM
MD
LG