Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:29

"Ўзбекистоннинг бош порахўрлари" ишдан олинди


Оддий ўзбекистонликларга кўра¸ Ўзбекистон маориф ва олий таълим муассасалари бошдан-охир порахўрлик гирдобига ботган.
Оддий ўзбекистонликларга кўра¸ Ўзбекистон маориф ва олий таълим муассасалари бошдан-охир порахўрлик гирдобига ботган.

Мамлакатдаги таълим масканларини бозорга айлантириб¸ миллат тараққиëтини ортга тортган шахслардан деб аталган Ўзбекистон Халқ таълими вазири Ғайрат Шоумаров ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Азимжон Парпиев бир кунда лавозимидан бўшатилди.

Бу хабарни аниқлаш мақсадида иккала вазирликнинг кадрлар бўлими билан телефон орқали боғландик. Аниқлашимизча, икки вазирликнинг бошчилари ҳам 26 феврал куни президент Ислом Каримов қарорига кўра ишдан бўшатилган.

Дастлаб Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кадрлар бўлими билан боғландик.

Озодлик:
Азимжон Парпиев ишдан олинди деган хабар эшитдик. Ҳозир сизларнинг сайтга кирган эдик¸ вазир деган жойда вакант деган ëзувни кўрдик. Шу бўйича сўрамоқчи эдик. Ҳақиқатан ҳам шунақами?

- Ҳа¸ шунақа.

Озодлик: Қачон ишдан кетди?

- 26 февралда.

Озодлик:
Нима сабабдан кетди?

- Сабаб президент қарори¸ дейди Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги кадрлар бўлимида телефон гўшагини кўтарган ходима.

Ўзбекистон Халқ таълим вазирлиги кадрлар бўлими ходимидан ҳам айни мазмундаги жавоб бўлди.

- Мен кадрлар бошқармасининг мутахассиси Фаррухман.

Озодлик: Вазир Ғайрат Шоумаров ишдан олингани бўйича бир материал ўқиб қолдик. Сизларнинг сайтга кирсак¸ вазир деган жой бўш турганига гувоҳ бўлдик. Шунга ўзларингиз билан гаплашмоқчи эдим.

- Вазир 26 февралдан бўшаган опа.

Озодлик: Нима учун?

- Президентнинг укази чиққан. Нима учунлигини билмайман.

Озодлик: Бирор бир сабабга кўра ишдан олингандир.

- Ундан менинг хабарим йўқ¸ дейди Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги кадрлар бўлими мутахассиси Фаррух.

Суҳбатларда тинглаганингиздек, вазирларнинг ишдан олиниши ҳақидаги хабарни ҳар иккала вазирлик кадрлар бўлими тасдиқлади¸ аммо вазирларнинг нима сабаб билан ишдан бўшатилганига изоҳ беришни истамади.

Ўзбекистонда одатда ҳукумат доирасидаги амалдорларнинг ишдан кетиши, раҳбар шахсларнинг алмашинуви сабаблари эл-юртга номаълум қолади.

Айрим манбаларга кўра¸ вазирларнинг ишдан бўшатилиши таълим соҳаси куратори ҳисобланган Рустам Қосимовнинг яқинда ҳукумат таркибидан четлаштирилиши билан бевосита боғлиқдир.

Олий таълим соҳасида фаолият кўрсатган, ўзбекистонлик кекса журналист Шароф Убайдуллаев икки вазир - Ғайрат Шоумаров ва Азимжон Парпиевнинг ишдан бўшатилганини ушбу соҳаларда коррупциянинг авж олиб кетгани билан боғлайди.

Шароф Убайдуллаев бу икки шахснинг ишдан олингани камлик қилиши, уларни жиноий жавобгарликка тортиш шарт деб ҳисоблайди.

- Уларни фақат ишдан олиш жуда камлик қилади. Ҳар иккаласини ҳам Ўзбекистоннинг бош порахўрлари деб биламан. Айниқса¸ Ғайрат Шоумаров ҳақида. Бу одамнинг нақадар порахўр эканлигини ўз пайтида президент аппарати¸ министрлар совети ва яна қайси идора бўлса қайта-қайта ëзганман¸ айтганман¸ қичқирганман¸ ҳайқирганман. Лекин порахўрлар доимо порахўрларни ҳимоя қилиб келган. Ниҳоят буларнинг ниқоби йиртилган бўлса¸ порахўрлиги очилган бўлса¸ фақат ишдан олинганлиги кифоя эмас, мутлақо кифоя эмас. Бу одамлар ўзбек халқини шу даражада орқага тортдики¸ ўсиб келаëтган ëш авлоднинг ризқига қўлини чўзган¸ шуларнинг камолини кўришни истамаган¸ илм даргоҳларида¸ ўқув даргоҳларида туриб порахўрлик билан шуғулланган бу инсонларнинг фақат ишдан олиниши кифоя эмас деб биламан, дейди Шароф Убайдуллаев.

Айни пайтда ушбу икки вазирнинг ишдан олиниш сабаблари борасида бирор бир расмий ахборот мавжуд бўлмасада, айрим интернет сайтлари уларнинг жиноий жавобгарликка тортилиб, қора курсига ўтиришини тахмин қилишмоқда.

Хабарларга кўра, шу кунларда мамлакатдаги айрим нуфузли мактаблар, коллеж ва лицейлар раҳбарларига нисбатан ҳамда Олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари топшириш пайтидаги порахўрликлар билан боғлиқ ўнлаб жиноий ишлар қўзғатилган. Икки вазирнинг ишдан олиниши ушбу ҳолат билан боғлиқ эканлиги ҳам айтилаяпти.

Озодликнинг аввалги эшиттиришларидан бирида айнан собиқ вазир Азимжон Парпиев раҳномалигида Наманган Давлат университетида порахўрлик ва таниш билишчилик авж олаётгани ҳақида гапирилганди.

Университет ўқитувчиларига кўра, Азимжон Парпиевнинг яқин одамларидан бири деб айтилаётган ректор Йўлдош Раҳимов университетда мутлақ якка ҳокимлик ўрнатган, унинг ноқонуний ишларига қарши борган ўқитувчиларни ишдан бўшатган, илмий салоҳияти бўлмаган ўқитувчиларни катта вазифаларга қўйган.

Биология фанлари номзоди, доцент Алижон Обидов билим даргоҳидаги порахўрлик ҳолатларидан шахсан Бош вазир жаноблари ҳам манфаатдор бўлганлигини тахмин қилади.

- Ўқишга пул тўлаб кираяптими¸ шунга қизиқадиган круг бор. Шуни Олий таълим вазири билмайди¸ деса уни галварс деган бўлардим. Жуда билган. Айниқса бу ерда бизнинг ректор чопқир. Парпиев ҳар ҳафтада 10 марта келиб бу ерда у билан бирга бу йилги қалбаки ишларининг ҳаммасини ëпиб юришган эди. Иккаласи бир жойдан. Булар таниш, дейди Алижон Обидов.

Домла Обидов бугун вазирлар ўзгаргани билан таълим тизимидаги вазиятни ўнглаш қийинлигини айтиб, Наманган Давлат университетидаги аҳволни бунга мисол тарзида келтиради.

- Таълим соҳасини қайта кўриб чиқмаса¸ тубдан ўзгаришига ишонмайман. Чунки талабаларни курсда қолдириш мумкин эмас. Келмаганга ҳам мажбур баҳо қўйиб берасан деган нарса. Бунга умуман чидаб бўлмайди. Талабаларнинг дипломлари очиқдан очиқ 200-300 долларлаб бўлаяпти. Болаларни тўлиқ программада кўрсатилган нарсани ўқитмасдан паст кетаëтгани аниқ. Қўшиб ëзишлар¸ бошқалар бор. Мана дарсларнинг ўтилмаëтгани аниқ. Биология факултетига Облоно ҳар йили 15-20 нафар бола сўрайди. Бу йил 85 нафар бола ўқишни битиради. Қолган 70 нафари қаерда ишлайди? Ҳатто ўқийдиган хоналар¸ қуроллар етишмаслиги аниқ. Ҳатто биология ўқитувчиси бўлиб чиқиб кетаëтганлар биологияни билмайди¸ микроскопни билмайди. Мен келажакдаги маориф кадрларининг кучсизлигидан хавотирдаман, дейди Алижон Обидов.

Шароф Убайдуллаев ҳам икки вазир ўрнига бошқалари келиши мамлакатдаги коррупция билан боғлиқ вазиятни ўзгартиришига шубҳа билдирса-да¸ ушбу соҳаларда ислоҳатлар даври келганига умид ҳам қилади.

- Бизда¸ афсуски¸ Олий таълим системаси порахўрликка¸ коррупцияга тишидан тирноғигача ботиб кетдики¸ мамлакатнинг мана шу соҳаси мутлақо порахўрларнинг қўлига топшириб қўйилган. Қабул пайтида улар шу даражада шерга айланадики¸ хоҳлаган ўйинларини кўрсатадилар. Мен ўйлайманки¸ ўқув даргоҳидаги¸ олий таълим¸ халқ таълими соҳасидаги битта-иккита вазирнинг қулоғини кесиб ташлаган билан¸ бўйнини узиб ташлаган билан бу системанинг илдизига етиб бориб бўлмайди. Бу ерда халқ назорати бўлмас экан¸ коллектив назорати бўлмас экан¸ ошкоралик бўлмас экан бу соҳаларни тозалаб бўлмайди. Бу ерда жуда катта ислоҳотлар кутиб турибди. Мана шундай ўзгаришлар бўлган бўлса (икки вазирнинг ишдан олинишини назарда тутаяпти- таҳр) ўйлайман¸ ҳақиқий ислоҳотлар даври келаëтган бўлса ажаб эмас, дейди Шароф Убайдуллаев.

Профессор Файзулла Исҳоқов эса икки вазирнинг ишдан олиниши билан мамлакатнинг ўқув тизимидаги порахўрликни тўхтатиб бўлмаслигини айтади.

- Вазият ўзгармайди. Чунки порахўрлик фақат таълим соҳасида эмаску. У ҳамма соҳаларда ва пастдан тепагача ҳамма даражада бор. Ҳамма жойда газак олиб кетган у. Уни тузатиш учун астойдил қаттиқ сиëсий ҳаракат¸ интилиш бўлиши керак, дейди Файзулла Исҳоқов.

Иқтисод фанлари доктори, профессор 62 ёшли Азимжон Парпиев 2008 йилнинг 3 январидан бошлаб Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимида ишлаб келган. Дастлаб у ушбу вазирликда вазирнинг биринчи ўринбосари, ундан аввал эса Тошкент тўқимачилик институти ректори бўлган.

Халқ таълимининг собиқ вазири 62 ёшли Ғайрат Шоумаров эса 2008 йилнинг 28 апрелида ушбу лавозимга тайинланган. Психология фанлари доктори, профессор Шоумаров Жаҳон тиллари давлат университети ректори бўлган.

Айни пайтда икки вазирликдаги вазир лавозими вакант бўлиб турибди.
XS
SM
MD
LG